Ҳалқнинг яқин кўмакчиси ва ташаббускорлари

12:30 - 08.01.2022

15

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-моддасида Ўзбекистон ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хил бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Қайд этиш керак, сўнгги йилларда прокуратура органлари ўз фаолиятини янгича ёндашув ва замонавий талаблар асосида йўлга қўйди. Хусусан, охирги 3 йилда прокуратура органлари томонидан қонунийликни таъминлаш мақсадида 540 мингдан ортиқ прокурор ҳужжатлари қўллангани унча катта бўлмаган шахсий таркиб учун иш ҳажмининг нақадар катта эканидан дарак бериб турибди. Охирги 5 йилда Ўзбекистонда коррупцион қилмишни содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорлар сони 14 мингдан ошган.

Шундан 160 нафардан ортиғи республика миқёсидаги, 1270 нафардан
ортиғи вилоят миқёсидаги ҳамда 13 минг нафардан ортиғи туман миқёсидаги мансабдорлар экани, улар давлатга жами 4 трлн. 168 млрд. сўм моддий зарар етказгани ва бугунги кунга келиб ушбу зарарнинг қарийб 90 фоизи ёки 3 трлн. 759 млрд. сўми ундирилгани прокуратура органларининг давлат ва жамиятга келтираётган
нафи қай даражада эканига яққол мисолдир.

Шу ўринда Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ўртасидаги ҳамкорликни алоҳида таъкидлашни истардим. Биз прокуратура органлари билан кўп соҳаларда яқин ҳамкормиз. Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортиб, қонун ижодкорлиги, ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш, коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, юридик таълим, айниқса ер муносабатларида тенг лик ва шаффофликни таъминлаш шулар жумласидандир.

Айни пайтда Жиноят, Жиноят процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни такомиллаштириш борасида биргаликда иш олиб бормоқдамиз. Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, прокуратура органлари кундан-кунга халқчил орган бўлиб бормоқда. Бугун ҳудудларни қарасангиз, қаерда фуқарони қийнайдиган муаммо, ноқулайлик бўлса, ўша ерда ҳеч бўлмаганда туман прокурорини учратасиз. Қаерда бирон киши ҳақсизликка йўлиққан бўлса, унга ёрдамга ошиққанлар шубҳасиз прокурорлардир.

Шу боис мамнуният билан эътироф этиш жоизки, юртимиздаги ислоҳотлар жараёнида прокуратура органлари ходимлари халқ оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш каби Президентимиз белгилаб берган вазифаларнинг самарали амалга оширилишида нафақат назорат ўрнатмоқда, балки бу ишларда яқин кўмакчи ва ташаббускор ҳам бўлмокда. Ушбу фаолиятда прокуратура органларининг барча ходимларига куч-қувват тилайман.

Фурсатдан фойдаланиб, прокуратура органларининг барча ходимларини 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман, бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, хонадонларингиздан файзу барака аримасин.

Русланбек ДАВЛЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири