Биз масофадан ишлашга тайёрмидик?

18:00 - 22.12.2021

54

Баъзан шундай бўлади: бир мақола бўйича изланиб юрган кунларингда «тайёр материал» шундай рўпарангдан чиқиб қолади… Масофавий меҳнат, унинг ижобий ва салбий томонлари, ҳуқуқий асослари ҳақида ёзишни ўйлаганимга анча бўлган, аммо ҳеч бир шакл тополмай юрган кунларим эди.

Ишга жамоат транспортида қатнайман, метро, автобус ёки маршрутли таксида. Метрода ишга келаётганимда вагон ичида йўловчилардан бирини қаттиқ йўтал тутди. Ҳар мавсум «Covid-19»нинг янги штамми пайдо бўлаётган бугунги кунда инсонлар бундайин ҳолатда қандай реакция билдиришини айтмай қўя қоламиз. Йўталган киши, ўрта ёшлардаги эркак жуда хижолат бўлди чоғи, биринчи бекатдаёқ вагондан чиқиб кетди.

Ёнимда турган аёл «Шамоллаш ҳам кўпайиб кетди, гриппми, ковидми билиб бўлмай қолди» деди менга қараб. «Ҳа, ҳалиям қор ёғиб анча камайди. Таниш врачнинг айтишича, ўтган ойда кунига уч юз нафаргача касал кўришига тўғри келган экан. Қиш ҳам кепқолди, кўпчилик ишхоналар яна масофадан ишлашга ўтса яхши бўларди» дедим.

Охирги гапимдан суҳбатдошим гўё портлаб кетди: «Э, қўйинг ўша масофадан ишлаш деган нарсани. Оти ўчсин…». Аёлнинг нега бундай деганини секин суриштириб билиб олдим. Буни кейинроқ айтиб бераман.

Тўғрисини айтиш керак, масофадан ишлаш деган тушунча кўпчилик юртдошларимиз учун янгилик бўлди. Ваҳоланки, айрим давлатларда ишсизликнинг олдини олиш усули сифатида масофавий меҳнатга ўтиш анча олдин, ҳали дунё пандемия муаммосига дуч келмасидан аввалроқ бошланган экан. Масалан, Қозоғистон Меҳнат кодексига 2015 йилда, Тожикистон Меҳнат кодексига 2016 йилдаёқ масофавий меҳнатга оид айрим қоидалар киритилган. Масофавий иш усули аллақачон амалиётга тат биқ этиб бўлинган Европа иттифоқи давлатлари ҳақида айт масак ҳам бўлади. Лекин нима бўлганда ҳам меҳнат, таълим, тиббиёт каби ижтимоий фаолият турлари айнан коронавирус пандемиясисабаб масофавий шакл га ўтди.

Интернетдаги маълумотларга таяниб айтадиган бўлсак, масофавий меҳнат тушунчаси америкалик Жек Ниллес томонидан муомалага киритилган ва бунга ҳам оз эмас ярим аср бўлибди.

Ниллес замонавий алоқа воситалари (эътибор беринг, бу ерда гап 1970-йиллардаги алоқа воситалари ҳақида кетяпти) ходимлар билан масофадан туриб алоқа қилиш имконини бераётгани сабабли офисда уларни ушлабтуриш шарт эмас деган фикрни билдирган экан. Масофавий меҳнат ходимлар учун фойдалими ёки иш берувчи учун?

Масофадан ишлаш режимининг иш берувчилар учун ижобий томонлари билан бирга салбий ҳолатлари ҳам бор экан:
– раҳбарият ходимлардан узоқдалиги сабабли уларнинг иш жараёнини тўлиқ назорат қила олмаслиги;
– топшириқ ёки кутилаётган натижа муддатининг кечикиши ёки бутунлай фарқли натижалар олиш хавфининг кўплиги. Тадқиқотчиларнинг фикрича, дунёдаги компанияларнинг 61 фоизи бугунги кунда ходимлар учун масофадан ишлаш сиёсатини ишлаб чиққан.

Тахминларга кўра 2025 йилга бориб масофавий ишлар кўлами офис ишлари билан ҳақиқий рақобатга киришади. Бунинг сабаби масофавий меҳнатнинг бир қатор афзалликларга эга экани билан изоҳланмоқда.

«Microsoft» компанияси меҳнат бозори тенденциялари ҳақидаги таҳлилий ҳисоботида кўпчилик ходимлар пандемиядан кейин ҳам масофадан ишлашни давом эттиргани таъкидланган.

«Microsoft» таҳлилчиларининг таъкидлашича, масофавий иш кенг миқёсли конференцияларни ўтказишда пулни иқтисод қилишга имкон берган. Масалан, «Nuance» компаниясининг битта шундай тадбирини виртуал майдонда ўтказиш 700 минг долларни харажат қилишдан сақлаган. Шу билан бирга, «Yahoo», «Google» каби компаниялар масофавий меҳнатдан фойдаланмасликка қарор қилишган. Уларнинг фикрича, ишчи ҳамкасблари даврасида, дўстона муҳитда, масалан, йиғилишларда энг яхши қарорлар қабул қилади ва янги ғоялар туғилади. Бир сўз билан айтганда, дунё амалиётида масофавий меҳнатнинг қўлланиши анча илгари бош ланган ва ундан фойдаланиш йил сайин ошиб бормоқда.

Европа иттифоқи давлатларида масофавий иш усули аллақачон амалиётга татбиқ этилган бўлиб, 2014 йилдаёқ масофавий ишловчи европаликлар сони 30 фоизни ташкил этган. Дания, Швеция, Канада, Нидерландияда иш билан банд аҳолининг учдан бири масофавий ходимлар ҳисобланар экан.

Масофавий меҳнат муносабатлари бўйича юзага келадиган низолар қандай ҳал этилади? Низоларни ҳал қилиш учун ривожланган давлатлар қонунчилиги ва халқаро қонунчиликда етарли асослар мавжуд.

Бизда эса масофавий меҳнат тўғрисидаги қоидалар ҳали қабул қилинмаган Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида ва коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда (Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги 5969-фармони, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги 3227, 3228-буйруқлари) ўз ифодасини топган. Қисқа қилиб айтганда, карантин сабаб масофавий ишлаш шароитида меҳнат муносабатларини тартибга солиш бў йича ҳуқуқий асослар етарли эмаслиги аён бўлиб қолди.

Ҳозирги шароитда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 28 мартдаги буйруғига асосан тасдиқланган «Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ масофавий иш билан боғлиқ муносабатлар қисман тартибга солинмоқда.

Ушбу низомда белгиланишича, масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлашини ҳисобга олган ҳолда у бажарган иш учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек, тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланмайди. Меҳнат кодексининг 124-моддасига биноан иш вақтидан ташқари ёки дам олиш кунлари ишлаш жараё ни ходимнинг аввалдан олинган ёзма розилиги ёки касаба уюшмаси билан келишилган асослар бўйича ва иш берувчининг аввалдан қабул қилинган буйруғига мувофиқ амалга оширилади. Демак, масофавий ишда ҳам шундай тартиб жорий этилиши мақсадга мувофиқ.

Албатта, ушбу низомда аҳолининг турли тоифаларини ижтимоий муҳофазалаш бўйича қулайликлар ҳам бор. Шу билан бирга, иш берувчи ва ходимлар ўртасида карантин шароитида келиб чиқиши мумкин бўлган барча муносабатларни ушбу битта низом асосида тўла тартибга солишнинг имкони йўқ.

Юртимиздаги соҳага доир бугунги вазиятни таҳлил қилган мутахассисларнинг фикрича, ҳозир масофавий ходимлар тоифаси вужудга келган бўлса-да, бу йўналиш етарли даражада ҳуқуқий тартибга солинмаган. Меҳнат қонунчилигидаги бундай бўшлиқлар эса масофавий ишловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келиши мумкин.

Шу ўринда сўзимиз бошида масофавий меҳнатдан норози эканини айтган аёл масаласига қайтамиз. Маълум бўлишича, аёл хусусий корхонада ишлаб келган ва карантин сабабли барча ҳамкасблари қатори аввалига ихтиёрий-мажбурий тарзда иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқариб юборилган. Кейинроқ масофадан ишлашга ўтган. «Zoom» интернет сервиси орқали офис ишларини масофадан туриб бажариб келишган. Бироқ ўртада шартнома тузилмагани учун раҳбарнинг ваъдасига ишониб, ойлаб маошсиз ишлашига тўғри келган. Иш ҳақини талаб қиламан деса, меҳнат шартномаси тузилмаган…

Масофавий меҳнатга доир қонунчиликдаги камчиликлар ҳақида айтдик, лекин муаммо фақат шу эмас-да Ўзбекистонда масофавиймеҳнатнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган яна бир масала бор, бу ҳам бўлса интернет тезлиги. Яқинда эълон қилинган Буюк Британиянинг телекоммуникация хизматлари провайдерларини солиштиришга ихтисослашган «Cable.co.uk» нашри ҳисоботига кўра, Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича жаҳонда 166-ўринда турибди. Қолаверса, мамлакат бўйлаб интернет тармоғига уланиш бир хил эмас. Интернет тезлиги бугунги кунда масофавий ишлашда асосий омил эканини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Бундан ташқари, ишни масофадан бажариш учун зарур бўладиган моддий ва техник имкониятлар масаласи ҳам бор.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, пандемия натижасида мамлакатимизда юзага келган вазият ҳуқуқшунослар олдида меҳнат муносабатларининг янги шаклларини қай тарзда ҳуқуқий тартибга солиш бўйича жиддий саволларни юзага келтирди. Бу эса қонунчилигимизни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Фазилат ЁДГОРОВА,
«Huquq»