Чиқиндидан чиқаётган муаммолар

17:30 - 21.12.2021

16

Бугунги кунда чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораяпти. Маиший ва саноат чиқиндилари йилдан-йилга кўпаймоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу муаммонинг олдини олиш борасида бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлиб, улар чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда чиқинди ҳосил бўлишини камайтиришга қаратилган. Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан «Чиқиндилар
тўғрисида»ги қонун ва соҳага доир норматив ҳужжатларнинг ижроси ўрганилди.

Ҳозир Тошкент вилоятида чиқиндиларни ташиш билан «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасининг туман ва шаҳар филиаллари ҳамда муқобил хизмат кўрсатиш ташкилотлари, шунингдек давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган «Зангиота ободон» масъулияти чекланган жамияти шуғулланиб келмоқда. Ушбу хизмат билан вилоятдаги маҳаллаларнинг 81 фоизи, аҳолининг 63 фоизи қамраб олинган.

Жумладан, аҳоли пунктларидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш қамрови Янгийўл туманида 21 фоиз, Чиноз туманида 30 фоиз, Бўка туманида 37 фоиз, Оҳангарон туманида 40 фоиз, Бекобод туманида 46 фоиз, Пискент туманида 51 фоиз, Қуйичирчиқ туманида 58 фоиз, Паркент ва Оққўрғон туманларида 61 фоиз. Агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги «2019–2028-йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорининг иловасига асосан ўтказилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш меъёрини аниқлаш бўйича тадқиқот ва хронометраж ишлари натижасига кўра бир киши бир кунда 0,75 кг чиқинди ҳосил қилишини инобатга оладиган бўлсак, вилоят аҳолисининг санитар тозалаш хизмати билан тўлиқ қамраб олинмагани оқибатида бир кунда 826 тонна, бир ойда 24782 тонна, бир йилда эса 297 385 тонна чиқинди атроф-муҳитга ташланиб, экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Масалан, санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси энг паст бўлган Янгийўл туманининг қамраб олинмаган ҳудудларида яшовчи фуқаролар чиқиндиларини Озод ва Қирсадоқ маҳаллаларида дала четига, Писталик, Бунёдкор ва Бўстон маҳаллаларида канал қирғоғига, Саховат маҳалласида уйлар олдига, Керимқулов ва Эпкенди маҳалласида эса йўл ёқасига ташлаб келмоқда. Оқибатда бу ҳудудларда 12 та ноқонуний чиқиндихона пайдо бўлган. Бекобод туманининг Истиқлол, Чиноз туманининг Амир Темур ва Дўстлик маҳаллаларида ҳам аҳвол шундай. Афсусланарлиси, баъзи маҳаллаларда чиқиндилар Чирчиқ дарёси қирғоғига ташлаб кетилган.

Айни пайтда Бўстонлиқ туманида туризмни ривожлантириш бўйича қатор ишлар қилинаяпти. Аммо туманнинг санитар хизмат билан қамраб олиниши яхши эмас.

Жумладан, бир йилда Писком, Дадабоев, Узун маҳалласи аҳолисининг 802,1 тонна, туманга келувчи сайёҳларнинг эса 5400-6075 тонна чиқиндиси табиатга ташланмоқда.

Агар муаммо ҳал этилмасдан, ҳолат шу тариқа давом этса, сайёҳларни ўзига жалб қилаётган хушманзара гўша келажакда чиқиндихонага айланиши мумкин.

Бундан ташқари, Зангиотада 3 та, Қибрайда 4 та, Паркентда 2 та, Бўстонлиқда 2 та, Ўртачирчиқда 1 та, Қуйичирчиқда 2 та ноқонуний чиқиндихона ташкил этилиб, 9717 метр куб чиқинди тўпланган.

Вилоятда маиший қаттиқ чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва жойлаштирилиши бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 2020 йилда 3427 та, 2021 йилнинг ўтган даврида эса 1084 та ноқонуний ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга жарима солинган. Бироқ санитар хизмат кўрсатиш қамрови тўлиқ бўлмагани сабабли бу борадаги ҳуқуқбузарликлар давом этмоқда.

Вилоят бўйича аҳолига санитар хизмат кўрсатиш қамровининг пастлигига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг моддий-техник базаси етарли эмаслиги сабаб бўлаяпти.

Ҳозирги кунда вилоятда 330 та, шундан «Тоза ҳудуд» ДУКнинг туман-шаҳар филиалларида 211 та, «Зангиота ободон» МЧЖда 41 та ҳамда муқобил хизмат кўрсатувчи субъектларда 78 та чиқинди ташиш техникаси бор. Ҳисоботларда кўрсатилган техникаларнинг айримлари бузуқ, баъзилари чиқинди ташишга мослашмаган. Масалан, «Тоза ҳудуд»нинг 15 та техникаси носоз, муқобил хизмат кўрсатувчи субъектларнинг 27 та техникаси тиркамали трактор бўлиб, аҳолидан чиқинди олиб чиқишга мослашмаган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра ҳозирги кунда вилоят аҳолисига санитар хизмат кўрсатиш қамровини юз фоизга етказиш учун 150 та махсус техника талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан вилоятда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича 6 та битим 2021 йил сентябрь ойига қадар имзоланиши кўзда тутилган эди. Бироқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа концепциясини ишлаб чиқмагани, уни баҳолаш ҳужжатларини тайёрламагани ва вилоят ҳокимлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига тақдим этмагани сабабли қарорда кўзда тутилган битимлар имзоланмаган, мазкур қарор ижроси таъминланмаган.

«Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасида юридик шахслар аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига, йўлларнинг четига чиқиндиларни ташламаслиги ва чиқиндиларни тўплаш учун контейнерлар ўрнатиши белгилаб қўйилган.

Бироқ вилоятдаги тадбиркорлик субъектларининг атиги 1 фоизи билан санитар хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилган. Шу боис санитар хизмат билан қамраб олинмаган тадбиркорлик субъектлари қаттиқ маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаб кетаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бу борада ўтказилган назорат тадбирларида 2020 йилда 41 та, жорий йилнинг ўтган даврида 50 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жарима қўлланган.

Вилоятда чиқиндиларни йиғиш полигонларида Ўзбекистон бош санитар врачи тасдиқлаган талабларга риоя этилмаган ҳолатлар ҳам аниқланди. Хусусан, 17 та полигондан 2 тасининг атрофи ўралган. 6 таси қисман ўралган, 9 таси эса умуман ўралмаган. Бекобод, Қуйичирчиқ ва Бўстонлиқ туманларидаги полигонлар рекультивация қилиниб, захирага топширилиши лозим бўлса-да, ҳозирги қадар бу ишлар қилинмаган. Масалан, «Тоза ҳудуд» Бўстонлиқ тумани филиалининг Намуна мавзесида жойлашган 4 гектарлик чиқиндихонаси туман ҳокимининг фармойишига асосан от заводи қурилиши муносабати билан бошқа ҳудудга кўчирилиши белгиланган.

Бунинг учун бошқа жойдан 0,6 гектар ер ажратилган. Лекин шу кунга қадар чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш станцияси қурилмаган. Оқибатда чиқиндилар ҳануз Намуна мавзесидаги чиқиндихонага ташланмоқда.

Вилоятда қурилиш чиқиндилари полигонларининг етишмаслиги оқибатида Тошкент шаҳридан олиб чиқилаётган чиқиндиларнинг 60 фоизи, вилоят ҳудудидан олиб чиқилаётган чиқиндиларнинг 30 фоизи белгиланмаган жойларга ташланиб, ноқонуний полигонлар ҳосил бўлмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида Янгиҳаёт туманидаги қурилишларда ҳосил бўлган чиқиндилар асосан Янгийўл ва Қуйичирчиқ туманларидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг қирғоғига ташланиб, дарё суви ифлослантирилган. Масалан, «Elektr uskuna sozlash» МЧЖ мансабдорлари Чирчиқ дарёси бўйида 2,6 гектарлик ноқонуний чиқинди полигони ташкил этган.

Мазкур соҳада тизимли ишлар олиб борилмагани боис аҳолига кўрсатилган санитар тозалаш хизматларидан дебитор қарздорлик йилдан-йилга ошиб, 2021 йилнинг 1 сентябрь куни 36,5 млрд. сўмга етган. Қарзларни ундириш юзасидан судларга атиги 639 млн. 620 минг сўмлик (1,7 фоиз) даъво аризаси киритилган холос.

Хулоса қиладиган бўлсак, Тошкент вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш бўйича санитар хизматлар кўрсатувчи муқобил ташкилотларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиб, тартибга келтириш лозим. Шунингдек, бир нечта туманда маиший чиқинди полигонларини қуриш керак.

Фаррух БАБАРАХИМОВ,
Тошкент табиатни муҳофаза
қилиш прокурори
Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»