Ижтимоий таъминотдаги янгиликлар

13:00 - 11.01.2022

19

Хабарингиз бор, 2021 йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ прокуратура органлари ходимларининг пенсия таъминоти шартлари ўзгарди. Мазкур ўзгаришларнинг тартиби, қўлланиши ҳақида маълумот олиш мақсадида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Улуғбек Садиковга мурожаат қилдик.

– Ўзбекистоннинг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 октябрдаги «Прокуратура органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ва тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 660-қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2021 йил 2 декабрдаги 253-буйруғи билан «Прокуратура органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига пенсия тайинлаш, пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш қоидалари тўғрисида»-ги йўриқнома тасдиқланди. Унга кўра комиссияларнинг ишчи органи вазифасини пенсия тайинловчи органнинг молия-хўжалик фаолиятига масъул тармоқлари бажариши белгиланди.

Шунингдек, Бош прокурорнинг 2021 йил 3 декабрдаги «Пенсия тайинлаш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ҳақида»ги 1806-буйруғига асосан Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратуралари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси таркибида пенсия тайинлаш комиссиялари фаолиятини бошлади.

Пенсия тайинлаш комиссиялари давлат пенсия таъминоти соҳасида кўп йиллик тажрибага эга ёш ва малакали кадрлар билан таъминланиб, улар прокуратура органлари хизматига қабул қилинди. Комиссияларнинг ишчи органи ходимлари томонидан фахрий пенсионерлар рўйхати шакллантирилди ва қисқа муддатда 500 дан ортиқ фахрийдан ариза олиниб, тегишли хизмат муддатини ўтаганлик, умумий касаллик оқибатида ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилди.

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси томонидан яратилган «Pensiya» электрон ахборот тизимини жорий этиш жадал
суръатда давом этмоқда.

Шу кунларда Бош прокуратура ва қуйи прокуратура органлари комиссияларининг биринчи йиғилишлари бўлиб ўтаяпти ва тегишли хизмат муддатини ўтаганлик бўйича, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлаш тўғрисида қабул қилинган қарорларга кўра 2022 йил январь ойидан пенсия тўловлари бошланади.

«Халқ банки» билан пенсиянинг белгиланган муддатда тўланишини таъминлаш учун «Халқ банки» филиаллари орқали прокуратура органлари тизимидаги пенсионерларга пенсия тўлашни ташкил этиш тўғрисидаги қўшма тартиб ишлаб чиқилди.

2022 йилда фахрийларимизнинг ижтимоий ҳимояси тўлиқ
назоратга олинади.