“Машина олиш қийин бўлса керак деб юрардим…”

16:30 - 22.12.2021

16

«Улуғ Ҳожи» номини эшитган кишининг кўз олдига ҳалол, инсофли кишилар келиши шубҳасиз. Аммо ҳамма вақт ҳам инсон ўйлаганидек бўлиб чиқавермайди. Жамият низомига кўра қурилиш-монтаж ишлари билан шуғулланади. Автомобиль сотиб олиш нияти борлигини эшитган кишини устомонлик билан алдаш йўлига кириб қолган Миршод Ҳожиев фуқаро А.Ашуровни осонгина алдади.

– Гап бўлиши мумкин эмас. Сизга «Лассети» керакми? Марҳамат, ҳужжатларни тўлдиринг.

– Қандай яхши. Мен эса машина олиш қийин бўлса керак деб ўйлаб юрибман, – деди А.Ашуров ва М.Ҳожиев сўраган 63 млн. 52 минг сўм пулни келтириб берадиган бўлди.

 2019 йил 2 октябрь  куни сохта шартнома ҳам тузилди. Тўлов учун айтилган пулни топшириб, жамият муҳри туширилган квитанцияни олиб, «Лассети»ни кутиб юраверди. М.Ҳожиев бу ўртада жиноий ҳаракатларини давом эттирди. У Г.Ашуровга «Лабо» русумли автомашина сотиб олиши учун кам фоизли кредит олиб беришини ваъда қилиб, «Улуғ Ҳожи» МЧЖ номидан 2019 йил 21 ноябрь куни қалбаки шартномани тузиб, яна бир фуқарони домига илинтирди. 72 млн. 400 минг сўм пулни топширган Г.Ашуровнинг ҳам сохта квитанция билан кутишдан бошқа чораси қолмади. Миршод Ҳожиевга О.Нажабова 44 млн. 376 минг сўм, Н.Шомуродов 31 млн. 680 минг сўм пул тўлаб овора-ю сарсон бўлишди. М.Ҳожиев эса пулларни жамият ҳисобига кирим қилмасдан шахсий эҳтиёжи йўлида ишлатиб юраверди.

Ёлғон, фирибгарлик эвазига киши ҳеч қачон барака топмаслиги, кун келиб қилмиши фош этилиши бор гап. Худди шундай Миршод Ҳожиев ҳам қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келди. Суд М.Ҳожиевни айбли деб топиб, ҳар ойлик маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига мусодара қилиш ва 2 йилу 6 ой муддатга озодлигини чеклаш жазосини тайинлади.