Ғишт заводидаги сир

12:30 - 27.12.2021

5

Нафсининг қулига айланиб қолган киши ҳар қанча типирчилаб, ўзини ҳар томонга урмасин, ундан қутулиши қийин. Виждон билан курашда ғалаба қилган нафс сабру қаноатни маҳв этиб, ўз соҳибини жиноят кўчаси томон етаклайди. Муборак туманидаги «Муродбой-Суҳроббой» МЧЖ раҳбари вазифасида ишлаб келган Олмосбек Қувватов фақат ўзини, нафсини ўйлади. 

Президентнинг 2020 йил 18 июндаги «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан 2020 йил 1 августдан табиий газ бўйича ҳисоб-китоб­ларни олиб бориш «Ҳудудгазтаъминот» акционерлик жамиятига юклатилган.

Мазкур акционерлик жамияти раҳбарининг 2020 йил 9 июлдаги «Аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни хатловдан ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида»ги 183-буйруғи қабул қилинган.

«Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали директорининг 2020 йил 17 ноябрдаги «Доимий хатлов ўтказиш тўғрисида»ги буйруғига асосан улгуржи истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланиш қоидаларига амал қилишини доимий назорат қилиш бўйича гуруҳ тузилган. Гуруҳ томонидан 2020 йил 20 ноябрь куни О. Қувватов раҳбарлигидаги «Муродбой-Суҳроббой» МЧЖга қарашли ғишт заводида мониторинг ўтказилган.

Текширишда 2018-2019 йиллар қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда стратегик объектларни узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида завод табиий газ тармоғидан узиб қўйилган бўлишига қарамасдан, текин даромад орттириш мақсадида завод ҳудудида лойиҳа ҳужжатларидагидан ташқари учта печ қуриб, юқори босимли магис­трал газ қувурига ўзбошимчалик билан уланиб олгани аниқланган.

Бу билан О. Қувватов Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергия­си ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 123- ва 125-бандлари талабларини қасддан бузиб, «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиалига 1 млрд. 661 млн. 291 минг 500 сўмлик зарар етказган.

Судланувчи О. Қувватов гарчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлмаган бўлса-да, унинг айби фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, шунингдек, ишдаги ёзма далиллар, юзлаштириш баёнлари, экспертиза ва тафтиш хулосалари, уларга илова қилинган ҳужжатлар, етказилган зарарнинг бир қисмини қоплаш учун тўланган пулнинг квитанциялари ҳамда жиноят ишидаги бошқа ёзма далиллар асосида исботланди.

Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани суди мазкур жиноят ишини атрофлича кўриб чиқиб, О. Қувватовни айбли деб топди ва унга нисбатан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Етказилган зарарни қоплаш мақсадида вилоят прокуратурасининг депозит ҳисоб­рақамига тўланган 120 млн. сўм пул «Ҳудуд­газ Қашқадарё» газ таъминоти филиалининг ҳисобрақамига ўтказиб берилди.