Ер билан боғлиқ ўзбошимчаликлар

16:30 - 27.12.2021

14

Жиззах вилоятида ерга оид қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган мониторингларда туманларда жами 715 та ҳолатда 149,03 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида 251 та ҳолатда 84 гектар ер қайтарилиши таъминланди.

Ноқонуний эгаллаб олинган 20,52 гектар ерда ноқонуний иморатлар қурилгани аниқланиб, 8 гектар ердаги 156 та ноқонуний иморат бузилди.

Вилоят бўйича 283 гектар ердаги 3563 та бинонинг ҳуқуқий ҳужжати йўқлиги аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида 132 гектар ердаги 949 та иморатнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, солиққа тортиш базасига киритилди.

Ерларни талон-торож қилиш билан боғлиқ 33 та жиноят иши қўзғатилди, шундан 30 таси бевосита ерни сотиш билан боғлиқ, улар бўйича 102 гектар ер 607 млн. сўм ва 73 минг АҚШ долларига сотиб юборилгани аниқланди.

Жиноят иши қўзғатилган шахсларнинг 8 нафари фермер, 1 нафари ер ресурслари ходими, 1 нафари давлат кадастри ходими, 22 нафари фуқаролардир.

Ўтказилган хатлов натижасида ерга оид қонун бузилишлари юзасидан ғайриқонуний ҳужжатларга нисбатан 342 та протест келтирилди, 28 кишига нисбатан интизомий, 32 кишига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, 37 нафар шахс огоҳлантирилган. Судларга 44 та даъво аризаси, мутасадди ташкилотларга 31 та тақдимнома киритилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан назорат тадбирлари ўтказиб борилди.

2021 йилда 41448 гектар ерда сув тежовчи технологияларни ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, амалда 19497 гектарига ўрнатилди.

Бу йўналишда қонун бузилишларини бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга 2 та тақдимнома киритилиб, 85 нафар мансабдор расман огоҳлантирилди, 34 кишига нисбатан маъмурий ва 1 кишига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди. Фермер хўжаликларининг 1540,1 гектар ерида сув тежовчи ускуналар ўрнатилмаган бўлса-да, уларга 14 млрд. 446 млн. сўм субсидия ноқонуний ажратилгани аниқланиб, 11 та жиноят иши қўзғатилди.