Кўпинча кўмак сўраляпти

14:30 - 13.01.2022

18

Тахтакўпир тумани прокуратурасига 2021 йилда келиб тушган мурожаатларнинг 50 таси қаноатлантирилиб, 20 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Масалан, фуқаро Д.Сарсенбаеванинг ишга жойлашишда ёрдам сўраб ишонч телефонига қилган мурожаатини ўрганиш жараёнида мурожаат эгасининг туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлимига ҳамшира лавозимига ишга жойлашиши таъминланди.

Фуқаро А.Аймурзаеванинг моддий ёрдам ва қурилиш молларини олишда кўмак сўраб ёзган мурожаатини мутахассислар иштирокида ўрганиш натижасида ёрдам пули ажратилди. Шу билан бирга, туман прокуратурасининг ёрдами билан унинг янги қурилаётган уйи учун қурилиш моллари олиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, фуқаро Г.Сейтназарованинг неваралари учун нафақа тайинланмаганидан норози бўлиб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал қилинди ва фуқаронинг қонуний манфаатлари ҳимояси таъминланди.

Умуман олганда, туман прокуратураси томонидан 2021 йил давомида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижроси юзасидан ўтказилган текширишларда 2 та тақдимнома ҳамда 2 та шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ҳужжатлар қўлланилди.

Туман прокуратураси ходимлари томонидан сайёр ва оммавий қабулларда 434 нафар фуқарони қийнаб келаётган муаммолар имкон даражасида бартараф этилди.