Тақдиримдан мамнунман

18:00 - 08.01.2022

19

– Инсон маълум бир ёшга етгандан сўнг бир орқасига қараб олар экан-да, «умр – оқар сув» деган иборанинг нақадар тўғри айтилганига амин бўларкан. Буни қарангки, кечагина чопқиллаб юрган қизалоқ эдим. Бугун эса Тошкент давлат юридик университетини тугатганимга ҳам 60 йилдан ошибди! Ўша пайт туғилганлар бугун пенсияга чиқиб, қарилик гаштини суриб юришибди. Бироқ бу айтишга осон…

Каминанинг прокуратура органларидаги фаолияти асосан терговчилик билан боғлиқ бўлиб, қўлимдан не-не ишлар ўтмади дейсиз. Бугунгидек биргина соч толасидан аллақанча маълумотларни аниқлаб берадиган суд экспертизалари ҳали йўлга қўйилмаган эди, камералар у ёқда турсин, жиноят жойини суратга олишда алмисоқдан қолган фотоаппаратлардан фойдаланардик. Плёнкаси куйиб кетса, тамом, барча меҳнатингиз йўққа чиқарди…

Ўша кунларни эслар эканман, ортда қолганига шукур қиламан. Бугунга келиб прокуратура янгича усулда иш бошлади. Халқимиз эса прокурорни қораловчи эмас, ҳимоячи деб таниди, унга ишончи ортди…

Прокуратура ходимларининг малакасини ошириш, раҳбар кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган академия ташкил топди. Устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилди. Айниқса, биз – прокуратура фахрийларига бўлган эътибор ҳақида ҳар қанча гапирса озлик қилади.

Бош прокуратура раҳбарияти, айниқса, Бош прокуратуранинг Фахрийларни ижтимоий қўллабқувватлаш жамоатчилик маркази ходимларининг бу борадаги хизматлари таҳсинга сазовор. Таваллуд кунимиздан тортиб, байрамларгача уларнинг эътиборидан четда қолмайди. Бошқа кунларда ҳам телефон орқали бўлса-да, ҳол сўраб туришни канда қилишмайди. Буларнинг барчаси учун улардан миннатдорман.

Эътироф этиш лозим, сўнгги беш йилда Президентимиз томонидан мамлакатимизда истиқомат қилаётган кексалар қатори прокуратура фахрийларига ҳам эътибор кучайди. Биргина мисол, 2021 йил биз учун алоҳида аҳамиятга эга, унутилмас йил бўлди. Юртбошимизнинг фармони билан прокуратура ходимларининг пенсияси қайта ҳисобланди. Бу эса соҳа ходимларининг бугунги кунда зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишларига ёрдам бериш баробарида, уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб, эртанги кунга бўлган ишончининг ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Фурсатдан фойдаланиб, прокуратура ходимларини касб байрами билан қутлайман. Уларга қонун устуворлигини таъминлашдек шарафли, шу билан бирга, машаққатли фаолиятида улкан зафарлар тилайман.

Светлана ИСТОМИНА,
прокуратура фахрийси