“Техаслик фермер ошнам билан таништирайми?..”

18:00 - 29.12.2021

8

Халқимизда «Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади» деган гап бор. Унинг нақадар тўғрилигига адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган Тоҳир Файзиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бошидан кечирган бир воқеа сабаб амин бўлди.

Шу боис бошлиғи орқали Жалол Зоҳидов билан танишган пайт – 2021 йил апрель ойини энди бир умр ёдидан чиқармаса керак. Ўшанда бошлиғи Жалол Зоҳидов хотини билан уришиб, уйидан чиқиб кетганини, ёрдам сифатида адвокатлик фирмасининг офисида вақтинча яшашини айтганида бажонидил жой тайёрлаб берди. Эртаси куни эса одамгарчилик юзасидан Ж.Зоҳидовни ўзининг уйига таклиф қилди. Гарчи меҳмоннинг иззати уч кун дейилган бўлса-да, Жалол Зоҳидов бу ерда бир ҳафта қолиб  кетди. Тоҳир ишдан қайтганида алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришарди. Шундай кунларнинг бирида Тоҳир анчадан бери автомашина сотиб олиш ниятида эканлиги, шу мақсадда озроқ пул ҳам жамғарганини айтган эди, меҳмонга жон кирди.

– Шуям муаммоми? – дея оғиз кўпиртиришга тушди Жалол. – Қадрдон оғайним бор. Ўзи жамиятнинг раиси. Хоҳласангиз у билан гаплашиб кўраман. «Ласетти» бўладими? Масалан, жамияти орқали пулини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 7 минг долларга олиб беришим мумкин. Мана, ишонмасангиз, – у шундай дея телефонини титкилаб бир машинанинг суратини унга кўрсатди.

Бу гапни эшитган Тоҳир қанча хурсанд бўлса, шунча иккиланди. Унга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай қолди. Кейин эса «Уйимда яшади, тузимни еб, тузлиғимга тупурмаса керак» деган хаёлда рози бўлди ва шу куни унга 1000 АҚШ долларини санаб берди.

Кейинчалик бўлиб-бўлиб яна 2400 доллар берди. Аммо аввалига ваъда беришдан нарига ўтмаган Ж.Зоҳидов кўп ўтмай тутқич бермай қўйди…

Шундан сўнг Тоҳир Файзиев тегишли органга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Орган ходимлари томонидан Ж.Зоҳидов ушланиб, унинг кимлиги ҳақида эшитгандан кейин эса пул беришдан олдин бежиз иккиланмаганига ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Маълум бўлишича, илгари шу каби жинояти учун судланган Ж.Зоҳидов икки йил ўтиб яна шундай жиноятга қўл уради. Тайинланган жазони ўташ даврида яна бировларга фириб беришга киришади. Унинг бу галги ўлжасига айланган Т.Файзиев эса ростдан ҳам хотини билан урушиб қолган дея унга ишониб, уйида бир ҳафта меҳмон қилган экан.

Айтмоқчи, сал бўлмаса Ж.Зоҳидов 2019 йилда ҳам яна бир фуқарони чув туширганини унутаёзибмиз. Хуллас, 2019 йилда полиз маҳсулотлари экспорти билан шуғулланиб кўришни мақсад қилган Жалол Зоҳидов сентябрь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига йўл олади. Тарвузларнинг баҳосини сўраганча, далаларни айланиб юрганида Пўлат Арслонов билан танишиб қолади.

Пўлат Арслоновнинг Америкадаги фермерлар ҳаётига қизиқишини эшитган Жалол Зоитов шу заҳоти лоф халтасини очади: Техас штатида фермер таниши борлиги, агар хоҳласа, ўша таниши билан гаплашиб, уни Америкага юбориши мумкинлиги, ойлик иш ҳақи ҳам 8200 доллар бўлишини айтиб, уни аврашни бошлайди.

Қарабсизки, 2019 йил 24 сентябрь куни Қарши шаҳридаги автосервис олдида учрашиб, П.Арслоновдан 1000 долларни олган Ж.Зоҳидов бир ҳафтадан кейин яна 1100 долларни қўлга киритади. Октябрь ойида эса П.Арслонов Қарши шаҳридан йўловчи такси орқали унга 300 доллар юборади. Кейинчалик пойтахтда учрашишади ва П.Арслонов яна 500 долларни унга тутқазади. Шундай қилиб, қоп-қоп ваъдалар билан оз фурсатда 2900 долларни қўлга киритган Жалол Зоҳидов на сўзининг устидан чиқади ва на олган пулини қайтариб беради.

Жалол Зоҳидов ёш эмас. 1980 йилда туғилган. Тўрт фарзанднинг отаси. Олий маълумотли бўлгани ҳолда тайинли ишнинг бошини тутмаган. Гарчи у жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаган бўлса-да, жиноятга жазо муқаррар. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди уни айбдор деб топиб, 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.