Интизомни сусайтирган инспекция

16:30 - 13.01.2022

12

Бош прокуратуранинг Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Айдар-Арнасой кўллар тизими инспекцияси аниқлаган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишда қонунчиликка риоя қилиниши текширилди.

Текширишда Айдар-Арнасой кўллар тизими инспекцияси (2021 йил март ойига қадар кўллар тизими тезкор назорат гуруҳлари) фаолияти устидан идоравий назорат ва интизом бўшаштириб юборилгани, ходимларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараб келгани оқибатида ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган ашёлар ва қуроллар масаласини ҳал этмаслик, ноқонуний реализация қилиш, олиб қўйилиши лозим бўлган ашёлар ва қуролларни ҳуқуқбузарларда қолдириш, зарарни ҳаққоний ҳисобламаслик, жиноят аломати бўлган ҳужжатларни прокуратурага тақдим этмаслик ҳолатлари кенг тарқалгани аниқланди.

Қўмита томонидан Жиззах вилояти бошқармасининг 2021 йил 16 июнь ва 18 ноябрдаги ҳуқуқбузарлардан олинган ашёларни баҳолатиш учун 5 млн. сўм пул ажратиш ҳақидаги сўровлари қаноатлантирилмагани сабабли бошқармада ҳуқуқбузарлик ашёларини баҳолатиш ва ҳужжатларни судга юборишда жиддий муаммолар келиб чиққан.  Хусусан, 2021 йилда Жиззахда расмийлаштирилган 25 та, Навоийда расмийлаштирилган 6 та баённома олиб қўйилган 2082 та балиқ, 20 та қайиқ, 9 та қайиқ мотори, 5 та аккумулятор баҳоланмагани сабабли кўриб чиқиш учун судга юборилмаган ва ҳуқуқбузарлик ашёлари йўқ қилинмасдан, ноқонуний равишда ҳуқуқбузарларга қайтарилган. 

Ваҳоланки, МЖТКнинг 282-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома бошқа ҳужжатлар ва ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган органга (мансабдор шахсга) юборилиши керак эди.