Имловий хато — саводсизлик белгиси

15:30 - 07.01.2022

26

БИР АРИЗАДА ТЎРТТА ХАТО

Бир танишимнинг ўғли юртимиздаги нуфузли университетни тугатиб энергетика мутахассиси дипломини олди. Мутахассислиги бўйича катта бир корхона уни ишга оладиган бўлди. Орадан бир неча ой ўтгандан кейин ўша танишимдан «ўғлингиз ишга тушиб, янги жойга мослашиб кетдими?» деб сўрадим. У эса «йўқ, ишга олишмади, аризасини тўртта имловий хато билан ёзибди, ишга қабул қилаётган ходим зўр мутахассис бўлса ҳам бизга саводсизлар керак эмас дебди» дея гапни қисқа қилди.

Иккинчи мисол: туман газ идорасининг ходими келиб, уйим нинг газ планини кўздан кечирди ва ошхона бошқа жойга кўчирилганини айтиб, планни ўзгартириш лозимлигини айтди. Рози бўлдим. Мен манзилимни айтиб турдим, у ёзиб олиб, нима сабабдан план ўзгартирилиши ҳақида беш-олти қатор тушунтириш ёзди ва менга имзо қўйинг дея узатди. Унинг ёзганларини кўздан кечириб, ҳайрон қолдим. Бир нечта қатор гапда олтита имловий хато қилибди. Мен айтиб турган сўзлар оғзимдан чиққанида қандай эшитилган бўлса, қоғозга шундай ёзиб қўяқолибди.

Учинчи мисол: қишлоғимиздаги бир маҳаллага иш билан кирдим. Маҳалла раисининг котиби бир қоғозни раиснинг олдига олиб кириб, муҳр босиб, имзо қўйиб беришини айтди. Раис «қўйиб кетинг, бироздан кейин танишиб, қўйиб бераман» дея столининг бир четига қўйди. Кўз югуртирдим, маҳалла фаолларининг бир эр-хотинни яраштира олмагани бўйича судга ёзилган далолатнома экан. Бир бет матнда ғиж-ғиж хато. Бироздан ке йин уни раис олиб, кўз югуртириб чиқди-да, муҳр босишга чоғланди. Шунда мен «ичи тўла имловий хато-ку, тўғрилаб олмайсизларми, тилимизга ҳурматсизлик бўлиб қолади» дедим. Шундан сўнг раис котибини чақириб, «саводинг борми, тўғрилаб ёзмайсанми?» деб далолатномани қайтариб берди. Касбим тақозоси билан судлар чиқарган ҳукмларни, турли идоралар томонидан фуқароларнинг аризаларига ёзилган жавобларни ўқиб, ёқа ушлайман. Нега нуфузли идораларда ишлайдиган ходимлар шунчалик саводсиз бўлиб бораяпти?

САБАБ НИМАДА?

Кейинги йилларда ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Турмушимиз енгиллашди. Бу, табиийки, тафаккур тарзимизга ҳам таъсир кўрсатди. Нафақат фарзандларимиз, ҳатто ўзимиз ҳам енгил ҳаётга ўргана бошладик. Фикрлашга ундайдиган нарсалардан иложи борича узоқроқ бўлишга ҳаракат қила бошладик. Давлатнинг эртанги тараққиёти, халқнинг маънавияти, болаларимизнинг келажаги, биздан уларга қандай ватан мерос бўлиб қолишини кўп ҳам ўйламаслик одатга айланаяпти. Бунинг таъсирида давраларда маънавият гурунглари йўқолди. Китобхонлик, газетхонликдан туғиладиган баҳслар ўрнини ғийбат, миш-миш ва бўҳтонлар эгаллади.

Бугун йиғин ва гапларда ҳаётимиздаги ўзгаришлар, давлатнинг стратегик йўналишлари ёки бирор диний ва маърифий мавзуни муҳокама қилмаймиз, кимнидир ғийбат қиламиз. Хўш, дунёқарашимиз бунчалик торайиб, фикрларимиз ўтмаслашиб қолишига ким айбдор? Биринчи галда ўзимиз! Юки бор, бадиий қиммати юксак асарларни, фақат мақтов ёзади деган ўйда ижтимоий-сиёсий газета-журналларни ўқимай қўйдик. Миямиздаги бўшлиқни интернетда тарқатилаётган ёлғон-яшиқ хабарлар, мазмунан саёз материаллар эгаллаб олди. Саводимиз ҳам шунга яраша шаклланди. Ҳатто оддий таржимаи ҳолимизни ҳам хатосиз ёза олмайдиган аҳволга тушиб қолдик.

Хиёбонда чамаси 65-70 ёшдаги одамга кўзим тушди. Ўриндиқда газета ўқиб ўтирарди. Бундай ҳолатга анчадан буён дуч келмаган эдим. Илгари кўча-кўйда китоб ё газета кўтарган, ўқиётган одамларни кўп учратардик.

Энди эса бу ҳолатни камдан-кам кўраяпмиз. Чунки интернет пайдо бўлди. У худди ўргимчак тўридек онгу шууримизни ўраб олди. Айниқса, ёшлар унинг чангалига тез илинди.

НАҲОТКИ ҲОКИМ ГАЗЕТА ЎҚИСА!

Бир курсдошим Тошкент вилоятидаги шаҳарлардан бирининг ҳокими билан бир тадбирда суҳбатлашиб қолдим, дея унинг гапларини менга айтиб берди: – Ҳаётимни газета-журналсиз тасаввур қилолмайман. Чунки ёшликдан шунга одатланганман. Ишга келган кунимнинг эртасигаёқ кунлик нашрларни суриштирдим. Афсус! Ҳокимиятда ҳеч ким обуна бўлмаган экан! Сабабини сўрасам, елка қисишди. Биринчи бўлиб ўзим ташаббус кўрсатдим. Оммавий нашрларга обуна расмийлаштирдим.

Ҳамма ҳайрон. Ҳатто «Наҳотки ҳоким газета ўқиса! Тайёр интернет турибди-ку!» дея пичирлашганлар ҳам бўлди. Уларга эътибор қилмадим, эътирозсиз ҳам қолдирмадим. Саводхонлик – инсон маънавий дунёсининг гўзаллиги, у газета-журнал ўқиш, тинимсиз китоб мутолаа қилишдан бошланишини эслатдим. Тўғриси, интернет баҳонасида одамлар газетадан узоқлашди. Бунинг салбий оқибати анчагина.

Мутолаа бизга бегона эмас. Эрталаб ишга кириб келишим заҳоти энг биринчи қиладиган ишим газеталарни кўздан кечириш. Очиғи, ижтимоий тармоқлардаги имловий хато, бир ёқлама талқинларни, баъзида нохолис ёндашилган мақолаларни ўқиб, булар оммани чалғитаётгани, саводсизликка бошлаётганини англайман. Илм ва маърифат инсонни ва бутун жамиятни юқори мартабаларга олиб боради. Бунинг акси бўлмиш илмсизлик ва саводсизлик эса инсониятни тубанлик сари етаклайди. Ёзма ҳужжат тилини билмаслик, адабий тил меъёрларига амал қилмаслик оқибатида саводсизлик кучаяди, саводи етарли даражада шаклланмаган кишининг илм соҳаларини чуқур эгаллаши қийин…

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Аҳолини ана шундай аянчли аҳволдан қутқариш учун нима қилиш керак? Одамларнинг саводини қайтариш, асрлар давомида шаклланган маънавий бойликларимизни сақлаб қолиш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш учун қандай чоралар қўллаш зарур? Фикримизча, энди ота- оналар масъулиятни ошириши керак.

Чунки маънавий тарбияни бугун кучайтирмасак, эртага кеч бўлади. Китоб ўқиб, умумий саводхонликни ошириш, руҳиятимизни поклаш орқали бу жараёндаги муаммоларни бартараф этишимиз мумкин. Маънавий етуклик – бирдан бир тўғри йўл! Айниқса, газета-журнал ҳамда бадиий китобларни узлуксиз ўқиш, ёшларда бунга рағбат уйғотиш, назорат қилиш, ўрнак бўлиш ота-оналар, ўқитувчиларнинг бевосита вазифасидир. Хуллас, халқимизга газета, журнал, китоб ўқиш маданиятини қайтариш керак.

Ҳар бир хонадонга ҳеч бўлмаса уч-тўртта марказий нашрнинг кириб боришига эришиш лозим. Чунки улар орқали давлатнинг мафкура ва ғояси ўша оилага кириб боради. Бу кундан-кунга урчиётган саводсизликка ҳам барҳам беради. Бугунги кунда аксарият давлат ва тармоқ нашрларида ўзбек тилининг грамматик меъёрларига, стилистикаси ва пунктуацияси қоидаларига қатъий амал қилинади. Битта бўлса ҳам ижтимоий-сиёсий газетага обуна бўлган, бир йилда икки марта китоб сотиб олган хонадонда соғлом маънавий муҳит шаклланади. Оиласи тинч, фарзандлари тарбиясида нуқсон бўлмайди. Буни кўплаб юртдошларимиз мисолида айтиш мумкин, албатта.

Бизга ғўр, онги фисқу фасод билан суғорилган авлод эмас, маънавияти юксак, ҳар томонлама баркамол ёшлар керак. Бунда ҳар битта оилабоши онгли равишда у ёки бу газета-журналга обуна бўлиши, фарзандларини китобга жалб этиши мақсадга мувофиқдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, обуна фақат таҳририятларга керак, улар учун тирикчилик манбаи шу-да дейдиганлар қаттиқ янглишади. Чунки матбуот фикрлайдиган, мушоҳада қиладиган маърифий қатлам, кенг жамоатчилик учун ўзига хос муносабатлар майдонидир.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»