Коррупцияга қарши кескин курашилмоқда

16:00 - 23.12.2021

18

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризмнинг кўпайиши учун шароит яратиб беради. Шу сабабли ҳам глобал муаммолар орасида коррупция алоҳида ўрин эгаллайди.

Мамлакатларнинг иқтисодий даражаси ва сиёсий тузилиши ҳар хил бўлса ҳам коррупция барча мамлакатлар учун одатий ҳол ҳисобланади. Бугунги кунда қуйидагилар мамлакатдаги коррупциянинг оқибати ҳисобланади: мамлакат бюджетини тақсимлаш тизимининг бузилиши; бюджет ресурслари самарадорлигининг пасайиши; меҳнат унумдорлигининг пасайиши; мамлакатдан капитал чиқиб кетишининг кўпайиши ва инвесторлар олдида мамлакат обрўсининг пасайиши; ижтимоий норозиликнинг ўсиши; ижтимоий тенгсизлик ва адолатсизликнинг кескин кўпайиши; ишсизликнинг ўсиши.

Аҳамият бериш лозимки, Ўзбекистонда мазкур муаммони бартараф этиш сиёсати юритилмоқда. Жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилингани ҳамда давлат харидлари доирасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган шаффоф тартиб ўрнатилгани, 2017–2018 ва 2018–2020-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқлангани ва амалга оширилгани, 2021–2025-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқлангани, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилингани, давлат хизматларини кўрсатиш тизими соддалаштирилгани, барча давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланаётгани Ўзбекистон коррупцияга қарши жиддий курашаётганининг исботидир. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон халқаро рейтингда қаторасига тўрт йил давомида барқарор ўсишга эришиб, «Transparency international» ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш индексида 26 балл билан 146-ўринга кўтарилди.

Шунингдек, мамлакатимизда коррупция учун жавобгарлик чоралари кескинлаштирилаяпти. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, коррупцияни содир этганлик учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳамда шу турдаги жиноятчиларни муддатидан илгари шартли озод қилмаслик ва жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, коррупция жиноятини содир этган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилади. Мазкур тартибни белгиловчи «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон қабул қилинган.

2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади ва давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамини очиш, нақд пулини сақлаш ва бошқа мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Коррупцияга қарши курашда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаган ҳолда ҳаракат қилсагина кўзланган мақсадга эришилади.