Тузилмай бузилган шартнома

16:30 - 06.01.2022

9

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, департаментнинг Хонқа тумани бўлими томонидан ўтказилган тадбирда тадбиркор Ш.Аҳмадовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинди.

Хонқа тумани Сарапоён қишлоғида яшовчи А.Саидов тумандаги оилавий корхона раҳбари Ш.Аҳмадовга турмуш ўртоғи С.Ҳамроеванинг туман мактабгача таълим бўлимида ишлашини, боғчаларга озиқ-овқат етказиб бериш учун шартнома тузишга ёрдам беришини айтади. Эвазига тадбиркордан 6 млн. сўм талаб қилади. Шу куннинг ўзида А.Саидов иш тезроқ битишини баҳона қилиб, Ш.Аҳмадовдан 3 млн. 700 минг сўм пулни олади.

Орадан бир ой вақт ўтса ҳам озиқ-овқат етказиб беришга келишилган шартнома оилавий корхона раҳбарига етиб келмайди. Тадбиркор ҳамқишлоғининг найрангига алданганини билиб, мазкур ноқонуний ҳаракат юзасидан департаментнинг Хонқа тумани бўлимига мурожаат қилади. Тадбиркорнинг аризаси асосида ўтказилган тадбирда А.Саидов Ш.Аҳмадовдан қолган 2 млн. 300 минг сўм пулни олаётганда ашёвий далиллар билан ушланди. Жиноятчига суд томонидан жарима жазоси тайинланди.