20 йил: тарихий ўлчовлар мезони

13:00 - 10.01.2022

35

Мамлакат иқтисодиётининг барқарор суръатларда ўсишини таъминлаш, бюджет тақчиллигининг олдини олиш, аввало, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ҳамда солиқ тўловларининг бюджетга тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлашни тақозо этади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 13 мартдаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”-ги қарори билан Давлат солиқ қўмитаси тизимида Солиқ соҳасида ҳуқуқ бузилишларга қарши тезкор курашиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилган эди. Лекин бу тузилма ўз фаолиятини замон талаблари асосида олиб бориши зарурияти юзага келди.

Шунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 июлдаги “Иқтисодиёт ва солиқ соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Давлат солиқ қўмитасидаги Солиқ соҳасида ҳуқуқ бузилишларга қарши тезкор курашиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари тугатилиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга
қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари ташкил этилди.

Шу билан бирга, 2001 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Департаментнинг прокуратура органлари тизимидаги алоҳида давлат органи тузилмаси сифатида ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди ҳамда Департамент бошлиғи лавозимига кўра Ўзбекистон Рес публикаси Бош прокурорининг ўринбосарига тенглаштирилди.

Мамлакатда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳаси такомиллаштирилиши, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиши жараёни валюта операциялари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш зарурлигини кўрсатди.

Айнан валюта соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ларга
қарши курашиш фаолияти четда қолаётганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан департамент органларига бундай ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳамда уларнинг ягона марказлаштирилган ҳисобини юритиш вазифаси юклатилди.

Замон шиддат билан ўзгаряпти. Ўзбекистонда янги ислоҳотлар даври бошланди.

Бу жараён прокуратура органлари олдига ҳам янги вазифалар қўйди. Бизнесни юритиш ва инвестицияларни жалб этиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Рес публикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан департамент органлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти” этиб қайта ташкил қилинди.

Мазкур фармон билан департамент органлари иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризм ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тезкор-қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширувчи мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида белгиланди.

Тараққиётнинг янги босқичида, яъни сўнгги 5 йил мобайнида департамент органлари томонидан муайян ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларини коррупция вий тазйиқлардан ҳимоя қилиш, улар фаолиятидаги сунъий тўсиқ ва
ғовларни бартараф этиш ҳамда соғлом рақобатнинг ривожланишини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар сирасида 55 908 та тадбиркорлик субъектига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилиб, ушбу масала билан боғлиқ 3 035 та ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилди, қўшимча равишда 90 258 та янги иш ўрни яратилди.

Cолиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, фойда ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни
яшириш, камайтириб кўрсатиш билан боғлиқ 1 749 та жиноят
фош этилиб, 8 трлн. сўм қўшимча солиқлар бюджетга ҳисоб ланиб,
шундан 3,2 трлн. сўмлик маблағ ундирилди. Ушбу даврда 17,9 трлн. сўм пулларнинг хуфиёна айланмаси аниқланиб, 4 239 та жиноят иши қўзғатилган.

Хуфиёна иқтисодиётнинг турли кўринишларига чек қўйиш борасида департамент органлари томонидан инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи ва контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш, муомалага киритиш билан боғлиқ 6 537 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 2 675 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 265,7 млрд. сўмлик ноқонуний маҳсулотлар муомаладан олиб қўйилди. Ўз навбатида давлат рўйхатидан ўтмасдан рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиб, яширин тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган 20 933 нафар шахснинг фаолиятига қонуний тус берилган.

Ҳозирда глобал кўлам касб этган коррупциянинг юртимизда илдиз отишига қарши тадбирларда 9 507 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, шундан порахўрлик ва давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига оид 4 832 та жиноят иши қўзғатилди. Давлат ва жамият манфаатларига зарар етказиш ҳамда бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 4 675 та жиноят фош этилди. Булар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг фақат сўнгги қисқа даврдаги рақамларда акс этган фаолиятининг ифодасидир. Табиийки, қуруқ курсаткичлар ортида тинимсиз меҳнат, матонат ва бурчга бўлган садоқат ётибди.

Аслида, 20 йил тарихий ўлчовлар мезонида у қадар катта муддат эмас. Бироқ, ўтган 20 йиллик давр мобайнида орттирилган бой тажриба, чекилган машаққатли меҳнат ва шаклланган чинакам ҳаёт мактаби эса кўп сонли департамент жамоаси учун Янги Ўзбекистон олдида турган улуғвор марраларни забт этишда ўзига хос сабот ва
билим манбаи, касбга садоқат ва ҳалоллик тимсоли сифатида
метин ирода ва битмас-туганмас куч-ғайрат бағишлайди.

Дилшод РАХИМОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга
қарши курашиш департаменти бошлиғи