Банкирнинг “камбағал” келини

12:30 - 05.01.2022

13

Порахўрлик, тамагирлик, бировнинг ҳақига кўз тикиш – жирканч одат. Шу иллат бирон амалдорга илашган бўлса, бу янада аянчли. Чунки тамагир амалдорлар кўпроқ ўмаргиси, ваколатидан фойдаланиб иложи борича мўмайроқ даромадга эга бўлгиси келаверади. Оқибатда уларнинг иллати мамлакат тараққиётига ҳам ғов бўлади, одамларда норозилик туғдиради.

Хоразмнинг Қўшкўпир туманида туғилган Алишер Бобожонов ҳам «Халқ банки»нинг Шовот филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб туриб, ана шу иллатни юқтирди, нафсига эрк берди.

А.Бобожонов ўз ваколатларини яхши биларди. «Режали тўлов» кобрендинг картасини белгиланган тартибда очиш ва қарз ажратилишини таъминлаш ҳам ўзига юклатилгани боис бу имконни қўлдан бой бергиси келмасди. Унинг ҳузурига фуқаролар шу масалада кўп келишарди. Охири бунинг йўлини топди.

«Режали тўлов» кобрендинг картаси очишга масъул бўлган ходимдан 2020 йил сентябрь ойи­дан бошлаб фуқароларга мазкур картани очиш ва у орқали қарз ажратишни тўхтатиб туришни талаб қилди. Бунинг оқибатида 77 кишига қарз берилиши асоссиз равишда 165 кунга қадар кечиктирилди. Карта орқали тўловни қабул қилишга мўлжалланган, транзит ҳисобрақамига бириктирилган махсус терминал олган ҳамкор ташкилотлар «Texnozone» ва «Prokredit» хусусий корхоналарининг савдосига бу ҳолат таъсир кўрсатди. А.Бобожонов энди режасининг кейинги босқичига ўтди. Ушбу корхоналарнинг раҳбари бўлган Б.Авазовни 2020 йил декабрь ойи бошида ўзининг хонасига таклиф қилди. Б.Авазов иши тўхтаб қолмаслиги учун хавотирда юрган, карта очилишини сабрсизлик билан кутаётган эди.

– Сиз сиқилманг, – дея гапни юпатишдан бошлади банк бош­қарувчиси. – Бу дунёда ҳамма нарсанинг иложи бор. «Режали тўлов» кобрендинг картаси ҳозир сизга сув ва ҳаводек зарурлигини яхши биламан. Аммо нима қилай, бизга ҳозир топшириқ шундай бўлаяпти. Бироқ бир иш қилсангиз, яъни камбағал оила фарзандининг ўқиши учун шартнома пулини ўтказиб юборсангиз, сизга ёрдам қилишим мумкин. Ахир кишига савоб ҳам керак-ку.

Одамийлик ҳақида гап кетганда қайси виждонли одам норози бўлсин. Б.Авазов ҳам бажонидил рози бўлиб, ҳомийлик қилишини айтди. А.Бобожонов эса Урганч давлат университетининг 4-курсида таълим олаётган М.Эгам­берганованинг реквизитларини берди. 3 миллион сўм шартнома пулини мазкур ҳисоб­рақамга ўтказаётган Б.Авазов эса камбағал талаба аслида А.Бобожоновнинг келини экани, бу иши пора саналишини хаёлига ҳам келтирмасди.

Иш осон кўчганидан ке­йин А.Бобожонов Б.Авазовдан «Texnozone» ва «Prokredit» хусусий корхоналари харидорларига «Режали тўлов» кобрендинг картаси очилиши ва ушбу карталар орқали жами 250 миллион сўм қарз ажратилишини айтди. Аммо бунинг яна бир кичик шарти бор эди. Ушбу суммасининг 2 фои­зи миқдорида нақд пулни ўзига келтириб беришини талаб қилди. Б.Авазов яна ноилож қолди.

Банк раҳбари ўзининг хизмат автомашинаси ҳайдовчиси Қаҳрамон Бўриевни ҳам жиноий қилмишига шерик қилди. Ҳайдовчига Б.Авазовдан 5 миллион сўм пул олиб келишини буюрди.

2021 йил 16 январь куни соат 18:55 да ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўтказган тадбирда Шовот тумани марказидаги айлана йўл олдида Қ.Бўриев Б.Авазовдан пул олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Суд А.Бобожоновни айбли деб топди. Унга 2 йил муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳайдовчи Қ.Бўриев ҳам айбли деб топилди, унга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мамлакатимизда тижорат банкларининг рақобатбардош­лигини ошириш учун замонавий хизмат турлари жорий этилмоқда. Зеро, мижозга манфаат келтирган банккина мамлакат иқтисодиётига фойда беради. А.Бобожонов каби шахсларнинг қилмиши эса нафақат юртдош­ларимиз, балки хорижий инвесторларнинг ҳам юртимиз банклари, пул-кредит сиёсатига ишончсизлик билан қарашига сабаб бўлади.