Уч хотиндан беш фарзанд

14:30 - 27.12.2021

16

Оила азалдан муқаддас даргоҳ саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Келишмовчиликлар, ўзаро жанжаллар оқибатида оилаларнинг бузилиб кетиши ҳаммамизни ўйлантириши керак.

Бойсун туманида яшовчи Акрам Бўриев уч марта оила қуриб, биринчи оиласидан бир, иккинчи ва учинчи оиласидан икки нафардан фарзанд кўрган.

Минг афсуски, Акрам Бўриев болаларининг моддий таъминотига бефарқ бўлгани сабабли суд буйруқларига асосан ундан алимент ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси Бойсун тумани бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздор отанинг четга чиқиш ҳуқуқига тақиқ ўрнатилган эди.

Шунингдек, Акрам Бўриев алимент тўлашдан бош тортиб, номаълум тарафга кетиб қолгани сабабли унга нисбатан 2020 йилнинг февраль ойида қидирув эълон қилинган эди.

Бюронинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан олиб борилган қидирув натижасида қарздор ота Тошкент шаҳрида экани аниқланиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун бюронинг туман бўлимига олиб келинди.

Шундан сўнг салкам 2 йил давомида алимент тўлашдан бош тортиб келган отанинг иши жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани судида атрофлича кўриб чиқилди ва жами 58 миллион сўм алиментни тўлашдан бош тортгани аниқланиб, суд қарори билан унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.