356 боланинг ҳуқуқлари тикланди

16:30 - 05.01.2022

5

Отаси ёки онаси бору, ажрашгани туфайли ё униси, ё бунисининг қўлида қолган аксарият болалар кўнгли кемтик бўлиб улғаяди.

Никоҳи бекор қилиниб, тайинланган алиментни турли баҳоналарни рўкач қилиб тўламай юрган ота боласига ёмон таъсир ўтказади. Ёлғон сўзлаш алиментчи отадан болага юқиши, бундан-да ёмони, ёлғиз она қўлида улғаяётган бола катталарнинг насиҳатини менсимай қўйиши, уйдан ўқишга дея чиқиб кетиб, мактабга бормай, кўча боласига айланиши, ҳуқуқ­бузарликка мойил шахсларнинг таъсирига тушиб қолиши мумкин. Боласининг тақдирига бефарқ бўлмаганлар бир-бирини кечириб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилишади. Зеро, ота-она меҳрининг ўрнини ҳеч нима боса олмайди. 

Прокуратура органларида мурожаатларни ўрганиш жараёнида Мажбурий ижро бюроси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларнинг ходимлари, маҳалла оқсоқоллари билан биргаликда ажримларнинг олдини олиш, ажрашган эр-хотинларни имкон қадар яраштириб қўйиш чоралари кўрилмоқда. Фарзандларнинг моддий таъминоти билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқиш давомида 6 та ҳолатда эру хотин  яраштирилиб, оила тикланди.

Бола таъминоти билан боғлиқ ҳар бир мурожаат синчиклаб ўрганилаяпти. 2021 йилнинг 11 ойи давомида келиб тушган мурожаатларнинг 286 таси бўйича 317 млн. 198 минг сўм алимент пули ундирилди. 356 нафар боланинг ҳуқуқи тикланиши таъминланди. Хусусан, мурожаатни ўрганиш давомида Р.Йўлдошевдан И.Йўлдошевага икки фарзандининг таъминоти учун тўланмай келинаётган 21 млн. 656 минг сўм, У.Ортиқовдан Ш.Имомалиевага эса икки фарзандининг таъминоти учун 10 ойлик, жами 13 млн. 395 минг сўм пул ундириб берилди.

Мурожаатларни ҳал этиш жараёнида 32 киши ишга жойлаштирилиб, алимент уларнинг иш ҳақидан ундириладиган бўлди. Айни чоғда мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганларга нисбатан чора кўрилмоқда. Ушбу жараёнда алимент тўлашдан бўйин товлаб келган 25 киши маъмурий, 2 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Бу каби қатъий чоралардан қарздорлар хулоса чиқаришади.

Келиб тушаётган бошқа мурожаатлар ҳам қонуний ҳал этилмоқда. Масалан, тадбиркорларнинг 16 та мурожаати қаноатлантирилди. Хусусан, «Автогаз финанс люкс» МЧЖга қарздор М.Собиров ва бошқалардан 31 млн. 684 минг сўм ундирилиб, тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди. Вилоят прокуратураси томонидан ушбу тоифадаги ва бошқа мурожаатларнинг  ҳал қилиниши, қаноатлантирилиши таъминланмоқда.