Давлат харидлари — очиқ ва шаффоф савдо

18:00 - 07.01.2022

24

Мамлакатнинг ривожланишида харидлар муҳим ўрин тутиб, давлат секторини барча зарур товарлар (ишлар ва хизматлар) билан керакли миқдорда ва мақбул нархларда таъминлайди. Шу сабабли харидлар билан боғлиқ ҳуқуқий механизмлар доимий равишда такомиллаштириб борилади.

Давлат харидлари – давлат буюртмачиларининг товарларга бўлган эҳтиёжини пулли асосда таъминлаш жараёни ҳисобланади.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари давлат харидларининг очиқлиги, шаффофлиги, ошкоралиги, рақобатбардошлиги, тежамкорлиги ва ҳисобдорлиги тамойиллари асосида тадбиркорларнинг рақобатини таъминлайди, давлат бюджети, давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағидан самарали фойдаланиш имконини беради. 1994 йилда Жаҳон савдо ташкилотининг Уругвайда бўлиб ўтган кўп томонлама музокаралари натижасида қабул қилинган Ҳукумат хариди бўйича келишув (GAТT) кўпчилик давлатларнинг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишида пойдевор бўлган. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, харидларни амалга оширишнинг барча тамойилларини бажаришнинг энг мақбул ва самарали усули оммавий танлов ўтказишдир.

СССР таркибидаги давлатларда моддий ресурслар марказлаштирилган ҳолда тақсимлаб келинган. 1991 йилда СССР тарқалиши туфайли пайдо бўлган ҳар бир давлат ўзининг харидларини амалга ошириш тизимини ташкил эта бошлади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш ҳамда давлат харидларини амалга ошириш учун ўзининг норматив ҳужжатларини қабул қила бошлади.

Мамлакатимизда давлат харид лари билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини шартли равишда икки босқичга ажратиш мумкин. 1-босқич – 1991–2018-йиллар; 2-босқич – 2018–2021-йиллар. 2018 йилга қадар Ўзбекистонда давлат харидлари тўғрисида қонун қабул қилинмаган, ушбу соҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжати билан тартибга солинган. Давлат харидларининг яхлит тизими ва соҳага масъул ваколатли орган бўлмаган, натижада норматив ҳужжатларни ҳар хил талқин қилиш ҳолатлари учраб турган. Асосан давлат харидлари тўғридан-тўғри марказлашган ҳолда тузилган шартномалар асосида амалга оширилиб, электронлаштириш тизими ривожланмаган. Шу боис очиқлик ва шаффоф лик каби принциплар таъминланмасдан, соҳада рақобат суст ривожланган.

Давлат харидлари жараёнидаги қоғозбозлик, кўп босқичли келишишлар ва такрорловчи тартиб-тамойиллар вақт йўқотишга сабаб бўлган. «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун 2018 йил 9 апрелда қабул қилинганидан сўнг соҳага очиқлик, шаффоф лик ва рақобат муҳити кириб келди.

Ушбу қонун миллий ва халқаро тажрибани, жумладан БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясининг модел қонунчилигининг асосий қоидалари, Европа иттифоқи, АҚШ, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг қонунчилигини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган. Унга кўра давлат харид ларининг 5 тури белгиланган: электрон дўкон, аукцион, танлов, тендер ва ягона етказиб берувчи билан тузиладиган шартнома.

Электрон дўкон – давлат харидларининг электрон тизимидаги махсус майдонда савдоларни электрон шаклда амалга оширишни назарда тутувчи, махсус талаблар қўйилмайдиган товарларнинг (ишларнинг,
хизматларнинг) давлат харидларини амалга оширишнинг
рақобатли усули.

Танлов – шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топиладиган харид қилиш тартиб-таомилини амалга ошириш тури.

Аукцион давлат харидларининг рақобатли усули бўлиб, уни ташкил этишда нарх иштирокчини танлашнинг ягона мезони бўлади ва бунда мазкур норма товарларни белгиланган сифат стандартларига мувофиқ ҳолда етказиб бериш талабини бекор қилмайди.

Тендер давлат харидини амалга оширишнинг рақобатли тартиб-таомили воситасида давлат харидларининг ижрочиси аниқланадиган танлов бўлиб, унинг натижаларига кўра давлат харидлари тўғрисидаги шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф этган иштирокчи ғолиб деб топилади. Ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат хариди – Ўзбекистон Респуб ликаси Президентининг алоҳида фармон, қарор ва фармойишларида ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар, табиий монополия субъекти, шунингдек давлат томонидан харид қилинаётган, бозорда муқобили мавжуд бўлмаган ноёб товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш. Аммо ушбу харид турларидан фақатгина электрон дўкон ва аукцион электронлаштирилган. Бошқа харид турлари тўлиқ электронлаштирилмаган.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган рўйхатга кўра стратегик аҳамиятга эга корхоналар томонидан амалга ошириладиган харидга ушбу қонун татбиқ этилмаслиги белгиланган. Сўнгги вақтларда ватанимизда очиқлик сиёсати олиб борилаётгани сабабли оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида давлат буюртмачиси мансабдор шахслари томонидан давлат харидлари билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатлари содир этилаётгани ҳақидаги фикрлар кўп учрамоқда. 2018 йилда қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун кўпроқ соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирлаштиришга қаратилгани, соҳада ахборот технологияларини кўпроқ қўллаш ва коррупциянинг олдини олиш зарурати юзага келгани сабабли янги қонунни қабул қилишга зарурат пайдо бўлди.

Шу сабабли 2021 йил 22 апрелда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Эски қонунга 50 дан ортиқ қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, такомиллаштирилди ҳамда тизимда соддалаштирилган тартибда харидларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

2021 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5171-қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан стратегик аҳамиятга эга бўлган 24 та давлат корхонаси давлат харидларини тўғридан-тўғри ёки тендер ўтказмасдан амалга ошириши тартиби бекор қилинди. Эндиликда стратегик аҳамиятга эга корхоналар амалга оширадиган харидларга ҳам «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун татбиқ этилади. Янги қонунга асосан 2022 йилнинг 1 январидан давлат харидларининг барча турлари тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175d-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Молия вазирлигининг расмий маълумотига кўра Ўзбекистонда 2019 йилда 97 трлн.985 млрд.сўм, 2020 йилда 124 трлн. 80 млрд. сўм, 2021 йилнинг 9 ойида 99 трлн. 553 млрд. сўмлик давлат харидлари амалга оширилган бўлиб, шунинг деярли ярми стратегик аҳамиятга эга корхоналар улушига тўғри келади. Бу эса давлат харидларининг қанчалик аҳамият касб этишини кўрсатади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат харидлари соҳасида қонун бузилиши ҳолатлари ва коррупциянинг олдини олиш учун энг аввало тизимни тўлиқ электронлаштириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, давлат буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган харидларнинг бозор конъюнктурасига тўғри келиши устидан назоратни кучайтириш, соҳада амалга оширилган барча давлат харидларининг очиқлигини ҳамда жамоавий назоратни таъминлаш долзарб ҳисоб ланади. Шу мақсадда давлат харидларига оид қонун ҳужжатлари такомиллаштириб борилмоқда.

Хуршид САФАРОВ,
ҳуқуқшунос, тадқиқотчи