Спорт билан ҳамнафас

12:30 - 30.12.2021

13

Фарғона халқаро аэропорти. Туркиянинг Анталия шаҳрида  бўлиб ўтган яккакурашнинг «unifight» тури бўйича мусобақа совриндори  ва мураббийни вилоят спорти мутасаддилари, яқинлари тантанали кутиб олишмоқда. Отаси Абдумутал ака, онаси Ҳавохон опа исми жисмига монанд Жасурбекни бағрига олиб табриклашади.

…Жасурбек Долимов болалигидан спортга қизиқарди. Олти яшарлигида «Турон» якка кураши билан шуғуллана бошлаган. Илк сабоқларни мураббийи Солижон Маҳмудовдан олган. Спорт устаси Солижон Маҳмудов гуруҳида кураш усулларини пухта ўзлаштирган. Машғулотларда чиниққан. Биринчи марта саккиз яшарлигида мусобақада қатнашган. Ҳарбий хизматга чақирилгунига қадар турли ёш тоифаларидаги чемпионатларда иштирок этиб келган.

– Ҳарбий хизматни ўтаганимдан сўнг Тошкент давлат юридик институтига ўқишга кирдим, – дейди Жасурбек. – Ўқиш билан бирга «Жар» спорт мажмуасидаги яккакураш машғулотларига қатнадим.

Ҳуқуқшунос дипломини олиб Фарғона вилояти прокуратураси органларида ишлаб юрганида ҳам машқ қилишда давом этган. Шу тариқа ўттиз ёшида спорт формасини сақлаган Жасурбек Долимов вилоят прокуратураси раҳбариятининг қўллови билан Фарғона шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тажрибали мураббийи Шерзод Солиевнинг қўлида 2020 йилдан яккакураш мусобақаларига тайёргарлик кўра бошлади.

2021 йилнинг май ойида Бухоро шаҳрида «Турон» якка кураши бўйича Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, ўз вазнида барча рақибларини енгди. Олтин медалга сазовор бўлди. Ўзига ишончи ортиб, қоидалари ушбу курашига анча яқин бўлган «unifight» якка кураши сирларини ўрганди. Мураббийлари Шерзод Солиев ва Дониёр Султоновнинг қўлида халқаро мусобақаларга астойдил тайёрланди. 8 декабрь куни бошланадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш учун ўзбекистонлик курашчилар, мураббийлар билан Туркияга жўнаб кетди.

Анталия шаҳридаги спорт саройида турли мамлакатлардан келган курашчилар қатори «unifight», яъни аралаш, қўл-оёқда зарба бериш ва кураш жанг санъати бўйича ғолибни аниқлашда ҳисобга олинадиган, белгиланган вақтда айланма тўсиқлардан ўтиш, пневматик қуролда нишонни бехато уриш каби дастлабки мусобақада яхши натижа кўрсатди. Сўнг 20 та мамлакатдан келган 400 нафарга яқин баҳодир рингда ўз маҳоратини намойиш этишга киришди. Мусобақада олтин, кумуш, бронза медаллар билан тақдирланган ўзбекистонлик курашчилар умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

95 килограмм вазнда Жасурбек Долимов дастлаб украиналик, сўнг озарбойжонлик рақиби билан беллашди. Уларни енгиб, ярим финалда яна бир украиналик рақиби билан жанг қилди. Якунда шоҳсупанинг фахрли учинчи поғонасига кўтарилди, бронза медаль билан тақдирланди. Ушбу соврин Фарғона вилояти прокуратурасида спорт билан мунтазам шуғулланиш учун ходимларга шароит яратилганининг мантиқий натижасидир.

– Душанба, чоршанба, жума кунлари ишдан бўш пайтда спорт билан шуғулланамиз, – дейди Жасурбек. – Машғулотлар Фарғона шаҳри прокуратурасидаги стадион ва спорт залида ўтказилади. Стол тенниси, футбол, кураш бўйича беллашувлар ташкил этилади.

Вилоят прокуратураси томонидан ёшлар, хотин-қизлар ҳам машғулотларга кенг жалб этилмоқда.