Эру хотиннинг кредит ўйини

17:00 - 20.12.2021

16

Илгари ўғирлик, киссавурлик, безорилик қилиб ахлоқ тузатиш, озодликдан маҳрум этиш жазоларини ўтаган марғилонлик Шермат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) астойдил пушаймон бўлмаган экан. Амнистия қўлланиб, жазонинг қолган қисмини ўташдан озод этилган, ўттиз беш ёшга кирган, икки марта уйланган, уч боланинг отаси ҳеч қаерда ишламай қинғир ишларини давом эттирди.

Меҳнатга тоби йўқ ўғри энди бировларни алдаб молини қўлга киритмоқчи бўлди. Биринчи хотини Лазокатга биронта сердаромад иш қилишни таклиф этди. Лазокат бирга ҳамшира бўлиб ишлайдиган қўштепалик дугонаси Мастура билан маслаҳатлашади. Учови гапни бир жойга қўйиб Қўштепа туманида рўйхатдан ўтиб, уйида дўкон ташкил қилиб, кредитга мебель, рўзғор анжомларини сотаётган Нозимадан бировларнинг номига маҳсулот олиб, уларни нақд пулга сотиб дастмоя орттиришни режалаштирди. Таниш аёлларни «сизнинг номингизга кредитга буюм оламизу пулини ўзимиз тўлаймиз» дея номларига кредит олишга кўндиришди.   

2019 йили танишлари Муборак 200 минг сўм нақд пул эвазига  «Мебель плюс» дўконидан кредитга биттадан телевизор, кир ювиш машинаси ва музлаткич олиб чиқиб берди. Ушбу буюмларни Мастура шериклари билан илгари кредитга сотиб олган телефон, маиший техника тўловини қоплаш учун дўкон эгаси Нозимага топширди. У Мастурага кредит қопланганидан ортган 900 минг сўм нақд пулни берди. Мастура бу пулни Шермат билан бўлиб олди. 2020 йил 6 январдан 12 февралга қадар Муборак ўша дўкондан кредитга жами 15 млн. 370 минг сўмлик иккита телевизор, иккита кир ювиш машинаси олди. Шермат хотинининг дугонаси Мастура билан ушбу техникаларни Муборакдан олиб нотаниш одамларга сотиб юборди ва пулни бўлиб олиб ўз эҳтиёжларига сарфлашди. Бошқа бир таниш аёл Ферузанинг номига кредитга олинган 11 млн. 800 минг сўмлик телевизор ва иккита кир ювиш машинасини ҳам пуллаб жиғилдонларига уришди. 

Фирибгарларнинг иштаҳаси карнай бўлиб борди. 2020 йил январь ойидан 17 мартгача яна бир аёл – Лайлонинг номига ўша дўкондан кредитга жами 108 млн. 755 минг сўмлик 16 та телевизор, 8 та музлаткич, 7 та кир ювиш машинаси, 6 та минипеч, 2 та газ плитаси, 2 та чангюткич, 1 та мотоцикл ва 1 та велосипед олдиришди. Ушбу техникаларни нотаниш кишиларга сотишди ва пулини бўлиб олишди.

Дастлабки ойларда кредит пулини тўлашди-ю, сўнг турли баҳоналар билан қарзни қоплашдан бўйин товлашди. Судда «кредит ўйини» – фирибгарлик билан қўлга киритган пулини ўз эҳтиёжларига сарфлагани, танишларини алдагани фирибгарларнинг айбига иқрорлигидан ташқари далиллар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари билан исботланди. Жабрланувчилар ўзларига етказилган зарарни тўлиқ қоплаган Шермат ва Мастурага даъвоси йўқлигини айтишди. Суд Шермат ва Мастурага ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.