Суд қарорида қонунчилик нормалари бузилди

14:30 - 05.01.2022

10

Шартнома тарафлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайдиган воситадир. Аммо шартноманинг ўзи ноқонуний бўлса-чи? Унда анча сарсонгарчиликка сабаб бўлиши тайин.  Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, «O‘zmedimpeks» давлат унитар корхонаси «Pharmhealth» МЧЖ билан дори етказиб бериш бўйича шартлашади, яъни улар ўртасида 9 млрд. 980 млн. 639 минг 38 сўмлик шартнома имзоланган. Унинг иловасида дориларнинг рўйхати келтирилган.

Шартномага кўра МЧЖ илова қилинган дориларни белгиланган муддатда етказиб бериш, давлат корхонаси эса маҳсулотни қабул қилиб олиб, пулини тўлаш мажбуриятини олган. Бошида барчаси шартлашув бўйича кетаётганди. Жамият «Витал вит К1» дорисини буюртмачига етказиб беради, давлат корхонаси эса пулини тўлайди. Аммо низо қаердан пайдо бўлди? 

Гап шундаки, тадбиркорнинг иловада бўлмаган маҳсулотни ўтказмоқчи бўлгани муносабатларнинг таранглашишига олиб келди. Давлат корхонаси «Селефлу аэр» дорисини қабул қилишни рад этди ва Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, «Pharmhealth» МЧЖ билан тузилган 04-06-шартномани ҳақиқий эмас деб топишни сўради.  Суднинг 2020 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилади. Иш апелляция инстанциясида ҳам кўрилиб, суднинг қарори ўзгаришсиз қолдирилади.

Катта даромадни йўқотишни истамаган тадбиркор ҳам жим турмади, иш Олий судгача етиб борди. Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 18 декабрдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинди. Судлов ҳайъати тадбиркорнинг манфаатини устувор деб билди. Аммо қарор қабул қилишда қонунчилик нормалари бузилган эди.

Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда шартнома тўғридан-тўғри тузиш орқали имзоланган. Энг ачинарлиси, низоли дорига давлат томонидан молиялаштириш манбалари ва маблағлар миқдорлари мавжуд бўлмаган.

Фуқаролик кодексининг 116-моддасига мувофиқ қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

«O‘zmedimpeks» ДУКнинг аризасига асосан мазкур иқтисодий иш Бош прокуратура томонидан ўрганилганида тарафлар ўртасидаги шартнома қонунга зид равишда тузилганлиги ҳамда Олий суд судлов ҳайъати томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда қарор қабул қилинганлиги аниқланиб, суд қарорини бекор қилиш юзасидан Олий судга ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест келтирилган.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 19 мартдаги қарори билан Бош прокуратуранинг протес­ти тўлиқ қаноатлантирилди. Олий суд судлов ҳайъатининг 2020 йил 18 декабрдаги қарори бекор қилиниб, суднинг ҳал қилув қарори ҳамда апелляция инстанциясининг қарори ўз кучида қолдирилган.  Шу тариқа давлат корхонасига етказилиши мумкин бўлган 9 млрд. сўмлик зарарнинг олди олинди.