Кексалари қадр топган маскан

10:30 - 12.01.2022

55

Халқимизда «Қариси бор уйнинг париси бор» деган нақл бор. Бу ўринда пари фаришта маъносини билдиради. Фариштали уй эса саришта бўлгани боис бундай уйда озодалик, файзу барака, хотиржамлик, меҳр-оқибат мужассам. Дарҳақиқат, кексалар – уйимизнинг кўрки, қалбимизни мунаввар қилиб турувчи чироқ, беминнат дуогўйимиз, маслаҳатлари билан ёшларга тўғри йўл кўрсатувчи йўлчи юлдуз. Шу сабабли ҳар қандай ишни улар билан кенгашган ҳолда амалга оширишнинг хосияти кўп.

Шу маънода, узоқ йиллар прокуратура органларида хизмат қилиб, бугунги кунда қарилик гаштини сураётган фахрийлар ҳам эътибордан четда қолмаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази томонидан бу борада қилинаётган ишларни эса ҳар қанча эътироф этсак оз. Марказга анча йиллардан буён Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар номзоди, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Ботир Калонов раислик қилиб келмоқда.

– Кексаларга меҳр-оқибат кўрсатиш, насиҳатларига қулоқ тутиш миллий қадриятларимиздан ҳисобланади, – дейди биз билан суҳбатда марказ раиси Ботир Калонов.

– Қолаверса, ҳар қандай жамиятнинг кексаларга бўлган эътибори ҳамда ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди деб бежиз айтилмаган. Шундай бўлгач, ватанимиз равнақига беқиёс ҳисса қўшган отахону онахонларимизни ҳар қанча эъзозласак арзийди. Бу борада юртимизда, шу жумладан, марказимиз томонидан ҳам кўплаб савобли ишлар қилинмоқда.

Марказнинг ташкил топишига тўхталадиган бўлсак, 2001 йилнинг 7 декабрида Конституциянинг 9 йиллик байрамига бағишланган тантанали йиғилишда 2002 йил юртимизда «Қарияларни қадрлаш йили» деб эълон қилинган эди. Шу муносабат билан давлат дастури қабул қилиниб, унинг ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази ташкил этилган. Айни пайтда марказ прокуратура органларида самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан 580 нафардан ортиқ фахрийни бирлаштирган, жойларда ҳам унинг ҳудудий бўлимлари фаолият олиб бормоқда.

Таъкидлаш лозим, марказ ва унинг ҳудудий бўлимларида фахрийлар вақтини мароқли ўтказишлари учун қулай шароит яратилган. Бундан ташқари, юртимизда кенг нишонланадиган байрамлар муносабати билан марказ томонидан прокуратура фахрийларига Бош прокурорнинг табриги ҳамда совғаларини уларнинг уйларига борган ҳолда, оила аъзолари иштирокида топшириш ташкиллаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги «Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»-ги қарори талабларидан келиб чиқиб, 2021 йилнинг ноябрь ойида 162 нафар фахрий билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган шаҳарлари ҳамда Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятларига саёҳат уюштирилди. Тадбир давомида улар транспорт, ётоқ жойлари ва озиқ-овқат билан таъминланиб, кўнгилли дам олиши учун шароит яратиб берилди. Шунингдек, ҳукумат ва Бош прокурорнинг эътибори туфайли ўтган даврда прокуратура фахрийларидан 35 нафари Хитой, Саудия Арабистони, Туркия, Қозоғистонга саёҳатга бориб, дам олиб келди.

Фахрийларнинг таваллуд кунлари ҳам доимий эътиборимизда.
Жумладан, прокуратура ходимлари, марказ ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2021 йилда 35 нафар юбилярдан ташқари, таваллуд кунини нишонлаган фахрийларга табрикнома ва қимматбаҳо совғалар уларнинг оила аъзолари иштирокида топширилди. Юбилейи нишонланган фахрийларнинг фаолияти баён этилган очерклар «Ҳуқуқ» газетасида чоп этилди.

Ёлғиз, эҳтиёжманд ҳамда ногирон фахрийлар ҳам эътибордан четда эмас. Шунингдек, ўтган давр мобайнида 500 га яқин фахрий ходимнинг тиббий муассасада, ўз уйида ва санаторияда даволаниши ташкиллаштирилди.

Кези келганда қайд этиш лозимки, прокуратура органлари фахрийларининг аксарияти бугунги кунда ҳам бўш ўтиргани йўқ. Улар ҳудудий прокуратура органларида хизмат қилаётган ёш мутахассисларга ўзларининг билим ва тажрибаларини ўргатиш билан бирга, 2-сектор раҳбарларига ҳам ҳудудларни ривожлантириш борасида ёрдам бериб келмоқда. Шунингдек, юртимизда осойишталикни таъминлаш, ёшларни халқимизнинг кўп йиллик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида доимий равишда прокуратуранинг ёш ходимлари билан учрашувларда иштирок этишаяпти. Ўтган давр да 20 дан ошиқ шундай тадбирлар ташкиллаштирилган.

Ана шундай тадбирлардан бири 2021 йил 7 октябрда «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтди. «Уч авлод учрашуви» дея ном олган мазкур тадбирда марказ фахрийларидан 12 нафари, Тошкент вилояти фахрийларидан эса 5 нафари ҳамда прокуратура органларининг ёш ходимлари қатнашди.

Учрашувда сўзга чиққан фахрийлар ёш мутахассисларга мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш билан бирга, тинчликни таъминлашда фидойи бўлиш, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат билан қараш лозимлигини уқтириб, ўз маслаҳатларини беришди.

Шу куни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг «Дўрмон» ижодий уйида ҳам ёзувчи ва шоирлар, прокуратура фахрийлари ва ходимлари иштирокида уч авлод учрашуви ташкиллаштирилди. Тадбир иштирокчилари ёш авлодни тарбиялашда кексаларнинг ўрни ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Шу ўринда тизимда узоқ йиллар самарали фаолият юритган фахрийлардан 147 нафари бугунги кунда ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб, халқ хўжалигининг турли тармоқларида меҳнат қилаётгани-ю уларнинг фидокорона меҳнати муносиб баҳоланаётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Чунончи, юртбошимизнинг 2021 йил 30 сентябрдаги фармони билан 11 нафар фахрий «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги», 21 нафари Бош прокурорнинг буйруғига асосан «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими», 19 нафари «Фидойи мураббий» кўкрак нишонлари, 20 нафари эса Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Бош прокурорнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Бугун фахрийларимиз ёшлар билан учрашувларда руҳан тетиклашиб, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшилаётганини таъкидлайдилар. Улар айниқса прокуратура ходимлари пенсия таъминотининг қайта кўриб чиқилишини мамнуният билан қабул қилиб, «Юртимиздаги тинчликка асло кўз тегмасин. Бизни қадрлаган, улуғлаган инсонлар ҳам улуғ ёшларга кириб, доимо халқнинг ардоғида бўлишсин!» дея қайта-қайта дуо қилишмоқда.

Ғафуржон АЛИМОВ,
«Huquq»