Фидойилик ва садоқат билан

12:30 - 28.12.2021

11

Саҳифамизнинг бу галги меҳмони ҳақида ёзишга чоғланар эканман, мақолани у кишида мужассам бўлган меҳр-оқибат, эътибор каби фазилатлардан бошлашга қарор қилдим. Обид ака ҳассага таянганча қовоғи солиқ, тунд қиёфада юргани учунми, у кишидан тортинар, ботиниб гаплашолмасдик. Орада Обид ака пенсияга чиқиб кетди. Икки-уч йилдан кейин тўсатдан телефон жиринглади. Обид ака экан. Ҳол-аҳвол сўрагач, газетамизнинг ўтган сонида чоп этилган мақолам хусусида гап очди. Маъқул бўлганини айтиб, бир-икки жойига фикр билдирди. Кейинчалик ҳам гоҳ байрам муносабати билан, гоҳида яна мақола сабаб қўнғироқ қиладиган бўлди.

Меҳнат фаолиятини 1959 йилда машинист ёрдамчиси сифатида бошлаган Обид Нурбоев 1969 йилдан Шеробод тумани прокурорининг ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлайди. Ўтган давр мобайнида касбига фидойилиги, ҳалоллиги билан ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонади. 1992 йилда давлат раҳбарининг фармони билан «Ўзбекистон Республикасининг фахрий ёрлиғи» билан тақдирланади. 1997 йилда «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими» кўкрак нишони, 1999 йилда эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвони билан тақдирланади. Шунингдек, ҳукумат ва раҳбарият томонидан 20 мартадан зиёд рағбатлантирилади.

– Обид ака билан бир бўлим ё бошқармада ишламаган бўлсам-да, у киши ҳақида ўша даврда бирга фаолият юритаётган ҳамкасбларимдан фақат яхши гаплар эшитардим, – дей ди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раисининг ўринбосари Абдусамат Абдураззоқов. – Обид ака билан неча марта ҳамсуҳбат бўлган бўлсам, ҳар сафар ўзига талабчан бўлиш билан бирга, бошқалардан ҳам шуни талаб қилишига амин бўлардим. У киши ҳар доим ўзига юклатилган вазифага холисона ёндашиб, фидойилик ва садоқат билан иш юритарди. Биз каби ёш ходимлар эса ундан ўрнак олишга интилар эдик. Янглишмаган эканмиз, буларнинг барчаси келгусида самара бермай қолмади.

– 1978 йил, Бухоро вилояти прокуратурасида прокурор ёрдамчиси лавозимида ишлаб юрган пайтларим, – дея эслайди прокуратура фахрийси Маҳмуда Саидова. – Бир куни республика прокуратурасидан текширувчилар келиши ҳақида гап тарқалди-ю ҳаммани хавотир чулғаб, ҳаяжон босди. Кўп ўтмай беш-олти кишилик гуруҳ келиб, ишга киришди. Деярли барчаси русча гапирадиган ходимлар – қовоғидан қор ёққанча, бирор нарсани сўраса ҳам қўрслик билан, фақат рус тилида муомала қилади. Биз ҳам чўчиб турибмиз, русчани унчалик билмайдиган ходимларни-ку билганини ҳам унутиб қўйиш даражасида ҳаяжон босган.

Икки-уч кундан кейин раҳбариятнинг топшириғи билан чой дамлаб, меҳмонларнинг ҳузурига қўрқа-писа кирдим. Салом бердим-да, чойнакни стол устига қўйдим. Энди қайтиб кетмоқчи эдим, кимдир «Синглим, тўхтанг» деб қолди. Ўзбекча талаффуз қулоғимга шунақанги ёқимли эшитилдики, хавотирим зумда йўқолди. Қарасам, комиссиядагилар орасида ўзимизнинг қош-кўзи қора ўзбек ўғлони ҳам кулимсираганча ўтирибди. Шу пайтгача у киши ҳақида бир-икки марта эшитган бўлсам-да, ўзини ҳали кўрмаган эдим. Обид ака ўтиришга таклиф қилди. Қаердан эканим, қайси лавозимда ишлашим билан қизиқди. Бироз суҳбатлашгач, жавоб берди. Ташқарига чиққач, ходимларга комиссия таркибида ўзбек одам ҳам борлигини, хавотир олмасликни айтиб, тасалли берганман. Орадан йиллар ўтиб, у киши билан республика прокуратурасида, бир бўлимда ишлашга тўғри келди.

Баджаҳлга ўхшаб кўринадиган, унча-мунчага ҳазил қилмайдиган бу инсон табиатан анча меҳрибон ҳам эди. Биргина мисол: бир куни журнал учун суратга оладиган бўлиб қолишди. Нимадир сабаб бўлиб ўша куни мундирим уйда қолиб кетибди. Суратчилар шошиб туришибди.

Ўйлаб кўрсам, Обид аканинг ҳам, менинг ҳам унвонимиз адлия катта маслаҳатчиси. Шу сабабли таваккал дедим-да, у кишининг хонасига кириб бориб, «Мундирни ечинг!» дедим. Шижоат билан кирган бўлсам керак, Обид ака индамай мундирини ечиб берди. Ўзи эса ҳайрон бўлганча орқамдан чиқиб келди. Сабабини билгач, «Шу мундир энди сизники» деб кулиб юборди.

Обид ака ишга жуда масъулият билан ёндашарди. Масалан, юритувидаги ишда савол туғилса, яшаш жойидан қатъи назар, албатта даъвогарни ҳам, жавобгарни ҳам чақиртирарди. Ҳар иккаласининг даъвосини эшитгач, шунга яраша хулоса чиқарарди. Айтмоқчи, ўша ишни ҳам чақиртириб олиб, пухта ўрганарди. Ёки бирор мурожаат ўрганилиб, Олий судга протест киритилса, Обид ака ҳамма ишини ташлаб, судда қатнашишга ҳаракат қиларди…

Булар Обид Нурбоевнинг кўп йиллик фаолиятидан бир шингил, холос. Агар у кишининг бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларидаги прокуратура органларида ишлаётган ҳамкасблари-ю шогирдлари ҳам эсдаликлари билан ўртоқлашса, аминманки, барчаси каттагина китобга етиб, ортиб ҳам қолади. 2021 йил ёзида қутлуғ 80 ёшини нишонлаган Обид Нурбоев икки-уч ой аввал инсультни бошидан ўтказди. Мазкур мақола баҳонасида у кишини касб байрами билан табриклаш баробарида, дардига Яратгандан шифо сўраб қоламиз.

Ғофуржон АЛИМОВ,
«Huquq»