“Нексия”сидан айрилган ўғри

14:30 - 20.12.2021

14

Ҳусан Сайфуллаевнинг кўнгли кайфу сафо қилиб яшашни тусаб қолди. Бироқ чўнтак қуруқ бўлса, бунинг иложи йўқ. У бунинг ҳам имконини топди. Яъни, ўғирлик ортидан чўнтагини қаппайтиришни мақсад қилди. Аммо бир ўзи бундай режани амалга ошира олмаслигига кўзи етиб, атрофига ўзи каби меҳнатга тоби йўқ шериклар тўплашга киришди. Тўлқин Лутфуллаев, Шоҳрух Қўчқоров, Тоҳир Абдуллаев ва Оғабек Хидиров билан жиноий тил бириктириб, ўғирлик қила бошлашди. Ўғриларни эса ушлашади, хушлашмайди. Ундайларни ҳамиша муқаррар жазо кутади. 2020 йил 18 августдан 19 августга ўтар кечаси улар Қарши тумани Пахтазор маҳалласида жойлашган «Asl avtotrans» МЧЖга қарашли қурилиши тугалланмаган бинонинг жами саккиз миллион сўмлик тўртта деразасини ўғирлаб кетишди.

Бундан ташқари, Ҳ.Сайфуллаев бошлиқ тўда 2020 йил 2 ноябрь куни соат 22 ларда фуқаро Б.Қодировга тегишли, Қарши тумани Батош маҳалласида жойлашган қурилиши тугалланмаган икки қаватли бинодан 11 млн. 700 минг сўмлик мулкни талон-торож қилишди. Суриштирув давомида тўртта дераза ва сув насоси ҳужжатлаштириб олинган. Улар 2020 йил ноябрь ойининг бошларида яна «Аsl аvтотrans» биноси атрофида пайдо бўлишди ва фуқаро Н.Эл­муродовга тегишли электр токи ишлаб чиқарувчи ускунани ўғирлаб кетишди. Суриштирув давомида мазкур ускуна ҳам ҳужжатлаштириб олинди.

Шунингдек, Ҳ.Сайфуллаев бошлиқ тўда 2020 йил 13 декабрдан 14 декабрга ўтар кечаси Т.Абдуллаевнинг «Нексия» машинасида Қарши туманининг Дашт қишлоғига боришди. У ерда «Нурли йўл файз» МЧЖ ҳовлисига девордан ошиб кириб, ҳар бирининг баҳоси 2 млн. 450 минг сўм бўлган тўртта қўчқорни ўғирлаб кетишди.

Суриштирув давомида «Нишон кўзгу» фермер хўжалигининг Қарши шаҳридаги кушхонасидан ўғирланган қўчқорларнинг териси ҳужжатлаштириб олинди. Кўза кунда эмас, кунида синади. Бу шоввозларнинг сири ҳам фош бўлмай қолмади. Суд ҳукми билан жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинланди. Хусусан, Х.Сайфуллаев, Т.Лутфуллаев ва Ш.Қўчкоровга 4 йил муддатга озодликни чеклаш, Т.Абдуллаев ва О.Хидировга эса иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Т.Абдуллаевга тегишли «Нексия» эса жиноят қуроли сифатида мусодара қилинди.