“Фокусчи” кассир

16:00 - 29.12.2021

34

Баъзан одамзот бошига қўнган бахт қушини ўзи учириб юборганини ҳам сезмай қолади. Д.Бобоқулов 2019 йил 18 сентябрь кунидан «Халқ банки» Вобкент филиали 1-универсал кассасининг кассири, 2020 йил 18 май кунидан эса филиалнинг касса амалиётлари бўлими кассири вазифаларида ишлади.

У ўзига бириктирилган идентификацион логин ва паролларни даромад манбаи деб тушунди. Шунинг учун имкониятни қўлдан бой бермай, логин ва пароллар орқали компьютердан фойдаланиб, банк терминали орқали пластик картасидаги пулларни нақдлаштириш мақсадида келган мижозлар номига кунлик нақд тўловлар ҳисобидан ихтиёрида сақланган пулларни бирор-бир тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса-да, қўшиб ҳисоблаб, ўз фойдасини кўзлади.

Бу ҳақда «Халқ банки» Вобкент филиалидаги пул ўтказмаларини тасдиқловчи «ИАБС» банк дастурига асоссиз маълумотлар киритди. Очиқ шаклдаги 17401-ҳисобрақамдан уни реал вақт режимида аниқлаш имкони йўқлигидан фойдаланган ҳолда чиқим қилиш йўли билан 2019 йил 13 ноябрдан бошлаб, 2021 йил февраль ойига қадар  32 ҳолатда 131 миллион 478 минг сўм нақд пулни ўзлаштириб юборди.

Бу жараён шунчалик силлиқ кечдики, кассир ўйлаб топган фокусни мутахассислар зўрға анг­лаб етарди. Бироқ қинғир иш барибир фош бўлиши аниқ.

Кассир йигит айбига иқрор бўлар экан, ушбу банк операцияси қандай кечганини шундай изоҳлайди. «…мижозларга терминал орқали хизмат кўрсатиш, яъни пластик картасидаги пулини нақдлаштириб бериш иккита ҳисобрақам орқали амалга оширилган, яъни 23504/300-ҳисобрақамга пластик картадаги нақд қилиниши лозим бўлган пул йўналтирилиб, шунча пул 17401/300-ҳисобрақамдан чиқим қилиб берилишини, ушбу икки ҳисобрақамдаги пулнинг тушумлари бир вақтда кўринмагани сабабли ўртадаги тафовут билинмасди». Д.Бобоқулов шундан фойдаланиб, банкнинг пулини ўзлаштириб борди. Яъни ихтиёридаги нақд пулни «Ҳумо» плас­тик картасидан пул ечиш учун келган мижозга бериб, унинг номидан яна пул олаверди. Текиннинг таъми тотли келади. Бели оғримай топаётган пули ҳақида ҳеч ким билмайди деб ўйлаган кассир хато қилди.

Унга суд ҳукми билан 1 йилу 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.