Субсидия учун сохта ҳужжатлар

12:30 - 29.12.2021

10

Абдужамил Мажидов 2017 йил октябрь ойидан буён Балиқчи тумани ирригация бўлимининг сув ресурслари гидрометри лавозимида ишлаб келарди. 2020 йил июль ойида ирригация бўлими бошлиғининг топшириғига биноан тумандаги «Абдуваққос ерлари» фермер хўжалигининг 18 гектар ерига сув тежовчи суғориш технологияси ўрнатилгани тўғрисида далолатнома ва хулосани Сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашиш бўйича туман комиссияси аъзоларига имзолатди, бироқ шу пайтда бевосита раҳбари даволанаётгани сабабли унинг ўрнига ўзи имзо қўйди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги 98-қарори билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисида»ги низомда сув тежовчи суғориш технологияси жорий этилган ҳар гектар майдонлар учун давлат бюджетидан 8 млн. сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.

Абдужамил Мажидов «Абдуваққос ерлари» фермер хўжалигининг 18 гектар ерига сув тежовчи технология ўрнатилмаганини била туриб, сохта далолатнома ва хулоса расмийлаштириб, давлат бюджетидан жами 144 млн. сўм субсидия «Абдуваққос ерлари» фермер хўжалигига ажратиб берилишига сабабчи бўлган.

Суд ҳукми билан Абдужамил Мажидовга қилмишига яраша жазо тайинланди.