Гримдаги қиёфалар

14:30 - 24.12.2021

11

2020 йилнинг ноябрь ойида Бош прокуратурада коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабабларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтган эди. Унда Бош прокурор Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратишганига ҳам тўхталганди.

Бу схема билан давлат бюджетидан бир неча миллиард сўм маблағ ўмарилгани, жиноятчилар эса қамоққа олиниб, тергов қилинаётгани айтиб ўтилганди. 2021 йилнинг июнь ойида жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди томонидан Маданият вазирлигида ишлаб, бюджет маблағини талон-торож қилган шахсларга нисбатан ҳукм ўқилган. Биз қуйида вазирлик ходимининг бюджет маблағини қай тариқа ўзлаштириб олгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Халқнинг ҳақи юқмайди

Неъматулла Иброҳимов 2018 йилнинг июлидан 2020 йилнинг майига қадар Маданият вазирлигида бош ҳисобчи ўринбосари ва бош ҳисобчи лавозимларида ишлаган. Бу шахс аввал икки марта судланиб жазо олган бўлса ҳам бундан хулоса чиқармаган экан.

У ғаразли мақсадини амалга ошириш йўлида жиноий гуруҳ ташкил қилган. Гуруҳга жиноятга мойил, топшириқларини сўзсиз бажарадиган бир нечта танишини жалб қилган. Жумладан, дастлаб Н.Ибро ҳимов жиноий мақсадларини амалга ошириш учун «Real contur biznes» хусусий корхонаси раҳбари Сайилбой Қўшоқовни, кейинчалик «Well mega group» ва «Sarikul ishonchli savdo» масъулияти чекланган жамиятларининг раҳбари Нуриддин Ёрбазаровни гуруҳига қўшиб олади.

Н.Иброҳимов мансаб ваколатидан фойдаланиб, вазирликда ўтказиладиган давлат харидлари бўйича танловларда ўзининг танишларига тегишли жамиятлар номидан сохта тижорат таклифларини киритади. Шу орқали уларнинг ғолиб чиқишини таъминлайди. Оқибатда вазирлик ва ғолиб чиққан субъектлар ўртасида керакли маҳсулот харид қилиш учун шартномалар тузилади. Унга кўра кўрсатилган миқдор ва қийматдаги маҳсулотлар харид қилиниши лозим бўлади. Аммо жиноий гуруҳ сифатли маҳсулотлар ўрнига сифатсиз ва арзон маҳсулотларни етказиб, расмий ҳужжатларда гўё сифатли товарлар етказиб берилганини қайд этишади. Шу тариқа вазирликка давлат бюджетидан ажратилган маблағни талон-торож қилишади.

Н.Иброҳимов бошчилик қилаётган гуруҳ 2018 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги «Roison» ва «Gipfel» фирмаларидан ҳақиқий нархи 510 млн. 648 минг сўм бўлган 74 та кондиционер харид қилади. Лекин улар бу кондиционерлар Н.Ёрбазаровга тегишли «Sarikul ishonchli savdo» МЧЖдан 814 млн. сўмга харид қилингани ҳақида сох та ҳужжатлар тузишади. Оқибатда уларга ишониб топширилган бюджетнинг 300 млн. сўмдан ортиқ маблағи талон-торож бўлади. Пуллар ўзаро тақсимлаб олинади. Шунингдек, юртимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларига синфхона жиҳозлари етказиб берилиши юзасидан Н.Ёрбазаровга тегишли «Well mega group» МЧЖ билан 293 млн. 832 минг сўмлик шартнома имзоланади. Бу шартнома ҳам бош ҳисобчи Н.Иброҳимовнинг саъй-ҳаракатлари маҳсули эди. Маблағ жамиятнинг ҳисобрақамига ўтказилгач, С.Қўшоқов ишга киришиб, «Ўрикзор» ва «Чорсу» бозорларидаги тадбиркорлардан 247 млн. 650 минг сўмлик 58 турдаги арзон ва сифатсиз маҳсулотларни сотиб олиб, вазирликка етказиб беради. Ҳисоб-фактураларга эса улар 293 млн. 832 минг сўмга харид қилингани ҳақида сохта ёзувлар киритиб қўйилади. Ўртадаги тафовут бўйича қолган пулни эса жиноий гуруҳ аъзолари ўз манфаати йўлида сарфлаб юборади.

Омади келаётганидан руҳланган гуруҳ бу сафар катта пулни ўзлаштиришни мақсад қилади. Улар юртимиздаги театрларга умумий қиймати 2 млрд. 644 млн. сўмлик грим етказиб бериш бўйича тендер ўтказиб, унда яна ўзларига тегишли МЧЖни ғолиб деб топадилар. Пул ўтказилгандан сўнг улар 2019 йилнинг июнь-октябрь ойларида турли савдо мажмуаларидан умумий қиймати 280 млн. 900 минг сўм бўлган 36 турдаги 8362 дона арзон ва сифатсиз бўлган косметика маҳсулотларини харид қилиб, буюртмачига етказилгани ҳақида сохта ҳисоб-фактуралар расмийлаштириб қўйишади. Оқибатда бюджетнинг 2 млрд. 363 млн. сўм маблағи талон-торож қилинади.

Жиноий гуруҳ шундай йўл билан яна кўп ҳолатларда бюджет маблағини ўзлаштиргани терговда аниқланди.

Ҳатто жиноий гуруҳ аъзолари орттирган маблағини легаллаштириш учун ўзларининг яқинлари номига уй ва автомашиналар харид қилишган экан.

Ўғрини қароқчи урди

Ноқонуний ишлар албатта фош бўлади. Шу тариқа халқнинг ҳақини ейиш ҳисобига пичоғимиз мой устида бўлаверади деган Н.Иброҳимов бошчилигидаги гуруҳ қаттиқ янглишганди. Улар бировнинг ҳақини ейиш катта гуноҳлигини вазирликка текшириш келиб, қилмишлари ошкор бўлганда тушуниб етишган бўлса ажаб эмас. Хуллас, уларнинг қилмишлари бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан терговга қадар текширув бошланади. Мазкур жараёндан эса Маданият вазирлиги давлат-хусусий шериклиги лойиҳаларини мониторинг қилиш бўлимида бош мутахассис вазифасида ишлаган Шерзод Алиев фойдаланиб қолмоқчи бўлади. У 2019 йилдан буён мазкур лавозимда ишлагани учун Н.Иброҳимовнинг барча қинғир ишларидан хабардор эди. У Н.Иброҳимовни алдаб ишончига киради. Бироқ бир ўзи унинг
пулларини қўлга киритишига кўзи етмагани сабабли бу ишга ҳеч қаерда ишламайдиган таниши Комилжон Мелиқуловни жалб
қилади. Ш.Алиев у билан тил бириктириб, Н.Иброҳимовнинг ноқонуний йўллар билан топган пулини қўлга киритишни режалаштиради. Унга асосан Н.Иброҳимовга олиб борилаётган текширувни ижобий томонга ҳал қилиб бериш ҳамда жиноят иши қўзғатмаслик бўйича департамент ва прокуратура органлари тизимида юқори лавозимда ишловчи танишлари борлигини айтади. К.Мелиқуловни эса гўё департамент ва прокуратура ходимлари билан гаплашиб, ишни ҳал қилиб чиққандек қилиб кўрсатади. Хуллас, иккови Н.Иброҳимовни бунга ишонтира олади. Бу иш эвазига эса ундан 40 минг доллар талаб қилишади. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади дейишганидек Н.Иброҳимов уларнинг ваъдасига ишонади ва аввал 25 минг доллар, орадан бир неча ой ўтгач яна 15 минг доллар беради.

Тергов жараёнида Ш.Алиев ҳамда К.Мелиқуловнинг ҳам жиноятлари фош бўлди.

Суд томонидан Н.Иброҳимовга 8 йилу 1 ой, С.Қўшоқов, Ш.Алиев ва Н.Ёрбазаровга 7 йилу 1 ойдан, К.Мелиқуловга эса 10 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аброр АРИПОВ,
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи
ўринбосари
Зоҳид ГАИПОВ,
бошқарма АМИБ терговчиси