“Қолганини она-болани тинчитганингдан сўнг оласан!”

10:30 - 05.01.2022

7

Ҳам қиш кунининг совуғи, ҳам рўзғор юмушлари чарчатган хонадон бекаси қандай қилиб кўзи илинганини сезмай қолди. Шунақанги қаттиқ ухлабдики, аввалига қизининг чақирганини ҳам билмабди. Елкасидан силкитгандагина кўзини очди. Қараса, тепасида қизи Санобар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турибди. У ички ишлар ходимлари келганини айтди. Ходимлар салом бериб, нима мақсадда келишганини айтишганда эса онанинг эси бошидан учаёзди…

* * *

Ота-она борки, фарзандларининг камолини кўришни хоҳлайди. Вояга етгач яхши келин олишни, қизини кўнгилдагидек хонадонга узатишни орзу қилади. Санобар ҳам балоғатга етиб, совчилар кела бошлагач, онаси «бегона эмас, ҳар не қилса ўзимники» дея холасининг ўғлига розилик беради. Аммо тўйдан ўн кун ўтар-ўтмас қаттиқ янглишганини билади-ю, гап-сўзлар болалаб кетмасин деб тилини тишлашга мажбур бўлади. Санобар тез-тез қўнғироқ қилиб, эридан, қайнопасидан шикоят қилар, онаси эса сабр қилишни тайинлашдан нарига ўтмасди. Кўп ўтмай қизи қайтиб келади. Эрининг опаси Гулчеҳра бўлар-бўлмасга уларнинг турмушига аралашишини, тинч яшашга қўймаётганини айтиб, арзи ҳол қилади. Она нимаям қилсин, икки-уч кун ўтгач, турмушда турли қийинчиликлар бўлишини, озгина чидаса ҳаммаси ўтиб кетишини айтиб, уни эриникига жўнатиб юборади. Афсуски, қизи билан куёви келишолмайди, қизи яна қайтиб келади. Бу орада дунёга келган фарзанд ҳам уларни муросага келтиролмайди.

Санобар ота уйига қайтганидан ке­йин она уларнинг ишига аралашмай қўяди. Буни қарангки, куёв ҳам шуни кутиб тургандек хотинининг орқасидан бир марта бўлса-да келмайди. Орадан тўрт-беш йил ўтгач, Санобар фарзанди учун алимент ундириб беришларини сўраб судга мурожаат қилади. Суднинг буйруғига асосан С.Қурбоновага Талъат Собировдан фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг чорак қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади. Бироқ ота суд буйруғини писанд қилмагач, бир неча маротаба огоҳлантирилиб, алимент тўлашдан бўйин товлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

Талъат 15 сутка қамоқ жазосини ўтаб чиққанидан сўнг уларнинг уйига нотаниш киши келиб, куёви юборгани, қизи билан яшамоқчи эканини айтади. Она уларнинг орасига тушмаслигини билдиргандан кейин бир ҳафта ўтиб, ўша одам куёвини бошлаб келади. Талъат ундан кечирим сўрайди, тавба қилади, хотинини албатта олиб кетишини айтиб қайтиб кетади. Дарҳақиқат, икки кун ўтиб келади-да, Санобарни олиб кетади.

Аммо энди қизимдан кўнглим тўқ деган ўйга борган она адашган эди. Орадан бир ҳафта ўтиб қизи қўнғироқ қилади ва эри нарсаларини ташқарига чиқариб қўйгани сабабли машина олиб келишини айт­ганида, бошига оғриқ киради. Начора, машина топиб қизини нарсалари билан қайтариб келади.

Шундан кейин тинчгина яшаб келишаётган эди. Кечқурун ухлаб ётганида қизи уни уйғотиб, ИИБ ходимлари келганини айтганида, яна тинчини йўқотди. Тезкор ходимлардан куёви билан опаси уларни ўлдириш учун қотил ёллаганини эшитганида эса юрагини ушлаганча деворга суяниб қолди. Ходимлар уларни хабардор қилгач, энди уларнинг «ўлган» ҳолатини тасвирга тушириш кераклигини тушунтиришди. Сўнгра уларга товуқ қонини суртиб, суратга олишди…

* * *

Маълум бўлишича, аввалига Талъат билан Санобар ўртасидаги келишмовчилик арзимаган майда-чуйда туфайли юз берган бўлса, кейинчалик алимент сабаб авжига чиқади. Жанжалнинг охири кўринмайди. Талъатга алимент тўлаш алам қилса, опаси уни келинга қарши қайраб, оловга мой сепаверади. Охири опа-ука Санобар билан унинг онасини ўлдириб, шу орқали алимент тўлашдан қутулиб қолиш режасини тузишади. Қотилликни амалга ошириш учун бир таниши билан гаплашиб, эвазига 3 млн. сўм беришни ваъда қилишади. Аванс тариқасида 500 минг сўм беришади. Қотиллик содир этилганини тасдиқловчи видеолавҳа ёки фотосурат кўрсатилганидан ке­йин пулнинг қолганини ҳам бериш ҳақида келишиб олишади.

«Қотил» вақтни ўтказмай, мазкур ҳолат юзасидан тегишли органларга мурожаат қилди. Сурхондарё вилояти прокуратураси ва ИИБ ходимлари ўтказган тадбирда Г.Собирова она-боланинг ўлдирилганини тасдиқловчи фотосуратларни кўргандан сўнг ваъда қилинган 3 млн. сўмнинг 2 млн. 500 минг сўмини «қотил»га берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Жиноят ишлари бўйича Денов тумани суди алимент тўлашдан қутулиш мақсадида қотил ёллаган Т.Собировга 15 йилу 6 ой, унинг опаси Г.Собировага эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, Т.Собировдан жабрланувчи С.Бекжоновага 6 млн. 123 минг сўм алимент ундириш белгиланди.