“Ҳоким бобо ҳал қилиб беради…”

16:00 - 24.12.2021

14

«Туманимиз ҳокими қалин ошнам бўлади. Мен нима илтимос қилсам, йўқ демайди. Ер ажратиш масаласида-ку доим менга қулоқ солади». Элбекнинг мақтаниб айтган бу гаплари Икромни ўйлантириб қўйди.

«Ҳоким билан ошна бўлса бордир. Ахир у фермер хўжалиги раиси, ёши қирқ бешга қараб кетаётган эркак, ёлғон гапирганидан унга нима фойда? Яхшиси, унинг ошналигидан фойдаланиб қолиш керак» деган фикрга келган Икром қаттиқ янглишаётганини, бу кимса илгари бир неча марта жиноят қилиб, суднинг қора курсисига ўтирганини, қилмишларидан хулоса чиқармаганини билмасди. Шунинг учун Икром Элбекка дардини айтди:

– Ака, менга керак одам экансиз. Томойрот қишлоғида интенсив боғ барпо этиш учун қулай 30 гектар ер бор. Кўпдан бери кўз остимга олиб юрибман. Ҳоким билан таниш эмаслигим панд бераётганди. Биров илиб кетмасидан шу ерни олишимга ёрдам беринг.

Элбек қувониб кетди, мақсади ҳам шу эди:

– Ўзи ҳар ким учун ҳам ўртага тушавермайману, майли, сизга ёрдам қиламан. Ҳоким қарори қўлимда деб ҳисоб­лайверинг. Фақат ер олишнинг ўзи бўлмайди, каттагина пул керак, шу гап ёдингизда турсин.

Икром пули борлигини, қарорни чиқартириш нархи қанча бўлишини сўради.

– Ўн беш минг беш юз АҚШ долларидан камига битмайди! – деди Элбек. Гарчанд ушбу ҳолатдан туман ҳокимининг хабари бўлмаса-да, пулнинг 15000 долларини ҳокимга беришини, хизмати учун ўзига 500 доллар олишини айтди. Икром кўнди. Элбек Икромда шунча пул борлигини билгач, типирчилаб қолди. – Боғдорчилик учун қулай жой бўлса, у ерларнинг харидори кўп бўлади. Агар ҳозир ёнингизда пул бўлса, бўнак сифатида берсангиз, ўзингизга яхши.

Икромнинг ёнида пули бор эди, ўйлаб-нетиб ўтирмай Элбекка 100 долларни узатди. Элбек пулни чўнтагига жойларкан, «Бу йигитнинг акаси Америкада ишлайди. Пули кўплиги аниқ» деб «лаққа балиқ» тутганидан севинди.

Шундан сўнг Элбек Икромни олиб туман ҳокимлигига борди. Ичкарига кириб қайтиб чиққач, ҳокимни рози қилганини, ҳоким ерга бирон экин экилган­экилмаганини сўраганини, иш тез орада битишини айтди. Икром яқин орада боғдорчиликни йўлга қўйишини орзу қилиб қувонганча уйига кетди. Аммо бу орзулар саробга айлана бошлади. Қарордан дарак бўлмади. Ёлғоннинг умри қисқа. Боғдорчиликни режалаштираётган Икром учун ҳар бир дақиқа ғанимат бўлгани боис Элбекни қистовга олди. Орадан озроқ вақт ўтиб Элбек иш тезлашиб кетганини, ҳоким пулнинг ярмини сўраётганини, қолган пулни эса ернинг қарори чиққанидан сўнг беришини билдирди. Икром рози бўлди. Келишилган вақтда, айтилган жойга бориб, 7400 долларни Элбекка топширди.

– 400 долларини ажратиб машинамнинг тезлик ричаги олдига қўйинг, қолган 7000 долларни эса машина бардачогига ташланг, – деди. – Ўша кунги юзтани ҳам қўшсак, аввал айтганимдек, беш юз менинг хизмат ҳақим бўлади.

Аммо унинг қувончи узоққа чўзилмади. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган ходимлари фуқаро И.Собиржоновнинг аризаси асосида тезкор тадбир уюштиришган эди. Унда Э.Самадов олдиндан келишилган пулдан 7400 долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Судланувчи қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, айбига иқрорлигини айтиб, қонуний енгиллик беришни сўради. Суд ҳайъати дастлабки тергов органи томонидан тўпланган ҳамда суд мажлисида текширилган, судланувчининг айбини тасдиқлайдиган далилларни мақбул далиллар деб эътироф этди. Судланувчининг жуда кўп миқдорда пора беришга далолат қилиши Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан квалификация қилиниб, унинг фирибгарлик жиноятини содир этгани ҳам ҳисобга олинди. Унга тайинланган жазоларни тўлиқ қўшиб, узил-кесил ўташи учун 24 млн. 500 минг сўм жарима ҳамда 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.