Коррупция – иқтисодиётимиз ривожига тўсиқ

16:30 - 28.12.2021

11

Коррупция – иқтисодиётимиз ривожига тўсиқ, жамият тараққиётининг кушандаси. Бугун бу иллатга қарши курашиш бўйича юртимизда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2020 йилдан эътиборан мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар тузилиб, фаолият юритиб келаётгани фикримизнинг тасдиғидир.

Бироқ орамизда бировнинг ҳақидан ҳазар қилмай, одамларни алдаш ва тамагирликни касб қилиб олганлар ҳамон учраб турибди.

Қашқадарё вилояти прокуратурасида юқорида қайд этилган мавзуда ўтказилган йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси Абдулҳай Қаҳҳоров айнан шу ҳақда тўхталиб ўтди. У ўз сўзида агар коррупцияга қарши ўз вақтида ва жиддий курашилмаса, фуқароларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга ишончи йўқолади, ижтимоий муносабатларда адолатсизлик вужудга келади дея таъкидлади. Шунингдек, нотиқ мазкур иллатга қарши аёвсиз кураш олиб борилаётганига қарамай, айрим вилоят ва туман прокуратураси ходимлари нафсининг қулига айланиб, бундай жирканч ишга қўл ураётганликлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Тадбирни вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Шерали Аширов бошқариб борди. Унда прокуратура фахрийлари, вилоят прокуратураси таркибий тармоқ бошлиқлари ва барча ходимлар иштирок этишди.

Бош прокуратура ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси, прокуратура фахрийси Шомурод Қўшоқов, прокуратура фахрийси Яхшибой Очилов, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Дилфуза Қўчқорова ва вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Фахриддин Муродов муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдиришди. Хусусан, улар коррупция нафақат ҳар бир шахснинг ўзига кулфат келтириши, балки унинг оиласи учун ҳам иснод эканлиги, порахўр бутун умр қора доғ билан яшашга мажбур бўлишини таъкидлашди. Ходимлар орасида бунга йўл қўймаслик, бундай хунук ҳолатларнинг олдини олиш бўйича фикр билдиришди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Меҳмонлар Қарши туманидаги Қовчин қишлоғига бориб, улуғ аллома, Абу Мансур Мотуридий таълимотини ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишига беқиёс ҳисса қўшган Абу Муин Насафий мажмуасини зиёрат қилишди.

Равшан ХУРРАМОВ,j,

Қашқадарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи