Сомон уканинг ҳаётидан қимматми?

10:30 - 21.12.2021

14

Салим ва Зоҳид (исмлар ўзгартирилган) бир қориндан талашиб тушган ака-ука. Иккови ҳам оилали, фарзандлари бор. Фермер хўжалигидан ака­укага ёнма-ён ер ажратилган. Ёз эди. Бир куни ғалласи ўриб олинган Салим ва Зоҳиднинг ерларидан сомон олишга амакиси келди. Бир пресс сомонни 12 минг сўмдан келишиб, 1 млн. 200 минг сўмлик сомон оладиган бўлди. Шундан сўнг учови бирга кун бўйи сомон йиғишди. Кечга яқин амакиси прессланган сомонларни машинага ортиб кетаётганди. Шу пайт Салим укасига «қариндошга сомон сотганда озроқ қўшиб бериш керак» деди. Бу гап Зоҳидга ёқмади. Ака-ука бақиришиб, жанжаллашиб қолди. Укасининг сўкингани Салимни қўл кўтаришга ундади. Иккови ёқалашиб кетди. Амакиси ва Зоҳиднинг хотини Насиба уларни ажратиб қўйишди.

Салим жаҳл устида ўзининг чайласига кетди. Укасининг сўкиниб, қўл кўтаргани унга алам қилди. Салим укасини кечириб қўя қолмади. Алам билан стол устида турган пичоқни олди, рўмолга ўраб, укасининг чайласи томон кетди. Бу пайтда Зоҳид кийимларини алмаштириб, бир-икки қадам наридаги ариқда ювинаётганди.

Салим укасининг чайлада йўқлигини билиб, атрофдан излади. Зоҳид ювиниб келаётганди, акасини кўриб, «Мол-қўйларингни менинг еримдан олиб кет!» деди.  Ғазабга тўлиб турган Салим бу гапдан кейин баттар тутақиб, укасининг кўксига пичоқ санчди. Ака-укалар яна уришаётганини кўрган Насиба югуриб келди. Қайноғасининг қўлидаги пичоқни, яраланган эрини кўриб қўрқиб, шошиб қолди. Аёлнинг дод-фарёди Салимга кор қилмади. Бироздан кейин ўзига келиб, қўлидаги пичоқни ташлади ва «Ёрдам беринглар, укамни пичоқлаб қўйдим!» деб бақирди.

Йиғилганлар зудлик билан тез ёрдамга қўнғироқ қилишди. Бироқ энди кеч, Зоҳид вафот этганди.

Мушт кўтаришга, пичоқ кўтаришга арзимайдиган тортишув, ҳақорат икки оилани устунидан айирди, отасиз қолдирди. Судда Зоҳиднинг турмуш ўртоғи қайноғасига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди. Суд Салимни 12 йилга озодликдан маҳрум қилди.