Жонажон ватанимизга хизмат қилиш — шарафли бурч

10:30 - 14.01.2022

31

Мамлакатимизда 14 январь Ватан ҳимоячилари куни сифатида катта тантана билан нишонланади. Бу бежиз эмас, албатта. Сиз билан бизнинг тинчлигимизга, тараққиётимизга камарбаста бўлаётган ватан ҳимоячиларини ҳар қанча эъзозласак арзийди.

Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда мудофаа ва хавфсизлик соҳаларига доир қонун ҳужжатлари ҳаётга тўлиқ татбиқ этилди. Бу оддий ҳақиқатни Қуролли кучларимиз нуфузи ва қудратидан ифтихор туяётган ҳарбийлар, муқаддас бурчини ўтаб қайтган ёки хизматга боришга шайланаётган минглаб йигитлар, уларни дуолари билан қўллаётган ота- оналару кексаларимиз, севимли ёри хизматдан қайтишини интиқ кутаётган мунис опа-сингилларимизнинг, ҳарбий акаларига ўхшаб ватанига содиқ фарзанд бўлиш иштиёқида ўсаётган ёшларимизнинг кайфиятидан ҳам яққол сезиш мумкин.

Бугун армия ва халқ якдиллигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларда давлат ҳокимияти органларининг роли беқиёс бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Таъкидлаш жоизки, ўз кучи, билими ва салоҳиятига таянган ҳолда ўз тақдири ва тараққиёт йўлини белгилашдек мутлақ ҳуқуқни, бу йўлдаги буюк аждодларимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқариш истиқлолимизни ҳимоя қилиш деганидир. Зеро, мустақиллик аталмиш олий неъматни асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз саналади.

Бу борада она ватанимиз мудофааси йўлида фаолият юритаётган Ўзбекистон армияси, унинг сафларида халқи ва Президенти учун садоқат билан хизмат қилаётган ҳарбийларимиз алоҳида эътирофга лойиқ.

Эътибор берадиган бўлсак, охирги йилларда Асосий қонунимиз меъёрлари асосида ҳарбий соҳага оид қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, армиямизнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди.

Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун имтиёз ва шароитлар, ҳуқуқий кафолатлар кўлами кенгайтирилиб, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи устувор даражага кўтарилди.

Ўтган йиллар давомида қўшинлар жиддий ислоҳ қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Қуролли кучларини ривожлантириш, ҳарбий жамоаларга уйғоқлик руҳини олиб кириш, жанговар тайёргарлик, таъминот ва бошқа йўналиш лардаги муаммоларни ҳал қилиш, армиянинг қиёфасини тубдан ўзгартириш учун жиддий ҳаракатлар қилинмоқда.

Дунёда содир бўлаётган ҳодисаларни, ҳарбий соҳадаги янгиликларни
таҳлил этган ҳолда ҳарбий хизматчилар илғор тажрибалар ва мутахассислигидан келиб чиққан ҳолда тайёрланаяпти.
Ўз навбатида, қонунчилигимизда ҳарбий хизматчиларга хизмат қилиш ва яшаш учун муносиб шароит яратиш, уларни ва оила аъзоларини хизмат уйи билан таъминлаш, тураржойни ижарага олганлик учун ҳар ойлик товон пули тўлаш, уйни хусусийлаштириш, хонадон сотиб олиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш ва белгиланган тартибда уй баҳосининг 50 фоизигача бўлган қисмини Мудофаа вазирлиги ҳисобидан қоплаб бериш, фарзандлари учун олий таълим муассасаларига киришда алоҳида квоталар ажратиш каби қатор имтиёзлар ҳамда бунга доир ҳуқуқларни амалга ошириш тартиби такомиллаштирилди.

Шунингдек, хорижий давлатларнинг мудофаа идоралари билан
ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида нуфузли ҳарбий академиялар ва марказлар билан тажриба алмашилди, тренинглар ўтказилди.

Дунёнинг етакчи мамлакатларининг мудофаа академия лари, стратегик тадқиқотлар марказлари вакиллари қатнашган тадбирлар долзарб масалалар бўйича хорижий экспертларнинг илмий қарашлари ва хулосаларини ўрганиш, соҳадаги энг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиш ва уларни таҳлил қилиш, Қуролли кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб бориш тажрибасини пухта эгаллаш имконини беради.

Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш ва руҳий тайёргарлигини юксалтириш йўналишида барча ҳаракатлар «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!»

деган ғоя асосида амалга оширилмоқда. Етакчи мутахассисларни
жалб этган ҳолда маърифий тадбирлар, буюк саркарда ва алломаларимизнинг илмий меросини ўрганишга бағишланган давра суҳбатлари ва семинарлар, китобхонлик кечалари ва танлови ўтказилди.

Қуролли кучлар тизимида ахлоқий-руҳий таъминот концепцияси ишлаб чиқилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳини юксалтиришга қаратилган бир қатор махсус тактик машқлар ўтказилди. Маънавий ва маърифий ишларнинг юқори савияда ташкил қилиниши натижасида ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳияти ошиб, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, фидойи ҳарбийлар сафи кенгаймоқда.

Шу ўринда таъкидлашни истардимки, 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини биз, ҳарбий прокуратура органлари ходимлари касб байрамимиз, яъни 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни қаторида нишонлаймиз. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 28 февралдаги «Ҳарбий трибуналлар ва ҳарбий прокуратура органлари тўғрисида»ги фармони билан республика ҳудудидаги ҳарбий прокуратура органлари Ўзбекистон Республикаси прокурорига бўйсундирилиб, собиқ Туркистон ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси негизида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий прокуратураси ташкил этилган эди.

Кейинчалик 1999 йил 30 март кунги «Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий прокуратурасини ташкил қилиш тўғрисида»ги фармон билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларида, ҳарбий идораларда ва вазирликлар ҳамда идораларнинг ҳарбийлаштирилган таркибий бўлинмаларида қонунчиликка риоя этилиши устидан тўлиқ ва самарали прокурор назоратини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси прокуратураси раҳбарияти таркибида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Респуб ликаси Ҳарбий прокурори лавозими жорий этилиб, ҳарбий прокуратура ходимларининг ҳарбий хизматчи ҳуқуқий мақоми ҳамда бу борадаги барча таъминот турлари, имтиёз ва кафолатлар сақлаб қолинган. Шу боис хизматимиз нуқтаи назаридан ҳам Ватан ҳимоячилари куни биз учун муҳим сана ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлиги халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти сифатида белгиланиб, одил судлов тизимининг чинакам мус тақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган.

Ҳарбий прокуратура маҳкамаси ва 14 та ҳудудий ҳарбий прокуратура ходимлари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан куч олиб, инсон қадр-қимматини таъминлаш, Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшиш учун ўз фаолиятига янгича ёндашув билан ватанга хизмат қилиб келмоқда.

Соҳада ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қўшинларда ҳуқуқ-тартибот ва юқори ҳарбий интизомни барқарор сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хил ижро этилишини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга. Ҳарбий прокуратура органлари томонидан қўшинларнинг қўмондонликлари билан ҳамкорликда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ёш авлодни ватанпарварлик, бурчга садоқат ва эл-юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш мақсадида ёшлар иштирокида ҳарбий қисм ва муассасаларда очиқ эшиклар куни ва турли анжуманлар, таълим даргоҳлари ва меҳрибонлик уйларида очиқ мулоқот, прокурорлик соати, «Прокурор ва ёшлар» учрашуви каби қатор тадбирлар ўтказилди. Уларда ёш ҳарбийлар, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва сафарбарлик чақируви резервида бир ойлик йиғинга жалб қилинганлар қамраб олинди.

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, янги қонун ҳужжатлари, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар, суд-ҳуқуқ, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ислоҳотлар моҳиятини тушунтириш учун давлат ҳокимияти вакиллари, Қуролли кучлар таркибидаги вазирлик ва идоралар қўмондонликлари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва чегараолди ҳудудларда яшовчи аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Очиқ мулоқотларда муаммоларни аниқлаб, ҳал қилиш мақсадида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ҳарбий пенсионерлар ва ёшлар ўртасида сайёр қабуллар ўтказилаяпти. Бу борадаги тадбирлар ҳарбий прокуратура органлари томонидан бу йил ҳам жадал давом эттирилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон армиясида хизмат қилаётган барча ҳарбий хизматчиларни, Қуролли кучларимиз фахрийларини, қолаверса барча юртдошларимизни Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли кучларимиз ташкил этилганининг 30 йиллиги байрами билан самимий табриклаймиз. Уларга оилавий тинчлик, хотиржамлик, саломатлик тилаб қоламиз. Ҳаётингиз доимо шараф ва зафарларга тўлиқ бўлсин. Ватанимиз осмони доимо мусаффо бўлиши учун ҳар доимгидек куч-ғайратингизни аяманг!

Шухрат УЗАКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари –
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори