Боғчадаги чала ишлар

18:00 - 28.12.2021

5

Шуҳрат Хонқулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2016 йилдан бери «Қўрғон файзли чорваси» МЧЖ раҳбари бўлиб ишлаб келади. Корхона мебель ишлаб чиқариш, таъмирлаш, сотиш, қурилиш-таъмирлаш, металл буюмларга ишлов бериш, сотиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади.

Фарҳод Тўйлиев — «Иброҳим Нур» МЧЖ раҳбари. У давлат-хусусий шерикчилиги асосида боғча қуриш учун «Микрокредитбанк»нинг Каттақўрғон филиали билан кредит шартномаси тузди. Банк 1 фоиз устама тўлаш шарти билан 1 млрд. 20 млн. сўм миқдорида кредит ажратди. Шундан сўнг ўзига тегишли, Каттақўрғон тумани Қоракўлча маҳалласида жойлашган 0,25 га ерда 50 ўринли хусусий боғча қурилишини бошлаш мақсадида «Қўрғон файзли чорваси» МЧЖ билан пудрат шартномаси тузди. Шартномага кўра «Иброҳим Нур»дан «Қўрғон файзли чорва» ҳисобрақамига 2019 йил 11 июлда 325 млн. 800 минг сўм, 17 июлда 200 млн. сўм пул кўчириб берилди.

Шуҳрат Хонқулов «Қўрғон файзли чорваси»га кўчириб берилган 525 млн. 800 минг сўм пулни ўзининг номига очилган корпоратив пластик картасига тушириб олди. Бу пулга ҳар хил савдо ташкилотлари ва дўконлардан қурилиш моллари сотиб олди.

У жами 351 млн. 669 минг 500 сўмлик ишни бажариб, қолган 174 млн. 130 минг 500 сўмлик ишни бажармай кетди. Фарҳод Тўйлиев бир неча марта ишни охиригача етказиб беришни сўради. Бироқ у қурилиш молларини ишлатиб юборгани учун таъмирлаш ишларини охиригача етказолмади.

Фарҳод Тўйлиев боғчани эртароқ ишга тушириш мақсадида ўз танишларидан қарзга қурилиш моллари олиб, қурилиш ва таъмирлаш ишларини тамомлади. Шундан сўнг «Қўрғон файзли чорваси»ни Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига берди. Шу суднинг ажримига асосан у ва «Қўрғон файзли чорваси» раҳбари ўртасида келишув битими имзоланиб, битимга кўра Шуҳрат Хонқулов 174 млн. 130 минг 500 асосий қарз ва 30 млн. сўм жарима, жами 204 млн. 130 минг 500 сўм пулни 2020 йил 20 октябрга қадар тўлаб бериши керак эди. Лекин «Қўрғон файзли чорваси» раҳбари тўловга имкони бўлса-да, пулни тўламай, қочиб юрди.

Фарҳод Тўйлиев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Самарқанд вилояти давлат молиявий назорати бошқармаси ўтказган ўрганишда Шуҳрат Хонқулов кўчирилган пулдан 351 млн. 669 минг 500 сўмлик қурилиш молларини «Иброҳим Нур»га тегишли хусусий боғчага ишлатгани, қолган 174 млн. 130 минг 500 сўмлик қурилиш молларини эса ўзи раҳбарлик қилиб келаётган Каттақўрғон туманидаги «Келажак болажонлари» МЧЖга қарашли хусусий боғчанинг қурилишига ишлатгани аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давомида Шуҳрат Хонқулов 174 млн. 130 минг 500 сўм моддий зарарни вилоят прокуратурасининг депозит ҳисобрақамига тўлаб берди.

Судда Фарҳод Тўйлиев ушбу пулни «Иброҳим Нур»нинг ҳисобрақамига ўтказишни ва судланувчидан 30 млн. сўм банк фоизини ундириб беришни сўради. Пул ўтказилди, фоиз ундирилиши қайта кўрилади. Суд ҳукми билан Шуҳрат Хонқуловга иш ҳақининг 25 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.