Тўдабоши хавфли рецидивистларни тўплади

12:30 - 22.12.2021

16

Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиб, қатор ютуқларга эришаётган юртдошларимиз талайгина. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи кишилар фақат ўз манфаатини кўзлаб, қонун талабларини бузаётгани ачинарлидир. А.С. ҳам сохта тадбиркорлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, товарлар савдоси ва хизмат кўрсатиш қоидасини бузиш, лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензия олмасдан шуғулланиш каби жиноятларни содир этди.

Хусусан, А.С. ўзининг атрофига бир неча марта иқтисодий жиноят содир этган хавфли рецидивист К.А., жиноят содир этишга мойил ҳамда унга сўзсиз итоат қилган Д.А., Т.М. ҳамда терговда кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган Ғанишер, Алишер, Баҳром, Баҳодир ва Наргиза исмли шахсларни тўплаган.  А.С. шериклари Д.А., Т.М. ва Н.Ш. номига 3 та масъулияти чекланган жамиятни рўйхатдан ўтказиб, жамият раҳбари лавозимига шериги Ш.Н. орқали унинг танишлари Р.А., К.А., В.А.ни тайинлаб, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида сохта тадбиркорлик билан шуғулланиб, жами 77,4 млрд. сўмлик савдо ва хизмат кўрсатиш қоидасини бузишди ҳамда 3,4 млрд. сўм солиқни тўлашдан бўйин товлашди.

Шунингдек, улар махсус рухсатнома олмасдан 351 млн. сўмлик транспорт хизматини кўрсатгани ҳам аниқланган. Ноқонуний йўлни танлаган ушбу фуқаролар айбли деб топилиб, суд томонидан тўдабоши А.С. 1 йилга озодликдан маҳрум қилинди, унинг жиноий шерикларига эса 2 йилу 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.