Прокуратура полвонлари беллашди

10:30 - 30.12.2021

12

2021 йилнинг 16-20 декабрь кунлари кураш ҳафталиги доирасида «Прокуратура полвони», Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида республика чемпионати, миллий ва хорижий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро мусобақа ва   «Ўзбек полвони» республика турнири ўтказилди.

Хусусан, 16 декабрь куни ўтказилган «Прокуратура полвони» мусобақасида 7 та вазн тоифасида жами 130 нафар ходим ғолиблик учун ўзаро беллашди.

17 декабрь куни эса навбатдаги турнир Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўтказилди. Унда Бош прокуратура, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ходимлари қатнашди.

Шунингдек, кураш ҳафталиги доирасида 18 декабрь куни миллий ва хорижий олий таълим муассасалари талабалари ўртасида биринчи марта республика чемпионати ўтказилди. Мусобақада 30 га яқин таълим муассасасининг 130 дан ортиқ талабаси иштирок этди.

Мусобақаларда Бош прокурор ўринбосарлари Шавкатжон Раҳимов, Шуҳрат Узаков ҳамда бошқарма бошлиғи Сардор Каримов қатнашиб, ғолибларга қимматбаҳо совға ва медалларни топширишди.

19 декабрь куни эса давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида «Ўзбек полвони» Республика мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада 292 нафар иштирокчилар қатнашиб, ўзаро беллашдилар. Муросасиз ўтган баҳсларда 28 нафар ғолиб саралаб олиниб, уларга ташкилотчилар томонидан чемпионлик медаллари, дипломлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.