Ҳаётнинг арзон қадри

18:00 - 27.12.2021

18

Суднинг қора курсисида ўтирган икки йигитни кўрганлар уларнинг қотиллик қилганига ишонгиси келмайди. Бироқ бу ҳақиқат. Бири 23, бири 21 ёшда бўлган, умр баҳоридан сармаст йигитларнинг инсонийлик чегарасидан чиқиб, жирканч ишга қўл урганини эшитиб ёқа ушлайди киши.

Неъмат (исмлар ўзгартирилган) заргар, заргарлик буюмларини тузатиш, сотиш билан шуғулланади. Бироқ ёлғончилиги боис топганида барака бўлмади.

Шоҳида тақинчоқларини тузатиш учун Самарқанддаги заргарлик устахонасига келганда Неъмат билан танишиб қолди.

Неъмат Шоҳиданинг кулони ва билакузугини тузатиб беришини айтди. Улар телефон рақамларини алмашди. Шоҳида унга тақинчоқларни сотиб юбормаслигини тайинлади.

Орадан анча кун ўтгач Шоҳида билакузугини олади, кулонни эса Неъмат турли баҳоналар билан бермайди, бошқа бировга сотиб юборади.

Уддабурон, енгил ҳаёт истагидаги Неъмат бир куни Шоҳидага қўнғироқ қилиб:

– Синглим Америкада эди, яқинда келди. Унга билакузук ясаб бермоқчи эдим.

Мен тузатиб берган 15 граммлик билакузугингизни бериб туринг, қолип олиб бошқа ясайман, – деди.

Шоҳида ишонмай, рози бўлмайди. Лекин Неъмат ҳоли жонига қўймай, қайта-қайта сўрайвергандан кейин билакузугини берди.
Бир неча кундан сўнг Шоҳида билакузук ва кулонини сўрайди. Аллақачон сотиб пулини ўз жиғилдонига сарфлаб юборган
заргар йигит «тақинчоғингиз қолипнинг ичида» деб алдайди.

Кейинроқ Неъмат яна Шоҳидани йўқлади.
– 38 граммлик билакузугингизни ҳам бериб туринг, ундан ҳам қолип ясаб олай,
– деди. Шоҳида кўнмади.
– Кўз олдингизда қолип оламан, кейин қайтариб олиб кетасиз, – деб илтимос қилаверди. Унга ишонган Шоҳида тақинчоғини олиб келди.

Устаси фаранг бўлиб кетган Неъмат қолип олиб бўлганидан сўнг Шоҳидага қолипни бериб, «уйга бориб тўрт кун ушлаб туриб, кейин олинг» дейди.

Орадан 15 кунлар ўтганидан сўнг Шоҳида меҳмондорчиликка бормоқчи бўлиб, қолипни очди. Афсуски, қолип бўм-бўш, ичида билакузуги йўқ эди. Шоҳида Неъматга қўнғироқ қилиб, қаерда эканини сўраб ёнига борди. Алданганидан жаҳли чиққан аёл бақир-чақир қилиб, билакузугини қайтаришини сўради. Неъмат: – Ўзингизни босинг, бошқа билакузук бераман, эртага ўзингизникини бераман, – деб бошқа тақинчоқ бериб юборди. Шоҳида бошқа заргарлик устахонасига бориб, билакузукнинг сохта эканини билди.

Шоҳида Неъматни топиб кўришди. Неъмат бу гал ҳам аёлни алдади. «Малибу» машинасини сотганини, пулини олгандан сўнг қайтариб беришини, ҳозир бир кишида турганини айтиб ишонтирди. Аёлнинг молига кўз тикишдан ор қилмаган йигит унинг 85 долларлик кулони, 15 граммлик, бозор баҳоси 500 доллар ва 38 граммлик, 3500 долларга тенг бўлган тилла тақинчоқларини сотиб, пулларини еб юборди.

Бундан ташқари, ундан 800 доллар ҳам олиб, бермай кетади. Зариф ҳам бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиганлар хилидан. Неъматнинг қариндоши. Зариф бундан бир-икки ой аввал телефон савдоси билан шуғулланадиган танишини алдаб, пулини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан телефон олади.

Унга ишонган сотувчи нархи 3300 долларлик 5 дона «Ipone Х» русумли телефонларни беради. Зариф телефонларни сотиб, пулини сарфлаб юборади.

Сардор – Неъматнинг қўшниси. У «Пайнет» шохобчасида ҳисобчи ва кассир бўлиб ишлайди. Ҳар куни «Пайнет» шохобчаларидан пул йиғиб, раҳбарининг топшириғига кўра айтилган жойларга топширади.

Унинг бир неча йилдан бери шу иш билан шуғулланишини, машинасида ҳамиша катта миқдорда пул юришини Неъмат яхши билади.

Бир сафар Сардорнинг ўзи уни чақириб, бирга пул йиғишди. Ўша куни йиғилган пулдан 5 млн. сўм кам чиқади. Сардор Неъматга қўнғироқ қилиб:
– Ҳамма шохобчалардан пулларни йиғдикми, 5 млн. сўм кам чиқаяпти-ку? – деди.
– Пулга тегинганим йўқ, билмадим, – деди Неъмат.
– Бирга эдик-ку, қаёққа йўқолиши мумкин?.. Жўра, ҳозир шароитим йўқ, 5 млн. сўмни бирга тўғрилаб берайлик бошлиққа, кейин келишиб кетамиз, – деди Сардор.

Шундан кейин Неъмат 2 млн. сўм беради. Кейинроқ бошқа танишларидан Сардорнинг «Неъмат 5 млн. сўм пулимни ўғирлаган, 2 млн. сўмини қайтариб берди» деган гапини эшитиб, иккови тортишиб қолади.

Шу гап фалокатнинг сабабларидан бири бўлди. Зариф Неъматга телефон қилиб, «бир баҳона қилиб мени уйдан олиб кетинглар» дейди. Шундан сўнг улар Сардорнинг «Ласетти» машинасида Зарифникига боришди.

Анча пайт кутгандан сўнг Зариф чиқиб, машинанинг орқа ўриндиғига ўтирди.

Сардор машинани уйига ҳайдади. Ўша кунги йиғилган пулларни топшириш учун уйидан пул олиб юкхонага ортди. Йўл-йўлакай 20 кунлар олдин йўқолган пул ҳақида яна тортишиб, бир-бирини ҳақорат қилишди.

Неъмат жаҳлига эрк берди. Ёнида олиб юрган қайирма пичоғини Сардорнинг қорнига тиқиб олди. Сардор бақириб юборди, машинани газ педалини босиб, катта тезликда ҳайдай бошлади. Бу орада Неъмат яна бир неча марта уни жароҳатлади. Сардор рулни маҳкам ушлаб, газни босганча ҳушидан кета бош лади. Машина йўл ўртасидаги темир устунга қараб бораётганини кўриб, Неъмат бошқарувни ўзига олди. Сардорнинг қўлини тишлаб рулдан ажратиб олди, газ педалини қўйиб юбориши учун оёғига бир неча марта пичоқ урди. Сардор хириллаб, қаршилик кўрсатмай қўйди. Зариф ўриндиқнинг суянчиғини ётқизиб, Сардорни орқа ўриндиққа тортиб олди. Неъмат машинани бир амаллаб тўхтатди ва четга олди. Кейин Сардорга қаради. Унинг жони узилганини билгач: – Сен ҳам менга шериксан, ҳеч кимга айтмайсан! – деди Неъмат.

Шундан кейин улар машина рақамини ечиб олишди ва қў йиб кетишга овлоқроқ жой қидиришди. Улар бош суқмаган кўча қолмади, холи жой топишолмади. Тонг отмай Сардорнинг жасадини юкхонага қўйиб, у ердаги 70 млн. сўм пулни олишди. Улар айланиб юриб-юриб, охири тахта бозор ёнига келишди. Бир дўкондан дока, сув ва нам салфетка олиб, машинадаги қон доғларини артиб чиқишди.

Кейин Неъмат Шоҳидага телефон қилиб чақирди, Сардорнинг машинасидан олган пулдан 800 долларлик қарзини берди. Кейин иккови бош-оёқ ки йим сотиб олишди.

Сўнг машинанинг ойналарига қорайтиргич ўрнатиб, Гулобод қўрғонигача ҳайдаб боришди. Шу атрофда ишлаётган усталардан бирига машинадан хабар олиб туришини тайинлаб ташлаб кетди.

Бир одамни, дўстини ўлдирган йигитларнинг кўнглига кайфу сафо сиғди. Улар гаплашиб юрадиган қизлари билан кўришиб, Тошкентга кетиш режасини тузишди. Улуғбек бекатига бориб, такси гаплашишди. Қимматбаҳо машина ҳайдовчиси 700 минг сўмга айтилган жойга олиб борадиган бўлди. Йўлда Сардорнинг телефонидан бошлиғи ва уйидагиларга «Тошкентга кетаяп ман, икки уч кунда келаман» деб хабар юбордилар, кейин сим карталарини тишлаб синдириб, «Samsung А51» русумли телефонини бўлакларга ажратиб машина ойнасидан ташқарига улоқтиришди.

Тошкентга боргач, бир уйни ижарага олиб, шу ерда тунашди. Пешона терига топмаган пулини аямай сарфладилар. Қизларга ҳам кийим-кечак сотиб олиб беришди, кафеда овқатланишди. Эртаси куни савдо марказига бориб, қизларга 130 долларга қулоқчин, 235 долларга «Samsung А 32» русумли телефон олишди. Неъмат ўзига 650 долларга ишлатилган «Ipone 11 pro», Зариф эса 390 долларга ишлатилган «Ipone Х» телефонини, аксессуарлар ва қизлардан бирининг номига 6 та сим карта олди.

Кейин қизларни таксига миндириб, уйларига юборди. Ўзлари кейинроқ қайтадиган бўлишди. Икки йигит тентираб, катта шаҳарга сиғмади, чўнтагида мўмайгина пул бўлса-да, ҳаловат топмай ортга қайтишди.

Неъмат борса машина ҳалигача жойида турган экан. У машинани ҳайдаб, Чархинга олиб келди. Шу ерда бир кўчада қолдириб, яна Тошкентга қайтиб кетди. Аввалига бир меҳмонхонага жойлашди. Кейин у ердан чиқиб, Жиззахга кетди. Бу ерда ҳам тентираб юриб-юриб, Тошкентга қайтиб кетди.

Бўстонлиқ туманига бориб бир дачани ижарага олди. Шаҳвоний нафсини қондириш ниятида аёлларни олиб келиб, дача эшигини очаётганда ИИБ ходимлари ушлашди.

Сардор кўпинча кечалари ҳам таксичилик қиларди. Ярим кечаси уйғонганда ўғлининг хонасида йўқлигидан ота-онаси таксичилик қилишга кетган деб ўйлашди. Эрталаб эса катта миқдордаги пул билан чиқиб кетиб, бошлиғига ҳам учрашмаганини билиб хавотирланди. СМС хабар келгач ҳам хавотири аримади. Таниш-билишларидан сўраб-суриштирди. Кўрганлар охирги марта Неъмат иккови бирга эканини айтишди.

Неъматнинг уйига бориб, тополмади. Охири ИИБга бориб, ўғлининг йўқолгани ҳақида айтди. ИИБ ходимлари зудлик билан ишга киришиб, айбдорларни топишди.

Суд икки йигитга ҳукм ўқиди. Неъмат қолган умрининг 19 йилини, Зариф эса 18 йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Судланувчилар жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Жабрланувчиларга етказилган зарар ундириладиган бўлди.

Абубакир МИРЗАХМЕДОВ,
Самарқанд вилояти прокуратураси
АМИБ катта терговчиси