Бўтқалар рекламасида эҳтиёткорлик керак

12:30 - 24.12.2021

15

Реклама бевосита инсон онгига таъсир этиш хусусиятига эга, шу боис у нафақат тижорий, шу билан бирга, ижтимоий, маънавий, тарбиявий талабларга ҳам мос бўлмоғи лозим.

Телеэкран орқали болалар бўтқаларининг рекламаси жуда кўп. Уларга «она сутининг ўрнини босувчи маҳсулот» дея таъриф берилади. Ваҳоланки, шу пайтгача олимларимиз она сутидаги озиқ моддаларининг ҳеч қаерда такрорланмаслигини таъкидлашади. Бу маҳсулотларнинг барчасининг ҳам сифати яхши дея олмаймиз.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 октябрдаги «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги қонуни 2020 йилнинг апрель ойидан кучга кирган.

Унга кўра она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги ҳар қандай ахборот она сутининг, шунингдек гўдакни 6 ойгача озиқлантиришда бошқа таомдан ёки ичимликдан, шу жумладан сувдан фойдаланмасликнинг афзаллиги тўғрисидаги кўрсатмани ўз ичига олган бўлиши керак. Бола ҳаётининг биринчи йилида унинг рационига киритилган қўшимча овқат рекламасида бундай маҳсулотлар қўлланишига доир чекловлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳати зарурлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши лозим. Бироқ ҳозирги рекламаларнинг аксариятида ушбу талабга амал қилинмаяпти. Натижада ёш оналар шифокор билан маслаҳатлашмасдан реклама қилинган маҳсулотни боласига бераяпти. Оқибатда болада турли хил касалликлар кузатилаяпти.

Бунинг олдини олиш учун ОАВ, хусусан, телевидение ходимларига қонунга амал қилиш лозимлигини эслатиб қўймоқчимиз.