30 йил бўлган тизимимиз миллий давлатчилигимизнинг олис тарихи билан ҳам чамбарчас боғлиқ

10:30 - 08.01.2022

18

Асрлар давомида озод, эркин, фаровон ҳаёт, адолатли жамият халқимизнинг орзуси, хоҳишистаги бўлиб келди. Бу орзу рўёби йўлида халқимиз мислсиз машаққатларни бошидан ўтказди, курашларда тобланди, синовларни енгди. Бинобарин, эл-юртимизнинг ўтмиши айнан ана шу курашлар ва синовлар тарихидан иборатдир десак, хато бўлмайди.

Бироқ илгари бундай шонли тарихни чуқур ўрганиш, холис талқин қилиш, шу тариқа миллатимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини тараннум этиш имкони чекланган эди.

Ваҳоланки, ватанимизнинг, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди, соҳа ва тармоғи шу қадар бой ўтмишга, ноёб анъаналарга эгаки, уларнинг ҳар бири тўғрисида залворли китоблар ёзиш мумкин.

Хусусан, тараққиётимизнинг янги босқичида инсон ҳуқуқ ва
эркинликларининг, давлат манфаатларининг том маънодаги ҳимоячисига, қонун устуворлиги ва адолат тантанасини таъминлашнинг муҳим воситасига айланиб бораётган прокуратура тизимининг ҳам узоқ йиллик тарихи, бугунги қизғин ҳамда кенг кўламли фаолиятининг ўзига хос ривожланиш босқичлари бор. Илк марта мустақил давлатнинг прокуратураси сифатида эътироф этилган ва бу мақоми қонуний тарзда мустаҳкамланганига 30 йил бўлган тизимимиз миллий давлатчилигимизнинг олис тарихи билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.

Тарихдан маълум, давлатчилик пайдо бўлибдики, тартибга
солувчи қонун-қоидалар, барча учун мажбурий бўлган нормалар яратилган. Албатта, уларнинг ижроси ҳам назорат қилиб келинган. Тарихчи мутахассисларнинг қайд этишича, ислом ҳуқуқида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижросини назорат қилиш билан шуғулланувчи алоҳида тузилманинг мансабдори муҳтасиб деб юритилган. Табиийки, муқаддас ислом динининг кириб келиши билан юртимизда ҳам бундай назорат тизими жорий қилинган.

Соҳибқирон Амир Темур даврида қонунлар – тўра-тузуклар ижроси юзасидан таъсирчан ва қатъий назорат ўрнатилганини эса ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ деб ҳисоблаймиз.

Юртимиз ҳудудида мавжуд бўлган амирлик ва хонликларда, Туркистон мухториятида бугунги прокуратура органлари функциясини бажарган тузилмалар, масъул лавозимлардаги мансабдорлар фаолият олиб боргани ҳам маълум.

Албатта, мамлакатимиз ҳудудида исломдан олдинги даврларда ҳам қудратли давлатлар бўлганини инобатга олсак, жамиятлардаги қонун-қоидалар ижросини назорат қилувчи институтлар ҳам бўлган. Фикримизча, булар тарихчиларимиз, ҳуқуқшунос олимларимиз учун алоҳида тадқиқот мавзуларидир.

Таъкидлаш керак, собиқ шўролар давридаги прокуратура органларининг фаолияти ҳам ўзига хосликларга эга. Бу даврда яккаҳоким партия мақсадларига, ҳукмрон мафкура ақидаларига бўйсундирилган тизимда муайян камчиликлар, адолатсизликлар, нохолислик бўлгани табиий ва бу ҳам тарихнинг аччиқ сабоғидир.

Ниҳоят, Ўзбекистон Президентининг 1992 йил 8 январдаги фармони билан Ўзбекистон ССР прокуратураси Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилди.

Конституциямиз ва «Прокуратура тўғрисида»ги қонунда мазкур орган фаолиятининг ҳуқуқий асослари баён қилинди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар қилинди, мард ва олийжаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилди.

Айни пайтда эришилган ютуқлар қаторида йўл қўйилган айрим хато ва камчиликлар бугунги ҳаёт ҳамда эл-юртимизнинг эртанги тақдири тақозо қиладиган объектив зарурат – янги Ўзбекистонни барпо этиш вазифасини давлатимиз ва халқимизнинг олдига қўйди.

Бинобарин, нафақат халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги ҳам эътироф этаётганидек, Ўзбекистонни тамомила ўзгартирган тараққиётнинг янги босқичига Президентимиз томонидан бундан беш йил аввал асос солинди. Бу давр аввало инсон қадру қимматини жойига қў йиш, ҳуқуқларини рўёбга чиқариш сари узоқ кутилган қадамларнинг ташлангани билан ҳам аҳамиятлидир.

Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак деган тамойил жамиятдаги устувор қоидалардан бири сифатида белгиланди. Давлат органларининг фаолиятида халқ билан мулоқот энг асосий мезон бўлиб қолди.

Нуфузли экспертлар ва кенг жамоатчиликнинг хулосасига кўра Ўзбекистон янги даврдаги Ҳаракатлар стратегияси асосида узоқ йиллар мобайнида тўпланиб қолган қатор долзарб масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлди. Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида қисқа муддатда амалга оширилган ислоҳотлар нафақат тизим вакиллари, балки жамият учун ҳам оғриқли нуқталарга айланган муаммоларни ҳал қилиш имконини берди.

Шуни мамнуният билан қайд этиш ўринлики, Президентимизнинг ташаббуси, эътибори туфайли прокуратура органларининг бутун қиёфаси ҳам кейинги йилларда тубдан ўзгарди.

Энг муҳим жиҳат шундаки, кўрилаётган чораларнинг самараси ўлароқ, прокуратура органлари халқ сари юз тутди, уни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашадиган, «инсон қадри учун» деган тамойилни рўёбга чиқаришга камарбаста бўладиган ишончли тузилма сифатида янги даврга қадам қўйди.

Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

2021 йил 16 декабрь куни «Ўзбекистон прокуратураси: кеча, бугун ва эртага» мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференциядаги нутқидан