41 та қуш ва 10 та қуён ўз ҳолига ташланган

12:30 - 14.01.2022

11

Бош прокуратуранинг Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Айдар-Арнасой кўллар тизими инспекцияси аниқлаган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишда қонунчиликка риоя қилиниши текширилди.

Текширишда Айдар-Арнасой кўллар тизими инспекцияси кўриб чиққан 75 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома асосида олиб қўйилган 41 та қуш, 3 та типратикан, 10 та қуён ва 59 ҳолатда жами 2266 кг балиқ, 31 та баённома асосида олиб қўйилган 11 та овчилик гувоҳномаси, 7 та ов қуроли рухсатномаси, 8 та ов қуроли, 6 та қўндоқ ва 60 та тўр бўйича қабул қилинган қарорда олиб қўйилган ашёлар ва ҳужжатлар тўғрисидаги масала ҳал этилмасдан қолган.

Ҳукуматнинг 2014 йил 20 октябрдаги 290-қарори билан тасдиқланган «Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 117-бандига асосан инспекторлар ноқонуний тутилган маҳсулотни олиб қўйиши ҳамда қайта ишловчи ва савдо ташкилотларига (шартномавий баҳода) бериши лозим.

Шунга қарамасдан, олиб қўйилган 2266 кг балиқнинг 1240 килоси савдо ташкилотларига юкхат орқали бозор нархида берилмаган, 41 та қуш ва 10 та қуён тарқатилгани ёки сақлашга берилгани назорат қилинмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Низомнинг 120-бандида 5 килограммдан ортиқ бўлмаган миқдордаги ноқонуний тутилган балиқ уни аниқлаган шахсларга мукофот сифатида берилиши мумкинлиги белгиланган. Инспектор А.Абдуллаев фуқаро М.Қўшоқовни ҳужжатсиз 14 кг балиқ билан ушлаган ҳолат бўйича 2021 йил 29 мартда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, олиб қўйилган балиқ инспекторнинг ўзига ноқонуний берилган.