“Хотамтой” мудир жазоланди

18:00 - 06.01.2022

18

Пандемия туфайли ҳукумат қарорига асосан бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан тўловлар ҳисобланиши вақтинча тўхтатиб турилиши  белгиланган эди.

Сўх тумани халқ таълими бўлими мудири  А.Т. ва бош ҳисобчиси А.Ю. ҳотамтойлик қилиб 2020 йилнинг апрель-декабрь ойларида ўзларига 9 млн. 854 минг сўм ва 10 млн. 358 минг сўм, йигирма бир нафар ходимга жами 51 млн. 507 минг сўм устама тўлаб, бюджет интизомини бузишган.

Бундан ташқари, собиқ мудир ва бош ҳисобчи тил бириктириб, ҳукумат қарорига зид равишда ўзларини ва ходимларни моддий рағбатлантиришни давом эттириб, яна 85 млн. 511 минг сўм пулни ноқонуний тўлаб юборишган. Судда мудир ва бош ҳисобчи ҳукумат қарори билан 2020 йилнинг 16 апрелидан 31 декабригача моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармасидан   тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилиши белгиланганини била туриб, 59 та ҳолатда жами 137 млн. 18  минг сўм ортиқча тўлов қилишганига иқрор  бўлишди. 

Суд айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги, етказилган  зарарни тўлиқ қоплаганини эътиборга олган ҳолда «ҳотамтой» мудир ва бош ҳисобчига 1 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.