Ҳожатбарор қиёфасидаги фирибгарлар

14:30 - 22.12.2021

18

Бойсунлик Рустам Ҳамдамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳудуддаги шароитдан келиб чиқиб, ўсимлик мойи ишлаб чиқарадиган цех ташкил қилишни ўйлади. У бизнес режаси ва масъулияти чекланган жамият ташкил қилиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлади. Энди маблағ бўлса, хорижга буюртма бериб, мой ишлаб чиқарадиган ускуна харид қилиши лозим. Жамғариб қўйган пули бор, аммо давлатдан кўмак олмаса етмайди. Шунинг учун ҳам ҳисоб-китоб қилиб, бу ишларга банкдан 2 млрд. 800 млн. сўм кредит олишга қарор қилади.

Р.Ҳамдамовнинг мақсадидан хабар топган Олим Аноров ва Ғани Нуриев жиноий тил бириктиради. Улар ҳожатбарор қиёфасида Р.Ҳамдамов билан учрашадилар. Унга банкдан кредит олишдан тортиб, хориждан ускунани келтиришгача ёрдам беришларини таъкидлашади. Бунинг эвазига эса Р.Ҳамдамовдан 15 минг доллар сўрашади. Гапнинг орасида бу пул банкдан кредит олиш учун банк раҳбарига пора сифатида берилишини, ўзлари учун ҳеч нима керак эмаслигини таъкидлашади.

Иш бошламасидан аввал муаммога дуч келган Р.Ҳамдамов мазкур ҳолат ҳақида департаментга ариза билан мурожаат қилади. Департаментнинг Ангор тумани бўлим ходимлари ўтказган тадбирда О.Аноров ва Ғ.Нуриев аризачидан 15 минг доллар олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Суриштирувда эса улар бу пулни ўз эҳтиёжи учун сарфламоқчи эканлиги аниқланди. Улар Р.Ҳамдамовнинг пулини фирибгарлик билан қўлга киритмоқчи эканликларига иқрор бўлишди.

Суд аввал ҳам жиноят содир қилиб, жазодан хулоса чиқармаган Ғ.Нуриевга иш хақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари, О.Аноровга эса илгари судланмаганини инобатга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 баробари миқдорида жарима жазосини тайинлади.