Ҳамкорликда ўттиз йил

14:00 - 12.01.2022

41

Прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган тергов жараёнларининг адолатли якун топишида Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг алоҳида ўрни бор. Айнан экспертларнинг хулосаси билан аксарият жиноятлар қандай содир бўлганига ва жиноятчиларнинг шахсига ойдинлик киритиб келинмоқда.

Жиноятларни очиш ва одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ тергов органлари ҳамда судлар фаолиятида фан-техника ютуқларидан кенг фойдаланишга эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу масалада инсон тафаккурининг энг илғор ютуқларига асосланган суд экспертизасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бераётган кўмаги алоҳида аҳамиятга эга.

Айниқса, хуфиёна, гувоҳсиз содир этилган қонунбузарликлар бўйича кўп вазиятларда суд экспертларининг хулосалари иш бўйича асосий далил вазифасини ўтайди. Бундан ташқари, бир қатор муҳим фактлар фақат экспертиза орқалигина аниқланади.

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Тошкент илмий тадқиқот криминалистика лабораторияси сифатида ташкил этилган бўлиб, ўз фаолиятини 1951 йилнинг июнидан айрим турдаги ҳужжатшунослик экспертизаларини ўтказишдан бошлаган. 1958 йил 1 апрелда лаборатория асосида Марказий Осиёда биринчи Тошкент суд экспертизаси илмий тадқиқот институти ташкил қилинган. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг экспертиза хизматини ривожлантириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ марказга суд экспертизаси масалалари бўйича илмий-услубий ҳамда мувофиқлаштирувчи идора мақоми берилган.

Айни пайтда марказ нафақат суд экспертизасини ўтказиш, балки янги экспертиза турлари ва услубиётини жорий этиш бўйича ҳам кенг кўламли илмий тадқиқот ишларини амалга оширмоқда. Хусусан, олиб борилган илмий изланишлар натижасида кейинги икки йил ичида суд лингвистика, суд компьютер-техник, суд автомобиль йўллари, суд электротехника, суд психологик, озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаси каби янги экспертиза турлари яратилиб, суд экспертлик жараёнига татбиқ этилди. Ҳозир марказда амалга ошириладиган экспертиза турлари 50 тага етказилди.

Бу ерда экспертлик тадқиқотларининг жаҳон стандартларига мос келадиган замонавий, илмий даражада ўтказилиши учун барча шароит яратилган. Бугун марказда 7 та лаборатория, 3 та бўлим, 12 та вилоят бўлинмаси фаолият кўрсатади.

Прокуратура ташаббуси

– Юртимизда содир этилган 1999 йил февраль воқеаларини ҳанузгача афсус билан ёдга оламиз, – дейди марказнинг Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси бош эксперти Дилобар Аҳмедова. – Ўша портлашлар оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлди. Ҳатто шундай мурдалар топилганки, улар таниб бўлмас даражада бўлган. Яна айримлари бўлакларга бўлиниб кетган. Афсусланарлиси, ўша пайтда бу каби ҳолатдаги мурдаларнинг шахсига аниқлик киритилмасдан кўмиб юборилган. Сабаби юртимизда уларнинг шахсига аниқлик киритадиган лаборатория йўқ эди.

Яъни мана шу Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси ташкил этилмаганди. Портлашларда кимдир фарзандини, яна кимдир отасини, онасини, ака-ука, опа-синглисини йўқотган. Аммо уларнинг куйган ёки парчаланган бўлса ҳам танасини ерга қўя олмаган. Яқинларини йўқотган инсонлар бунга аниқлик киритиш учун давлат идораларига қилган кўплаб мурожаатлари жавобсиз қолди.

Балки шу сабаб бўлгандир, Бош прокуратура ташаббус билан чиқди. Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораториясини ташкил қилиш бўйича ҳукуматга таклиф киритди. Бунинг яна бир сабаби бедарак йўқолган инсонлар билан жиноят аломатлари билан таниб бўлмас даражада топилган мурдаларнинг боғлиқлигини текшириб бориш зарурати юзага келганди.

Таклиф қабул қилинди. Лаборатория очиладиган бўлди. Бу ишларга давлат етарлича маблағ ажратди. Энди лаборатория қайси идора қошида очилиши муҳокама қилинарди. Кимдир Соғлиқни сақлаш, кимдир Ички ишлар вазирлиги тасарруфида очиш кераклигини таъкидлади. Лекин Бош прокуратура мутасаддилари бу лаборатория айнан Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида ташкил қилинса, ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Шундан сўнг 2000 йилда керакли барча техникалар келтирилди ва марказимизда мазкур лаборатория ташкил қилинди.

Инсон яқин одамини йўқотганда қачон бироз бўлса-да, руҳан таскин топади? Уни қабрга қўйгандан кейин. Чунки ўлим ҳақ эканлигига одамзод ишонади. Энди яқин инсонининг на ўлигини, на тиригини тополган одам уни йиллар давомида кутади, мазкур жараёнда эса руҳан эзилиб бораверади. Шунинг учун халқ орасида «танасини қабрга қўйди, энди совуйди» деган гап бор. Мисол учун бир неча йил аввал Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида автобус ичида 52 нафар ватандошимиз ёниб кетганидан хабарингиз бор. Ўша пайтда таниб бўлмас даражадаги барча мурдаларнинг шахсига аниқлик киритилиб, улар эгаларига топширилди. Одам ДНКси суд-биологик экспертизасига тўхталадиган бўлсак, у шахс идентификацияси ва яқин қариндошликни аниқлашга қаратилган. Ушбу экспертиза турли сабабларга кўра ўтказилиши мумкин. Дейлик, тергов идораларидан яширинган жиноятчи ёки ўзи ҳақидаги маълумотни қасддан беркитаётган гумонланувчининг шахсини аниқлаш учун айнан шу турдаги махсус текширув талаб этилади. Шу билан бирга, яқин қариндошликни, мерос белгилашда қариндошликни аниқлаш, оталикни белгилаш ҳолатлари бўйича, туғруқхонада чақалоқнинг алмашиб қолиши, номаълум жасаднинг идентификацияси ва гумон қилинаётган шахснинг қариндошлари орқали шахсини аниқлашда мазкур экспертиза тайинланади.

Яна қандай экспертизалар ўтказилади?

Юқорида таъкидланганидек, Республика суд экспертизаси марказида юқори малакали мутахассислар 50 хил экспертиза бўйича фаолият олиб боради. Бундан ташқари, техника асри учун долзарб бўлган рақамли технологиялар, электроакустик монтаж белгилари асосида аудио ва видеоманбаларни комплекс тадқиқ қилиш, ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқлари қийматини баҳолаш, ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси, суд-экологик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, суд-филологик, суд-лингвистик каби экспертизалар ўтказилмоқда. Лабораторияда ўзбек, рус, зарур ҳолларда эса бошқа тиллардаги фонограмма ва видеоёзувлар ҳам тадқиқ қилинади. Бундай усул асосида ҳозиргача кўплаб ишлар экспертизадан ўтказилди.

– Бугун экстремизм, терроризм асосида содир бўлаётган жиноятларга ундовчи ҳолатлар асосан коммуникация воситалари орқали тарғиб қилинаяпти, – дейди Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси мудири Наргис Солиева. – Марказда олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида 2015 йилда суд-сиёсатшунослик-лингвистик экспертизани ўтказиш услуби ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Мазкур йўналишда эксперт тадқиқотларини амалга оширишда асосан терроризм, экстремизм ва диний адоватни қўзғатиш, мамлакатимизнинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солишга қаратилган материаллар тарқатиш бў йича фактлар ўрганилади ва хулосалар берилади. 2021 йилда фуқароларга тегишли коммуникация воситаларидан ана шундай мазмундаги юзлаб материалларга хулоса берилди. Бундай янги экспертиза турларининг кенг қўлланаётгани тергов органларига жиноятларни очиш, далиллар тўплаш ва уларни илмий асосда мустаҳкамлаш, судлар фаолиятида эса одил судловни амалга ошириш, адолатли қарор ва ҳукмлар чиқаришда қўл келади. Марказ прокуратура органлари билан азалдан ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Хусусан, айнан бизнинг лабораториямиз коррупция, давлат маблағини ўзлаштириш, фирибгарлик ҳолатларини очишда муҳим экспертиза хулосаларини беради. Мисол учун 2021 йилда Бош прокуратура томонидан пойтахтдаги маъмурий судларнинг айрим судьялари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг баъзи ходимлари билан келишган ҳолда фуқаролар йўл қоидасини бузгани учун давлатга тўлаган жарималарни ўзлаштирганлиги бўйича жиноят иши қўзғатилганди. Ана шу жараёнда лабораториямизда судьялар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари чиқарган 1000 дан ортиқ қарор экспертизадан ўтказилиб, жиноятни очиш учун керакли экспертиза хулосалари берилди.


Суд экспертизаси фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида «Суд экспертизалари ҳисоби тизими» ва «Электрон таълим платформаси» ахборот тизимлари ҳамда аҳолига суд-экспертлик соҳасига доир маълумотларни тезкор етказишга қаратилган «sudexpert.uz» ахборот портали, экспертиза учун ашёвий далилларни идентификациялаш дастури ишлаб чиқилиб, фаолиятга татбиқ этилди.

Сўнгги йилларда марказ томонидан суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Россия федерал суд экспертиза маркази, Украина Адлия вазирлигининг суд экспертиза миллий илмий маркази, Беларусь давлат суд экспертиза қўмитасининг Илмий-амалий маркази билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.

Бугун нафақат суд билан боғлиқ ишларда, балки бошқа жараёнларда ҳам фуқаролар экспертиза ўтказилиши зарур бўлган вазиятларга дуч келишмоқда. Таъкидлаш керакки, айни вақтда марказда аҳолига ҳам пулли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Жумладан, зарурат бўлганда фуқароларга 50 турдаги экспертиза ўтказиб берилади. Нархлар эса экспертиза қилинадиган объектларнинг сони, мураккаблигига қараб белгиланади. Марказ томонидан нархлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробаридан, ўта мураккаб тадқиқотлар учун 34 баробаригача белгиланган. Масалан, ҳозир битта хатни ёки муҳрни экспертизадан ўтказиб хулоса бериш 1 млн. 160 минг сўм, битта одамда ДНК текшируви ўтказиш эса 2 млн. 727 минг сўм бўлаяпти.

Шунингдек, марказда ДНК базаси ташкил қилинган. ДНК текшируви ўтказилган ҳар бир шахснинг генетик маълумотлари шу базага киритиб борилади. Ҳозиргача базада 50 мингдан ортиқ кишининг генетик маълумотлари йиғилган.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»