Ижро тизими янги босқичда

17:30 - 10.01.2022

316

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев прокуратуранинг ҳар бир ходими олийжаноб халқимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси, адолат ва қонунийлик посбони бўлиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда адолат муҳитини қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва фуқароларимизнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш – муҳим масала. Бу борадаги ислоҳотларнинг ягона мақсади ҳам қонун устуворлигини таъминлаб, халқимизнинг ҳуқуқларини ҳимоялашдир.

Мажбурий ижро бюроси органлари суд ҳамда бошқа органларнинг карорларини ижро этади, бу эса одил судловни таъминлашга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 майдаги фармонига мувофиқ Бош прокуратура ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Бюро ташкил топганидан буён ижро ишини юритиш соҳасида 77 трлн. сўмдан ортиқ ундирувлар амалга оширилди. Шундан давлат фойдасига 32 трлн. сўмга яқин маблағ ундирилди.

Қолдиқдаги ижро ҳужжатлари сони (2,9 млн. та) 1,6 миллионтага ёки 56 фоизга камайиб, 1,3 миллионтани ташкил этмоқда. Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш бў йича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Бунда асосий эътибор фаолиятга ахборот коммуникация технологияларини кенг татбиқ этишга қаратилмоқда.

Ҳозир бюро тизимида қарздорлик, тақиқларни билиш, ижро ишини онлайн режимда кузатиш, ҳужжатларни алмашиш, мурожаатларни қабул қилиш ҳамда ходимлар ишининг шаффофлиги ва тезкорлигини ошириш имконини берувчи «MIB portal», «Ақлли ёрдамчи», «MIB.uz» мобил иловаси каби бир қатор дас турий электрон тизимлар татбиқ этилди.

Ижро жараёнини тўлиқ автоматлаштирилган тартибда назорат қилишни таъминлайдиган «MIB portal» дастури жорий этилиб, ташкилотларнинг 63 та ахборот тизимига интеграция қилинди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда жами ундирувлар 21,7 трлн. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 10,4 трлн. сўм ёки 92 фоизга ошган.

Давлат фойдасига 9,5 трлн.сўм маблағ ундирилиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 5 трлн.сўм ёки 109 фоизга ошди. Солиқ қарзларини ундириш ҳам 4,7 трлн. сўмга кўпайди. Тадбиркорлик субъектларининг 1,1 трлн. сўм, банкларнинг 8,4 трлн. сўм ва фуқароларнинг 4,4 трлн. сўм қарзи ундириб берилди. Ижтимоий аҳамиятга эга ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар учун 120 млрд. сўмдан ортиқ алимент ундирилди. Ҳозир ягона ахборот тизимига 302 мингдан зиёд алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, ижро жараёни билан онлайн режимда танишиб бориш имконияти яратилди. Шунингдек, 29 мингдан ортиқ алимент тўловчи ишсизлар иш билан таъминланди. Оиланинг жамиятдаги ўрни масаласида олиб борилган профилактика ва тушунтириш ишлари натижасида 17847 та оила яраштирилди.

Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 2968 нафар фуқаро ишига тикланди ва уларга тўланмай қолган 139,6 млрд. сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.

Секторларнинг ёрдами билан 16968 нафар эҳтиёжманд қарздорларнинг 9751 нафари иш билан таъминланди, 39 нафарига имтиёзли кредит ажратилди, 366 та қарздорнинг қарзини тўлаш муддати узайтирилди, 6 та ташкилотга инвесторлар жалб қилинди. Натижада оғир аҳволдаги қарздорлар сони йил бошига нисбатан 4432 тага камайишига эришилиб, бугунги кунда 12536 нафарни ташкил қилмоқда.

Бюро органлари учун доимо эътиборда бўлиб келаётган «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд фуқароларга 451 млрд. сўм маблағ ўтказиб берилди.
Ҳар бир ижро иши замирида инсон тақдири ва жамият манфаатлари бор экан, ижро иши самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар давом этаверади.

Ҳасан КАБИРДЖАНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори