Йирик саноат мегалойиҳаси – иқтисодиёт ривожи, одамлар турмуши фаровонлигини оширишга хизмат қилади

09:00 - 23.12.2021

10

Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги йирик саноат лойиҳалари, ижтимоий соҳа фаолияти билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Кейинги йилларда шаҳар ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ривожланиб бормоқда. Янги корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари ишга тушмоқда. Бу ўзгаришларнинг “драйвери” – Олмалиқ кон-металлургия комбинати.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Охирги йилларда илмга ва технологияга катта маблағ йўналтирилгани натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олмалиққа ташрифи чоғида, аввало, мазкур кондаги ишларни кўздан кечирди.

Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси ҳам шунга яраша салмоқли – йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда.

Президентимизга шу борадаги ишлар ҳақида ахборот берилди.

Бу ерда иш бошланган 2017 йилда йилига 3 миллион куб метр кон ишлари бажарилар эди. 415 миллион долларлик 570 дан зиёд замонавий техникалар олиб келингач, самарадорлик ўн карра ошди. Эндиликда иш ҳажми йилига 40 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

– Бу кон – катализатор. Уни самарали ўзлаштириш билан бирга кичик конлар бўйича ҳам янги йўналиш қилиш керак. Бу ҳам қўшимча иш ўринлари, катта экспорт, дегани, – деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, оҳак заводи, 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади. Жами 6 минг киши иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари ушбу комбинат, умуман, келгусида ҳар бир саноат корхонаси ўзини ўзи муқобил электр энергияси билан таъминлаши зарурлигини таъкидлади. Илмий тадқиқотларни ва мақсадли аспирантурани кенгайтириш, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиш жараёни билан танишди.

Ушбу иншоотга жорий йил 29 июль куни тамал тоши қўйилган эди. Бугунги кунда 107 гектар майдонда фабриканинг пойдевор қисми қурилмоқда.

Бу лойиҳанинг қиймати 2 миллиард доллар бўлиб, бугунги кунда 861 миллион доллар ўзлаштирилган. Лойиҳалаштириш ишларига Италиянинг “Wood” ҳамда лойиҳани техник жиҳатдан баҳолаш ва қабул қилишга Буюк Британиянинг “Technip Energies” компаниялари жалб қилинган.

Дирекция бинолари ва қурувчилар учун шаҳарча фойдаланишга топширилган бўлиб, яна бир шаҳарча қурилиши давом этмоқда.

Яна бир муҳим томони, харажатларни камайтириш мақсадида фабрика ёнида металл конструкциялар заводи барпо этилмоқда.

Янги фабрикада руда омборлари, майдалаш, янчиш ва флотация бинолари, гидрометаллургия цехи, таъмирлаш устахоналари, чиқинди хўжалиги ва бошқа объектлар бўлади. Иш жараёни замонавий ускуналар ёрдамида бошқарилади. Бу, инсон омилини камайтириб, маҳсулот сифати ва иш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Президентимиз бу ердаги қурилиш ишларини жадаллаштириб, 2023 йил якунига қадар ишга тушириш бўйича тавсиялар берди.

Шу ердаги шаҳарчада Олмалиқ кон-металлургия комбинатини 2030 йилгача ривожлантиришга доир режалар муҳокама қилинди.

Комбинатнинг JORC кодекси бўйича баҳоланган мис ресурслари 45 миллион тоннани, олтин ресурлари эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Бунга асосланиб, 2030 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 515 минг тоннага, олтинни 52 тоннага, кумушни 343 тоннага олиб чиқиш бўйича концепция тайёрланган. Бунинг эвазига комбинатнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Аввало, комбинатни трансформация қилиш доирасида бошқарув, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларини рақамлаштириш, операцион самарадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.

– Энг асосийси, келгуси икки йилда комбинатда замонавий бошқарув тизимини жорий этиб, уни давлат ёрдамисиз ишлай оладиган, дунёнинг етакчи металлургия компанияларидан бирига айлантириш асосий вазифа бўлиши керак, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари 3-мис бойитиш фабрикасини қуриш билан параллел равишда 4-фабрикани ҳам лойиҳалаштириш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг натижасида рудани қайта ишлаш ҳажми 160 миллион тоннага етиб, 3 мартага кўпайиши мумкин.

Йиғилишда мис кластери ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Бугунги кунда мисни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 76 миллион долларлик 22 та лойиҳа шакллантирилган.

Шунингдек, Президентимизнинг Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида Тошкент вилоятида Яримўтказгичлар ва электроника кластерини ташкил этишга келишилган.

Президентимиз бу борадаги ишларни жадаллаштириб, электр техникаси, энергетика, автомобиль саноати учун талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди.

– Комбинатни, албатта, зўр қиламиз. Лекин аввало, одамлар рози бўлиши керак. Уйи яхши, суви чучук, электри ўчмайдиган, иши даромадли бўлиши лозим. Бунинг учун маҳаллада қандай муаммолар борлигини, уларни ҳал қилиб, одамларга шароит яратиш учун нима кераклигини сизлар айтишингиз зарур. Шунинг учун очиқ мулоқот қилсак, фойдали бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳоким ёрдамчилари ўзлари масъул бўлган маҳаллада ишсизликни камайтириш, тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш, ёшларни спортга жалб этиш бўйича режаларини сўзлаб берди. Давлатимиз раҳбари уларга ишонч билдириб, таклифларини қўллаб-қувватлади.

Шавкат Мирзиёев ижтимоий муассасалардаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.

Мамлакатимизда «инсон қадри учун» деган тамойил асосида кучли ижтимоий сиёсат олиб борилмоқда. Шу асосида таълим ва тиббий хизмат сифатини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Олмалиқ шаҳридаги 20-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби шундай масканлардан бири. Бу ерда математика, она тили, инглиз тили чуқурлаштириб ўқитилади.

Муассаса уч қаватли бўлиб, 1 минг 500 нафардан зиёд ўқувчига мўлжалланган. Жорий йилда мактаб биноси мукаммал таъмирланган. 46 та синфхона, 3 та лаборатория ва фан хоналари замонавий жиҳозланган.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитларни кўздан кечирди, мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашди.

– Ҳар дақиқа – бойлик. Бу бойликдан фойдаланиб, чуқур билим олишингиз керак. Мана, Олмалиқ комбинатининг қувватини ошираяпмиз, янги фабрикалар қураяпмиз. Уларда ким ишлайди? Сизлар! Ҳамма ислоҳотларимизнинг асоси, ишончи – билимли ёшлар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Олмалиқ шаҳридаги оилавий поликлиникани ҳам бориб кўрди.

Мазкур поликлиника 1989 йилда қурилган бўлиб, 2017 йилда капитал таъмирланган. Бу ерда Олмалиқ шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими, марказий шифохона, болалар шифохонаси, кўп тармоқли марказий поликлиника ҳам жойлашган. Бу тиббий хизматларни сифатли ва самарали кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда.

Президент талаб кўп бўлаётган йўналишларни туманлараро даражага тушириб, хизматларни аҳолига яқинлаштириш, эҳтиёжманд фуқаролар соғлиғини доимий назоратга олиб, инсон қадрини амалда намоён қилиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда Тошкент вилоятида тиббиёт бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шу ерда Олмалиқ шаҳрида қуриладиган “Янги Ўзбекистон” мавзеси ҳақида маълумот берилди. Яқин йилларда шаҳар аҳолиси 130 мингдан 200 мингга етиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари улар учун муносиб шароитлар яратишни ҳозирдан ўйлаш, уй-жой, ижтимоий инфратузилма барпо этиш кераклигини таъкидлаб, мутасаддиларга бу бўйича кўрсатмалар берди.

ЎзА