Давлат мулки хатланди

14:30 - 28.12.2021

14

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда банклар бераётган кредитларнинг аҳамияти беқиёс. Бу фуқароларимиз кредитдан тўғри фойдаланиши билан бирга кредит шартномаси орқали зиммасига юклатилган мажбуриятни ўз вақтида адо этишини ҳам тақозо қилади.

Шароф Рашидов тумани ободонлаштириш бош­қармаси бошлиғи Тоҳир Ҳамроқулов масъулиятни унутиб қўядиган тадбиркорлардан экан. У 2020 йилнинг июль ойида танишининг номига «Ziynatkor tomorqa xizmatlari» масъулияти чекланган жамияти ташкил қилиб, «Агробанк»нинг Жиззах филиалидан 420 млн. сўм кредит олади. Буни қарангки, Т.Ҳамроқулов мазкур ҳолатда қонун талабларини бузиб, мансаб ваколатларидан ўз манфаати йўлида фойдаланади. Яъни кредит олиш учун у туман ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган, нархи 628 млн. 228 минг сўмдан ортиқ «Isuzu» русумли автовишка ҳамда автобусни гаровга қўяди. 

Кредит шартномасига кўра банк кредит бериш, жамият эса олинган пулни белгиланган муддатда қайтариш мажбуриятини олган эди. Кредитни сарфлаб юборган Т.Ҳамроқулов уни қайтариш вақти келганда мажбуриятини унутади. Банк раҳбариятининг огоҳлантиришлари унга кор қилмайди. Шундан сўнг банк судга даъво аризаси киритади. Суд қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг аризасини қаноатлантиради ва кредит қарзи ундирувини гаровга қўйилган мулкка қаратиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Қарор ижрога юборилгач, МИБ туман бўлими томонидан 2021 йилнинг февраль ойида гаровга қўйилган автомашиналар хатланиб, олиб қўйилади. Оқибатда ободонлаштириш бошқармаси манфаатига кўп миқдорда зиён етади.

Давлатга тегишли мулк хатлангач, туман ҳокимияти ҳолатга ойдинлик киритиш учун департаментга мурожаат қилади. Суриштирувда барчаси фош этилади. Т.Ҳамроқуловга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилади.

Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Фориш тумани судида атрофлича кўриб чиқилди. Суд давлатга етказилган зарар қопланганини инобатга олиб, Т.Ҳамроқуловга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.