Тараққиёт душмани

10:30 - 27.12.2021

8

Айримлар пул билан ҳамма нарсани ҳал қилса бўлади деб ўйлашади. Баъзилар даромадини ошириш, қилмишини яшириш мақсадида ҳеч нарсадан, ҳатто пора беришдан ҳам тап тортмайди.

«Hazorasp-Textil» МЧЖда ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келган С. А. ҳам давлат хизматчисини пора эвазига оғдириб олмоқчи бўлди.

Гап шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра пахта чигити ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар тўлиқ технологик циклда қайта ишлаб олинган тайёр маҳсулотлар учун гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатига эга бўлган маҳаллий корхоналарга биржа орқали сотилиши лозим. Корхоналарнинг гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатига эга эканлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан назорат қилинади. С. А. эса «Hazorasp-Textil» МЧЖ ва «Wbm Qo‘shko‘pir Claster» МЧЖларда қайта ишланган 1200 тонна чигитни синов баё­ни олмасдан, хулоса ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлмаган Хоразм вилоятидаги ва бошқа корхоналарга биржасиз сотишга уринди. Ушбу масалада ёрдам бериши ҳамда Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази Хоразм вилояти филиали ходимлари томонидан бу ҳолат аниқланиб қолгудек бўлса, қонун бузилиши бўйича ҳужжат расмийлаштирмаслик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширмаслик эвазига филиал мутахассиси Д. Ш.га 10 минг АҚШ долларини пора тариқасида таклиф қилди.

Мутахассиснинг виждони бунга йўл қўймади. Д. Ш.нинг ўз касбига садоқати ва ҳалоллиги туфайли жиноятнинг олди олинди. С. А. Д. Ш.га 5 минг долларини пора тариқасида берган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. Қонун устуворлиги таъминланиб, суд ҳукми билан С. А. жазога тортилди.