Мақсадларимиз эзгу ва муштарак

14:00 - 08.01.2022

10

Демократик ҳамда инсонпарвар жамият қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, юртимиз иқтисодий салоҳиятини, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш – юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий мақсадидир. Бунга, албатта, ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз орқали эришамиз.

Таъкидлаш жоизки, яқин йилларда прокуратура органларида очиқлик ва шаффофлик таъминланди. Прокуратура идоралари шарафли йўлни босиб ўтди. Айниқса, кейинги беш йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча идораларда бўлгани каби прокуратура органлари фаолиятида ҳам тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.

Прокуратуранинг жамиятдаги нуфузини ошириш, муносиб кадрларни танлаш каби муҳим чоралар бугун кутилган самарасини бермоқда. Буни халқимизнинг прокуратура органларига ишончи тобора ортиб бораётганидан ҳам билиш мумкин. Маълумки, қонун устуворлиги ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳеч қандай монеликсиз амалга ошириш, ўз ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонунан кафолатлангани туфайли осойишта, хотиржам яшаш имкониятини беради.

Қонун устун бўлган жамиятда эркинлик, адолат, тенглик кафолатланади, ҳокимиятнинг шахсга таъсири чекланади, инсон ҳуқуқлари ҳимояланади, мулк ҳуқуқига риоя қилинади, одил судлов мустақил бўлиб, самарали амалга оширилади. Бу йўлда мамлакатимиз прокуратура идоралари қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим вазифаларини муваффақият билан амалга ошираётганини алоҳида эътироф этиш зарур. Фурсатдан фойдаланиб шуни таъкидлашни истардимки, судлар ва прокуратура идоралари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ҳамкорликни кўпгина йўналишларда кўриш мумкин.

Аслида судлар ҳам, прокуратура идоралари ҳам жамиятимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш каби вазифаларни амалга ошираркан, бу борадаги ҳамкорликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимизнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакат қаторига кириши – бизнинг стратегик мақсадимиздир.

Бугунги даврнинг ўзи ҳар бир орган ва идорадан ўз фаолиятини изчиллик билан такомиллаштириш, замон билан ҳамнафас бўлишни талаб қилади. Шу маънода бугунги шонли сана – Ўзбекистон прокуратураси ташкил топганининг 30 йиллиги муносабати билан мазкур органлар фаолиятига ривож тилайман. Прокуратуранинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиши учун соҳа ходимларига куч-қувват ҳамроҳ бўлсин.

Козимжон КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси