Бўронларда бордир ҳаловат…

14:00 - 29.12.2021

12

Бир фахрий сифатида касбим машаққатлари ҳақида ўйлаганимда тизимда меҳнат қилган йилларимдаги яхши-ёмон хотиралар хаёлимдан бирмабир ўтаверади. Қуйида мени жуда таъсирлантирган айрим воқеаларни қаламга олишга жазм қилдим. Бу тафсилотлар тизимда меҳнат қилаётган ёшларга асқотиб қолса ажабмас…

Биринчи воқеа

1985–1986 йилларда мен Ғузор тумани прокурори вазифасини бажариб турган эдим. Гдлян ва Иванов каби десантчилар бутун республика бўйлаб ўз таъсирини ўтказиб турган вақтда пахта ишини
тергов қилаётган терговчилар томонидан тумандаги иккита хўжалик раҳбари Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида уларни қамоққа олишга розилик беришни сўраб, қарорлар тақдим этилди.

Мен бу қарорларни тасдиқламасдан, айбланганларнинг ҳар иккаласи
пенсия ёшида эканлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, ишлаш ва яшаш жойи аниқлиги, қандли диабет билан касаллангани, уруш қатнашчиси эканлиги, ҳукуматнинг орден ва медаллари билан тақдирланганини инобатга олиб, уларнинг эҳтиёт чорасини ўзгартиришга розилик бермадим.

Бу билан икки нафар ёши улуғ, тажрибали раҳбарни ҳамда уларнинг оиласини қатағон офатидан сақлаб қолишга эришдим. Кейинчалик ушбу шахсларни суд қилган вилоят суди судьяси ҳам уларга айнан юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаган.

Йиллар ўтиб, Ғузор туманига меҳмон сифатида таклиф қилиниб, тўйга борганимда шу тумандаги собиқ раҳбарлар ва уларнинг қариндошлари мен билан самимий кўришиб, жуда миннатдор эканликларини билдиришди. Ўшанда касбимнинг ортидан дуо олганим учун ўзимда йўқ қувонганим ҳамон ёдимда.

Иккинчи воқеа

«Пахта иши» тергови даврида ғалати воқеа юз берди. Бир куни бир жувон ҳузуримда пайдо бўлди, кўзларидан ёш қуйилганча дардини айтди:
– Номусимни булғади…
– Ким?
– Мелиса терговчиси.
– Ғузорданми?
– Йўқ, Гдлян гуруҳидан бўлса керак, Сурхондарёдан чақирилиб, тергов ишларига жалб қилинган экан.
– Уфф… Бирор ашё бўлмаса…
– Фуражкаси меникида қолиб кетган. Бўйимда бола бўлиб қолган. Тўрт ойлик.

– Яхши. Лекин кечикибсиз-да. Ташқарида кутиб туринг. Жувонга жавоб бердим. Терговчини чақиртириб олганимда у юзсизларча ҳаммасидан тониб турди. Тезкор гуруҳ билан терговчи ва жувонни олиб, у яшайдиган хонадонга бордик ва фуражкани ашёвий далил сифатида олдик…

Қарангки, бу гдлянчи менга суиқасд қилиш режасини тузибди. Аввалига икки фарзандимни боғчадан ўғирлашга уринди. Уддалолмади. Сўнг уйимга бостириб киришни кўзлади. Икки ўртоғим билан уйда бўлганимиз унга халақит берди. Учинчи гал яна бир жирканч нағмани ўйлаб топди, бироқ ўзи қазган чоҳга ўзи тушганини сезмай ҳам қолди…

Гдлянчи терговчи кейинчалик мен ёзган тақдимномага асосан ўзининг номуносиб ҳаракатлари учун ишдан четлатилди. Қаранг-а, адолат ҳимоячиси адоват паноҳи бўлганидан кейин дардингни кимга айтасан?! Ўз касбини хор қилганлар обрў топмаган. Амал бошқа, мартаба бошқа деб шуни айтадилар-да.

Учинчи воқеа

Нишон туманидаги Усмон Юсупов номли ширкат хўжалигидан прокуратурага шошилинч хабар тушди. Туман ички ишлар ходимлари билан воқеа жойига етиб бордик. Тезкор гуруҳнинг пайдо бўлиши билан қозоқ миллатига мансуб кекса чол бошидан кепкасини ерга улоқтириб, дод солди: «Номардлар хотингинамни ўлдириб кетишди. Пичоқ билан роса чавақлашибди. Ухлаб қолибман. Вой-дод, ёрдам беринглар». Унинг кўз ёш тўкиб, чинқириши мени даставвал таҳликага солди. Эркакнинг аёлсиз яшаши оғир. Айниқса, кексайганида чолу кампир бир-бирига суяниб қолишади. Чол яктаги ёқасидан ушлаб, бошини саланглатар, «меҳрибон кампиргинам» дея гўдакдай изиллаб йиғлаши ҳаммани эзиб юборган. Мен майитнинг атрофида айланиб, синчковлик билан уни кўздан кечирдим. Ҳақиқатан марҳумга пичоқ такрор-такрор санчилган эди, вазминлик билан чолнинг ёнига бориб, унинг елкасига қўл ташладим.

– Бандалик, – дея ҳамдардлик билдирдим. – Жиноятчи топилади, кўп куюнманг, – дедим бир нохуш ҳолатни сезгандай.

Чолдан ароқ ҳиди анқирди. Унинг гапимдан сесканиши ўнғайсизлик туғдирди. Мен чолни зимдан кузатаяпман, тезкор гуруҳ ходимларига шошманглар дегандай ишора қилдим. Туман ички ишлар бўлими бошлиғини ёнимга чақирдим.
– Қотил узоққа кетмаган. Шу ҳовлига яширинган, – дея унга савол назари билан тикилдим. У елка учирди.

– Қотилликка қўл урган жиноятчи ўзини бўзга ўраб, дарров тутиб бермаса керак. – Аввал пичоқни топиш керак, – деб унинг сўзини бўлдим. –Ҳаммаси кейин аён бўлади.
– Менимча, пичоқни ҳожатхонага улоқтирган. «Беларусь» трактори олиб келиб кавлатсак-чи? – деб менга туман ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари мурожаат қилди. Мен бунга рози бўлмадим.
– Шошманг, томорқани қаранг, оёқ изларини кўздан кечиринг…
– Қотилни овсар кимсага йўяяпсиз шекилли?! – туман ички ишлар бўлими бошлиғи ҳушёрланди.

– У анойи муғомбир, ўртоқ майор, – деб ярим жилмайдим. Сўнг томорқа тарафга юрдим. Оёқ изларини синчковлик билан кузата бошладим. Менинг ноаниқ ҳаракатимдан майор елка қисди. «Қотил бўлади-ю осонгина ашёни тупроққа кўмиб қўярмиди?» дея ўйлади шекилли. Мен туфли товони чуқурроқ ботган изни пойабзалим учи билан титкилай бошладим. Шунда нимадир ярқ этди. Мен ашёвий далилни излашдан тўхтаб, туман ИИБ бўлимидаги криминалист экспертни чақирдим. Эксперт резина қўлқопини кийиб, мен ишора қилган жойдан пичоқни икки томонидан аста ушлаб олди.
– Пичоқдан из олинг, – дедим мен. – Чолнинг бармоғидан ҳам. Айвонга қаранг, чойнакпиёлалар қалашиб ётибди.

Улардан ҳам из олинг. Чол улфатчилик қилган. Қотил кампирнинг эри бўлиб чиқадиганга ўхшаяпти. Менинг дарҳол қарор қабул қилишимдан майор бироз эсанкирагандай бўлди. Орада экспертнинг хулосаси жиноят ишига якун ясади. Чол эса додлаб, тўс-тўполон кўтарди.

– Қотил бўлсам, сенларга мурожаат қилармидим?! Бошқа биров ўлдирган, менинг душманларим!
– Душманингиз ким? – деб сўрадим. Чол чайналди. Кайфдан тили айланмай ғўлдиради-да, тавбасига таяниб қўя қолди.
– Ўртоқ прокурор, мени қамамайсизми, билмасдан жаҳлим чиқиб, хотиним сўкингани учун кайф устида уни ўзим билмаган ҳолда ўлдириб қўйдим, – деб айбига иқрор бўлди…

Ҳа, баъзан вазиятга ўта мураккаб тус бермасдан, оддий мантиқ билан ишлаш орқали ҳақиқатга йўл топиш мумкин…


Прокурорликни ҳавас қилган ёшларимиз кўп. Бироқ фақат ҳавас ва иштиёқнинг ўзи етмайди. Масъулиятга, фидойиликка, машаққатларга, ҳаловатсиз кунларга ҳам шай бўлиб яшамоқ лозим. «Бўронларда бордир ҳаловат» дейди шоир. Мана шу қийинчиликларни енгиб ўтиб, бу касбдан шараф топиш мумкин.

Мусо ШАРИПОВ,
Қашқадарё вилояти
прокуратураси фахрийси