Ўтмишсиз келажак йўқ

13:00 - 07.01.2022

33

Шу кунларда прокуратуранинг барча ходимлари ҳамда унинг кўп қиррали фаолиятига бефарқ бўлмаган, ушбу идорани қадрли деб билиб, борлиғини бахшида этган, ҳозирги кунда бошқа соҳаларда ишлаётган ёки пенсияга чиққан инсонлар Ўзбекистон прокуратураси органларининг 30 йиллигини нафақат интиқлик билан кутмоқда, балки муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик ҳам кўрмоқда.

Айтиш мумкинки, уларни эзгу бир ният – прокуратура органларига юклатилган асосий вазифа бўлмиш мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги саъйҳаракат бирлаштиради. Ушбу шарафли вазифа прокуратура ходимларига катта масъулият юклайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги вақтларда прокуратура органлари ходимларининг меҳнати ва ижтимоий муҳофазасига эътибор кучайтирилди.

Айниқса, прокуратура органлари ходимлари ва уларнинг
оила аъзоларининг пенсия таъминоти қайта йўлга қўйилгани соҳа тарихида улкан воқеа бўлди.

Ўзбекистон прокуратураси органлари фаолиятида фидойи ходимларнинг роли беқиёс. Соҳа вакиллари учун шукуҳли кунлар арафасида вафот этган ходимларни ёд этиш, уларнинг фидокорона меҳнатини эътироф этиш нафақат вазифа, балки мажбурият ҳамдир. Бу билан инсоний бурчимизни бажариб, ўтиб кетган ходимларнинг руҳларини шод этган бўламиз.

Тошкент шаҳар прокуратура органлари Ўзбекистон прокуратураси органларининг таркибий қисми сифатида қонунийликни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашда доимо олдинги ўринларни эгаллаб келган. Бу билимли, малакали, юксак тайёргарлик ҳамда бой тажрибага эга ходимларнинг меҳнати туфайлидир.

Шундай хислатли ходимлар орасида марҳум Зокир Иброҳимовни намуна қилиб кўрсатиш мумкин. У киши прокуратура органларидаги фаолиятини 1986 йилда Ўзбекистон прокуратурасида бўлим прокурори вазифасидан бошлаган. Кейинчалик Тошкент шаҳар прокурорининг кадрлар бўйича катта ёрдамчиси, Чилонзор тумани прокурорининг ўринбосари, Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси, 1998–2000-йилларда шаҳар прокуратурасида бўлим бошлиғи, 2000–2004-йиллари Чилонзор тумани прокурори, 2004–2012-йилларда шаҳар прокуратурасида бўлим бошлиғи, 2012 йилдан 2016 йилгача – пенсияга чиққунига қадар эса судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи лавозимларида самарали фаолият кўрсатиб келган. Шу даврларда пойтахт ҳудудида ҳар йили 18-21 мингта оғир жиноят содир этилган. Шундан 130 тага яқин қотиллик содир этилиб, уларнинг икки-учтасигина фош этилмаган, холос. Шунга яраша йил давомида жиноят ишлари бўйича судларнинг биринчи инстанциясида 11 мингдан ортиқ иш кўрилган бўлиб, уларда прокурор иштироки таъминланган. Шунингдек, судларнинг ноқонуний деб ҳисобланган қарорларига нисбатан киритилган протестларнинг сони ҳамда самарадорлиги республика прокуратура органлари орасида юқори ўринларда турган. Бу ишларни ташкиллаштиришда ушбу фаолиятга бевосита масъ ул бўлган З.Иброҳимовнинг хизмати катта бўлган.

3.Иброҳимов ўзига ва ходимларига нисбатан ўта талабчан эди. Прокуратура ҳужжатларининг қонуний ва сифатли бўлишига катта аҳамият бериб, ходимлар тақдим этган прокурор назорати ҳужжатларини чуқур ўрганар, керакли ва асосли ўзгартиришларни киритиб борарди.

У шунингдек, асосий вазифасини бажариш билан бирга, юридик фан соҳасида ҳам илмий тадқиқот олиб борган. Хусусан, 3.Иброҳимов 2008 йилда «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимида прокуратура фаолиятини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий муаммолари» мавзусида номзодлик ва 2010 йилда «Давлат ҳокимияти тизимида прокуратуранинг ўрни ва роли» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган.

Шу ўринда соҳибқирон Амир Темурнинг «Ёзилган нарса авлодлар хотирасида қилинган ишдан ҳам узоқроқ яшайди» деган фикрини эслаш ўринли деб ўйлаймиз. Илмий изланишларда прокуратура органларининг ҳуқуқий мақоми, фаолиятининг тараққиёт босқичлари ва ўзига хос жиҳатлари, прокуратуранинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ўрни, бошқа органлар ва бошқарув идоралари билан муносабатлари ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинган. Кейинчалик шу илмий иш асосида иккита монографияси чоп этилган.

Шаҳар прокуратураси органларида ишлаётган ходимларнинг аксарияти ёшлиги, прокурор назорати йўналишлари бўйича юридик ва жисмоний шахсларга минглаб назорат ҳужжатлари қўлланиши, улар сифатли ва асослантирилган бўлиши ходимларнинг масъулияти, маҳорати ва малакасини турли услублар билан оширишни тақозо қилган.

Шу мақсадда З.Иброҳимов буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг «Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлар, билим қайда бўлса, буюклик бўлар» деган ўгитини ўзига дастуриламал қилиб олган эди.

Унинг бошчилигида прокуратура органлари ходимларини прокурор назоратининг йўналишлари бўйича алоҳида гуруҳларга бўлиб семинарлар ўтказиш, натижаси бўйича улардан тест олиш, бошқа органлар, хусусан, ички ишлар, солиқ органлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар билан ҳамкорликда ўқув машғулотлари самарали ташкил этилган бўлиб, бунда Учтепа тумани прокуратурасининг биносида жойлашган шаҳар прокуратураси ўқув марказидан унумли фойдаланилган. Жумладан, прокурор назоратининг барча йўналишлари бўйича 82 та бюллетень, тўплам, тартиб, йўриқномалар ишлаб чиқилиб, ходимларга ва сўров асосида бошқа органларга тарқатилган. «Терговчининг ёндафтари», «Давлат айбловчисининг ёндафтари», «Қонунчилик тарғиботига оид намунавий маърузалар тўплами» шулар жумласидандир. Мазкур тўпламлар ходимларнинг столидан мустаҳкам ўрин эгаллаган ва ҳозирга кунга қадар аҳамиятини йўқотмаган.

Шунингдек, судларда прокурор ваколатини таъминлаш учун бириктирилган ходимларнинг маҳорати ва малакасини оширишга ҳам алоҳида аҳамият берилган.

Шу мақсадда алоҳида дастур асосида Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорликда прокуратура ходимларининг нутқ ва мулоқот маданиятини ошириш юзасидан машғулотлар ўтказилиб, якуни бўйича ходимлардан тест олинган ва уларга сертификатлар топширилган. Бундай тадбирлар шаҳар солиқ инспекцияси, божхона, ички ишлар бошқармалари ва жиноят ишлари бўйича шаҳар судлари билан ҳам ўтказиб борилган.

Бундан ташқари, З.Иброҳимов прокуратура касаба уюшмаси раиси сифатида ҳам шижоат билан ишлар, ходимлар ва уларнинг фарзандлари, пенсионерлар иштирокида турли тадбирларни ташкил этарди. Ногирон ҳамда ёрдамга муҳтож ходимларнинг кўмакчисига айланган эди.

Ўйлаймизки, прокуратура органларида сидқидилдан хизмат қилиб, бугунги кунларга етиб келмаган устозларни шогирдлари алоҳида ҳурмат билан ёд этишади. Зеро, эзгу ишлари билан эл орасида ҳурмат топганлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди.

Фурсатдан фойдаланиб, прокуратура органларининг ходимларини ҳамда фаолияти тезкор вазифа билан боғлиқ бўлмаган техник ходимларни Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларининг яқинлашиб келаётган 30 йиллиги билан муборакбод этамиз. Уларга жиноятчиликка қарши кураш ҳамда қонунчиликни таъминлаш борасида муваффақият
тилаймиз.

Мирзоҳид ОБИДОВ,
прокуратура фахрийси